Бош саҳифа / Жамият / Мўжизалар яратгайдир бу қўллар

Мўжизалар яратгайдир бу қўллар

Касбу ҳунар инсоннинг зийнатидир. Халқимизнинг тафаккур хазинасида “Ҳунарли — хор бўлмас”, “Ақл кўпга етказар, ҳунар — кўкка”, “Баракат — мағизда, ҳунарли қўл — оғизда” каби минглаб ибратли мақоллар борки, инсонни ҳунарли бўлишга ундайверади.

Бу чорловлар аслида болалик кезларимиздаёқ жаранглаган, кексаларнинг насиҳатлари, ҳаётий сабоқлари орқали қалбимизга муҳрланган. Йиллар ўтиши билан қизиқиш ва лаёқатимиз бирор касбни танлашга, уни пухта ўрганишга рағбат уйғотади.

Аслиддин Холматов — Ангор иқтисодиёт коллежининг ўқувчиси. Бир неча йиллардан буён сариқ тол хивичидан турли кўринишдаги саватлар, буюмларни тўқиб, кўргазмаларда иштирок этади. Коллежни тамомлагач тадбиркорлигини йўлга қўйиб, қўшимча иш ўринларини ташкил этмоқчи.

— Сариқ тол хивичларини Тошкентдан олиб келаяпмиз. Хомашёни ўзимизда тайёрлаш имконияти ҳам бор. Туман ҳокимлигига 1 гектар ер сўраб мурожаат қилганмиз. Агарда ерни тезроқ ажратиб беришса, сариқ тол новдаларини қадаб, парваришлаган бўлардик. Айтишим керакки, хомашёни кўпайтирсак, сариқ толдан мебеллар ясашни ҳам ўзлаштиришимиз мумкин. Ташаббусимизни қўллаб-қувватлашса, бу ҳунарни кўплаб ёшларга ўргатиб, уларни иш билан ҳам таъминлаган бўлардик.

Термиз шаҳридаги З. Бобур номли истироҳат боғида касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг амалий ташаббуслари ва ишларига бағишланган “Касб йўналишлари бўйича тайёрланган маҳсулотлар” вилоят кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда вилоятимиздаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўзлари тайёрлаган, яратган маҳсулотлар ҳамда хизматларини намойиш қилишди. Улар орасида халқ амалий санъати, дизайнерлик, кулолчилик, ошпазлик, темирчилик, дурадгорлик каби ҳунарларни эгаллаган ёшларимиз ўз қўллари билан тайёрлаган ишларни тақдим этдилар. Ҳар бир маҳсулотда янгиликка бўлган интилиш, маҳорат ҳамда нозик дидни пайқаш мумкин. Энг муҳими, бу ишларда ижодий ёндашув ва ранг-баранглик устувор аҳамиятга эга.

Танловнинг очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова кўргазмалар билан яқиндан танишиб, барча ёшларга омадлар тилади. Ўқувчи-ёшларимизнинг бой тарихий меросимизга, миллий қадриятларимизга қизиқишини ошириш, уларни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, касбий маҳоратини юксалтиришга қаратилган мазкур танлов кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Якунда ғолиблар вилоят касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Уларга қараб, “Мўъжизалар яратишга қодир қўлларингиз мудом элу юрт хизматида бўлсин” дегимиз келди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE