Бош саҳифа / Маданият / Мусиқа ҳақида алломалар нима дейишган?

Мусиқа ҳақида алломалар нима дейишган?

Қадимий маданият ўчоқларидан бири бўлган Ўрта Осиёда яшаган халқлар жаҳон фани ва маданияти хазинасига салмоқли ҳисса қўшганлар. Улар мусиқа маданияти соҳасида ҳам жуда бой қадимий меросга эга.

Ўрта Осиё халқларининг мусиқа маданияти тарихига доир қадимий ёзма манбалар ва археолог олимлар томонидан топилган ёдгорликлар бунинг яққол далилидир.

Буюк файласуф олим, ўрта аср Шарқ мусиқа назариясининг асосчиларидан бири Абу Наср Муҳаммад Фаробийдир. Аллома ажойиб мусиқачи ва мусиқа назариячиси ҳам эди. У ўз даврида мавжуд ҳамма мусиқа чолғуларини чалишни билган. Айниқса, куйларни най ва танбур чолғуларида катта маҳорат билан ижро этган.

Баъзи манбаларда кўрсатилишича ,Фаробий қонун чолғусини ихтиро этган, ўша даврларда машҳур бўлган уд созини такомиллаштиришда жуда катта ишлар олиб борган. Фаробий ўзининг мусиқага бағишлаган рисолаларида Шарқ мусиқа назариясини асослаб берди.

Абу Али ибн Сино ҳам Ўрта Осиёдан чиққан улуғ олим, файласуф, табиатшунос, машҳур табиб бўлиш билан бирга ажойиб мусиқа назариячиси ҳам эди. Ибн Синонинг “Китабуш-шифа”, “Донишнома” каби асарларининг мусиқага доир қисми ва “Рисалатун фи-илмил-мусиқий ” каби рисолалари Абу Наср Фаробий асарлари қаторида жаҳон мусиқа фани ва маданияти тарихида алоҳида ўрин тутади.

Ибн Сино мусиқа ҳақида махсус илмий-назарий асарлар ёзиш билангина чекланмади, балки мусиқага бағишланган асарларини тиббиёт китобларида ҳам акс эттирди.

Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари”китобида бир ўринда мусиқанинг руҳий таъсир кучига баҳо бериб, гўдакнинг тарбиясидаги аҳамиятини шундай таърифлайди: “Гўдакнинг организми чиниқиши учун икки нарса зарур: бири уни аста қимирлатиб тебратиш, иккинчиси эса онанинг қўшиғи (алла)дир. Биринчиси боланинг танасига, иккинчиси руҳига тегишлидир”.

Абу Бакр Бухорий-Калободий мусиқа товушлари-нағмаларни таърифлаб, уларни “жон қуввати ва руҳ озиғи турур. Агар жон нағмадан қувват топса, ўз мақоми сари ишроф айлайди, ул мақом ила машғул бўларди”, деб ёзади. Демак, мусиқа инсонга маънавий озуқа бўлиши билан бирга уни тарбиялашда ҳам аҳамиятли экан. Чунки, руҳи тетик ва баркамол киши ўзида яхши инсоний фазилатларни мужассам эта олади.

Зулфия МАМЕДЯРОВА,
Жарқўрғон туман 5-умумтаълим
 мактаби мусиқа фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият фестивали

Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE