Бош саҳифа / Жамият / Мўъжизакор Бойсун

Мўъжизакор Бойсун

меҳмонларни ўз бағрига чорлайди

Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Бойсун туманидаги хушманзара Паданг қишлоғида анъанавий “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали бўлиб ўтади.

Дастлаб, фестиваль доирасида 27 апрель куни Термиз давлат университетида “Бойсун – моддий ва номоддий маданият бешиги” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унда қадим юртнинг тарихи, нафис ва бой маданий меросининг дунё тамаддунида тутган ўрни, шунингдек, Бойсун миллий ҳунармандчилиги, этнографияси ва археологиясини ўрганиш, ҳудудда ту-ризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади.

Асосий тадбирлар 28-29 апрель кунлари сўлим гўшанинг Паданг қишлоғида бўлиб ўтади. Бугун қишлоқда ҳар йилгидан ўзгача тайёргарлик кўрилиб, республикамизнинг турли ҳудудларидан ҳамда келиши кутилаётган 20 дан ортиқ давлатлар меҳмонлари учун зарур барча шароитлар яратилмоқда.

Фестиваль кунлари барча қулайликларга эга асосий саҳнада республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик халқ ансамбллари ва бадиий жамоалар, иккинчи саҳнада эса вилоятимиз шаҳар ва туманларининг 16 та бадиий жамоаси ўзаро беллашади. Унда ҳар бир жамоа миллий либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрлаган ноёб санъатини намойиш этади.

Бундан ташқари, фестивал доирасида бахшилар кўрик-танлови, кураш мусобақалари ҳамда тош кўтариш, арқон тортиш, варрак учириш каби қизиқарли халқ ўйинлари, хўрозлар, қўчқорлар жанги ҳам ташкил этилади. Шунингдек, миллий либослар, таомлар ҳамда ёш рассомларнинг ижодий кўргазмалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан турли акциялар, ёшлар бекатларини ўтказиш учун ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда.

Миллий қадрият ва анъаналаримиз тараннум этиладиган фестивалнинг янада завқли ўтишини таъминлаш учун тунги ёритиш чироқлари, тўртта уяли алоқа компаниясининг янги ускуналари ўрнатилиб, автомобиллар турар жойи барпо этилди. Байрам ўтадиган майдонда 100 дан ортиқ ўтовлар тикилиб, ҳудудда косиблар, ҳунар- мандлар, ошпазлар каби 10 га яқин овуллар ташкил этилади. Айниқса, болалар овулида вилоят қўғирчоқ театри жамоаси томонидан ҳавола қилинадиган қизиқарли дастурлар болажонларга завқ улашади.

Яна бир янгилик.  Фестивалда республикамиздаги таниқли хонандалар билан бирга Тожикистон халқ артисти Шарофат Рашидова бошчилигидаги “Падида” театри жамоаси, Афғонистон Ислом Республикаси таниқли хонандалари Абдумажид ва Абдурауф Адлхуийлар иштирок этади. Шунингдек, фестивалга тожикистонлик машҳур хонанда Шабнам Сурайёнинг ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.

Қадриятлар байрами бўлмиш ушбу тантанада Бойсун заминидан 6 та ҳаво шари кўкка кўтарилиб, кечқурунги тадбирда баланд тоғлар атрофида гулхан ёқилиб,  мушакбозлик ҳам ўтказилади. Ҳайратомуз томошаларга бой ўтиши кутилаётган “Бойсун баҳори” сизни чорлаб қолади.

Ф.УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE