Бош саҳифа / Таълим / Мутолаа – ҳаётни танитади

Мутолаа – ҳаётни танитади

Огайо штати университети олимлари инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлашини таъкидлайди. Шунингдек, улар мутолаа ҳаётдаги тўсиқларни ҳам енгишга ёрдам беради, деб ҳисоблашади.

Бу нафақат илмий хулоса, балки айни ҳаётий ҳақиқат ҳамдир. Фақат бу жараённи кичик ёшданоқ бошлаш самара беради.

Бунда энг аввало оилада ота-онанинг намунаси етакчилик қилса, кейинги босқич мактабда бошланғич синф ўқитувчиларининг зиммасига тушади. Негаки, бола мактабда илк саводини чиқаргач, китобни мустақил ўқий ола бошлайди. Аммо болаларнинг табиати инжиқ, уларни бевосита китоб мутолаасига қизиқтириш осон эмас. Ана шу нуқтада бошланғич синф ўқитувчисининг не чоғлик устозлиги, маҳорати ўзини намоён қилади.

Фаолиятим давомида бошланғич синф ўқувчиларига “Ўқиш”, “Одобнома” дарслигидан ташқари қўшимча адабиётлар, уларнинг ёши ва руҳиятига мос китоблар ўқишини тавсия қиламан. Масалан, бирор бир эртак ёки болалар энциклопедияларидаги мавзулардан бирини кўргазмали тарзда ўқувчиларга сўзлаб бераман. Ёки эртакнинг энг қизиқ жойига келганда китобни ёпаман. Эртакнинг давомини топиб, ўқиб келган ўқувчини эса алоҳида рағбатлантираман. Шу тариқа ўқувчилар кейинги синфга ўтишганда адабиётларнинг мазмуни мураккаблашиб, воқеалар ривожланиб бораверади. 3-4-синфларда эса бош қа халқлар эртакларини тавсия этаман. Улар асосида ҳатто, ўқувчилар билан бирга эртаклар асосида саҳна кўринишлар тайёрлаймиз. Унда роль ўйнаётган энг тортинчоқ ўқувчимнинг ҳам ўзига ишончи ортади, жонланади. Ўртоқлари билан бирга эртак ўйинига берилиб кетади.

Энг муҳими, бу жараёнларда ўқувчи қаҳрамонлар образига сингиб кетади. Уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлади. Бу эса уларнинг ҳаётда бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунишига, равон нутқ, бой тасаввурнинг шаклланишига ёрдам беради.

Малика ХОЛНАЗАРОВА,

Денов туманидаги 79-умумтаълим

мактаби бошланғич синф ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE