Бош саҳифа / Маданият / Музработда биттагина

Музработда биттагина

Бугун одамлар яхши даромадга эга бўлиш учун ошхона, ресторан, турли савдо дўконлари қуриб ёки воситачилик қилиб, фаолиятини йўлга қўяётган бир пайтда маънавият ва маърифат учун сармоя тикаётган тадбиркорлар ҳам борлиги қувонарлидир.

Ана шулардан бири Жўра Хурсанов.

— Сурхондарё телеканали орқали “Биттагина китоб олинг” деган видеороликни кўриб, жуда таъсирландим, — дейди тадбиркор Жўра Хурсанов. — Ва бир қарорга келдим. Укаларим билан биргалашиб янги китоб дўкони очишга киришдик. Ҳужжатларни расмийлаштириб, ишни бошладик. Бу ишимизни оила аъзоларим ҳам қўллаб-қувватлашди.

Ўрни келганда айтиб ўтиш жоизки, Музработ туманида китоб дўконининг йўқлиги ўтган чорак аср давомида турли матбуот саҳифаларида бир неча бор танқид қилинган эди. Ниҳоят, тадбиркор Жўра Хурсановнинг хайрли саъй-ҳаракати билан туманда намунали китоб дўкони бунёд этилди. Яхши ният билан дўконга “Китоблар дунёси”  деб ном берилди.

Одатда китоб дўконларида концелярия маҳсулотлари ҳам сотилади. Аммо “Китоблар дунёси”да бундай эмас.

— Пойтахтдаги нуфузли нашриётлар билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси тузиб, 500 номдаги икки мингдан ортиқ янги китоблар олиб келдик, — дейди Жўра Хурсанов. — Келгусида бу ерда китобхонлар, ижодкорлар билан учрашувлар, китобхонлар конференцияларини мунтазам ўтказиб бориш ниятидамиз. Шу мақсадда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими ва Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Бу биз учун ҳам мактаб ва коллеж ўқувчилари учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, ёшларни китобхонликка ўргатиш орқали, мутолаа маданиятини шакллантиришга   озгина бўлса ҳам элимизга маърифат улашишга эришсак, мақсадимизга етган бўламиз.

Дарҳақиқат, ҳали очилганига бир ой тўлмасиданоқ “Китоблар дуёси” харидорлар билан гавжум. Биз қисқагина суҳбат қилгунча, туман халқ қабулхонаси, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши фаоллари, мактаб ва коллеж ўқувчилари ўнлаб номдаги ки-тоблар билан танишиб, харид қилишди. Ўйлаймизки, тумандаги ягона китоб дўкони келгусида барча ёшдаги китобхонларнинг энг севимли масканига айланади.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan