Бош саҳифа / Жамият / Мувозанат дунёси

Мувозанат дунёси

Кечанинг мувозанати кундуздир. Совуқнинг мувозанати иссиқ. Ёмоннинг мувозанати яхши. Кулгининг мувозанати йиғи…

Борлиқдаги ҳар бир мавҳум ва зоҳир зарра яна қайсидир зарра билан мувозанатда.

Юк халтаси оғир отахон мендан Термиз шаҳрининг нотаниш бир кичик кўчасини сўради. Ўғли шу йил университетга ўқишга кирган. Уч кун аввал телефонда кўча номини айтган-у, телефон рақамини “янгилагач”, огоҳлантиришни ёдидан фаромуш қилган. Ота юк билан ўғли айтган кўчани излаб юрибди. Ёрдам беролмаганимдан кўнглим хира бўлиб, йўлимда давом этдим. Фарзандга кўрсатилган эътибор – келажакка тикилган сармоя. Бу жараён минг йиллардан буён ота-боболар ортмоқлаб келаётган мерос. Оталик ва болалик ўртасидаги мувозанат.

Тонгда боришим керак бўлган манзилга ўз вақтида улгуриш ва табиатни ҳис этиш мақсадида саҳар мардонлаб пиёда йўлга чиқаман. Келажакнинг соғинчи, завқи тобора ошиқтиради. Кўчада итларга дуч келаман. Қорин дардида кезинади. Чиқинди тўкилган нуқталарга бир-биридан олдинроқ бориш ниятида тонгни бесабрлик билан кутиб олишади, гўё. Кўринишидан уларни ҳаёт ва муҳтожлик исканжасига олган. Ичимдан ўй ўтади: умрига сармоя тикиш пайтида булар тонгни энг охирида кутиб олишган бўлса керак. Бугун тонгни ҳаммадан олдин, ҳаловатсиз қаршилаши ўша кунларнинг мувозанати.

Оила, ўтмиш, бугун ва келажак туташган манзил. Ишхонамиз, оиламиз, маҳалламиз… фаолиятимиз билан боғланган жамоавий таркиблар қандайдир маънода оиламиз. Ватан эса энг катта оиламиз.

Болалигимда уйимизнинг “эрта”си учун пешонам терлаб, арзигулик иш қилмаган бўлсам, ўша куни кечки овқатни эмин-эркин ея олмас эдим.

Автобусда ўрнимдан туриб қарши олганим йўловчига эса ватандошлигим учун жой бўшатаман.

Бугун юртимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибор – келажакка тикилаётган сармоя. Интернет кафеларда, телефонда, кўчада умрининг олтин лаҳзаларини ҳавога совураётган ёшларни кўриб юк халта кўтарган отанинг олдидаги қарз ва “мувозанатни бузган”лар ёдимга тушади.

Қум соатдаги зарралар жуда ҳам кўп. Уларни бир-биридан фарқлаб бўлмайди. Лекин, улар фарқли, албатта: ҳажми, шакли, товланиши… Зарралар тепадан пастга тушар экан, ҳар бирининг ўз ўрни бор. Борган сари тепадаги зарралар тугаб, фақат бўшлиқ қолади. Бу умр билан боғлиқ. Ҳеч бир лаҳзани шунчаки яшаманг! Ўтмиш ва келажакнинг мувозанатини бугунимизга тикилаётган сармоя белгилайди. “Катта Оиламиз” эса оғир юк халтани елкалаган отахон мисол бизнинг ташвишимизда юрибди.

Наргиза ОДИНАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan