Бош саҳифа / Маданият / Мутолаа – маънавий эҳтиёж

Мутолаа – маънавий эҳтиёж

Китоб, бадиий адабиёт ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Замона ҳар қанча эврилмасин, барибир китобга бўлган эҳтиёж сира сусаймайди. Тарихдан аёнки, ота-боболаримиз ҳатто нонга аталган пулларини тежаб  китоб харид қилганлар.

Хазинада олтин тўла сандиқ қолиб, китоб солинган сандиқни елкасида кўтариб чиққанлар.

Шунинг учун Ғарб уйқуда эканлигида Шарқда камол топган алломалар ўзларининг ақл машъали билан бутун дунёни ёритган.

Бебаҳо хазинага интилиш бугунги кунда ҳам зарур маънавий эҳтиёжга айланган. Юртимизда китоб мутолаасига эътибор янада кучайгани, китобхонлик маданиятини оширишга доир қарор қабул қилингани нур устига нур бўлди. Юртбошимизнинг “Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларни кўпайтириш керак” деган сўзлари ҳар биримиз учун ёрқин йўлни бошлаб берди. Бу савобли иш узоқни кўзлаб ташланган қадамдир.

Алломалардан бири: “Инсоннинг буюклиги унинг бўйи билан ўлчанмаганидек, мамлакатнинг буюклиги аҳоли сони билан ўлчанмас” деган эди. Дарҳақиқат қайсики мамлакатда илм-маърифатли ва зиёли кишилар кўп бўлса, тараққиёт  шу қадар юксалади.

Ўқувчилик, талабалик пайтимизни эслайман. Китоб биз учун ноёб  совға эди. Туғилган кунларда, байрамларда бир-биримизга китоб туҳфа қилардик. Ўқи-мишли, юксак дид ва бадиий жиҳатдан мукаммал китоблар қўлма-қўл ўқиларди. Сўнг ўша асар ҳақида соатлаб баҳслашардик. Шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда бу фикр-ларим кимгадир эртакдек туюлар эҳтимол.  Аксарият ёшларимиз ўзларига керакли маълумотларни телефон, компьютер, интернет тармоқларидан тез топишади. Улар бадиий асарларни электрон кутубхона орқали ўқиб, ўзлаштирмоқда. Аммо, ҳеч бир манбаа китоб ўқиш завқини бера олмайди. Ишонинг, ўзга сайёрада яшашга тўғри келса-ю мендан: “ўзинг билан нима олиб чиққан бўлардинг” деб сўрашса, албатта китоб деб жавоб берган бўлардим.

Китобга ошнолик, мутолаага қизиқиш аввало оиладан бошланади, десак сира муболаға бўлмайди. Чунки оила бирламчи маънавият ўчоғидир. Инсонда дунёқараш, феъл-атвор, одоб-аҳлоқ фазилатлари сингари китоб ўқишга одатланиш ҳам оилада шаклланади. Уйига китоб, газета кўтариб келиб, мутолаа қилган ота ёки онани кўрган болада ҳам китоб, газета мутолаа қилишга иштиёқ пайдо бўлади. Демак, бу борада ота-оналар ўрнак бўлиши керак.

Китоб мутолааси инсонни маънавий баркамолликка етаклайди.  Китоб билан ҳамроҳлик кўнгилдаги хасталикларни даволар, ғам-ғуссани, ташвишларни унутишга ҳам ёрдам бераркан. Жомий ҳазратлари айтганларидек:

Жаҳонда китобдан
яхши ёр бўлмас,
Давр ғамхонасида
ғам-ғусор бўлмас,
Ёлғизлик кунжида
ундан ҳар қачон,
Юз роҳат етар,
лек озор бўлмас.

Хуллас, инсон нон ейишга, сув ичишга қандай эҳтиёж сезса, китоб ўқишга ҳам шу қадар эҳтиёж сезади. Аслида ҳам ботиний илҳақлик маънавий эҳтиёж соғинчидир.

Гулнора АЛИМАТОВА,
ТерДУ катта
ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маданий бойликлар тўхтатиб қолинди

“Айритом” чегара божхона постига кириб келган хориж фуқароси А.Ш. назоратдан ўтказилганда, унга тегишли бўлган сумка …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE