Бош саҳифа / Маданият / Муштарак мақсадлар олтин кўприги

Муштарак мақсадлар олтин кўприги

ЮНЕСКО, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда республика вазирликлари ҳамкорлигида “Ўзбекистон: буюк йўллар ва цивилизация чорраҳаси” ҳафталиги ташкил этилди.

Ҳафталикнинг иккинчи куни — 23 августда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан фан ва маданият арбоблари, тарихчилар, археолог-олимлар, таржимон ва журналистлар Термиз шаҳрига ташриф буюришди. Меҳмонлар бир кун олдин Тошкент шаҳрида республика Тасвирий санъат галереясида ташкил этилган Далварзинтепадан топилган Кушон даври олтин зеб-зийнатлари кўргазмаси таъсирида Термиз шаҳри ва бу ердаги тарихий обидаларни кўриш иштиёқида эдилар.

Термиз шаҳридаги санъат саройида ташкил этилган. “Ўзбекистон — цивилизациялар чорраҳаси” анжумани барчада катта таассурот қолдирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдулҳакимов, Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази профессори, кўп йиллардан буён Сурхондарёдаги тарихий обидаларда археологик қазиш ишларини олиб бораётган Пьер Лериш, Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти директори Шокир Пидаев ва бошқалар сўзга чиқишди.

Вилоят ҳокими Т. Боболов анжуман қатнашчиларини қизғин муборакбод этди. Вилоятда тарихий ва археологик обидаларни ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Анжуманнинг расмий қисми тугагач, иштирокчилар учта: “Қадимги давр билан мулоқот маданий тараққиётнинг омили сифатида”, “Эллинизм даври: Ғарб ва Шарқнинг Марказий Осиё юрагида учрашуви”, “Кушон салтанати: антик цивилизациянинг буюклиги” каби шўъбаларга бўлиниб, жами 30 дан кўпроқ маъруза тингладилар. Видеофильм ва роликлар, ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.

Эртаси куни халқаро анжуман қатнашчилари эллинизм даврига оид Кампиртепада, Кушонлар даврига оид будда эҳроми — Фаёзтепада, Термиз археология музейида бўлишди.

Биз анжуман пайтида бир қанча хорижлик олимлар билан мулоқотда бўлдик. Париждаги Франция Темурийлар жамияти аъзоси, таниқли археолог-олима Брессанд Федерика хоним қуйидагиларни айтди:

— Мен 1988 йилдан буён Термиз шаҳрида бир неча бор бўлдим. Чунки Термиз Амир Темур салтанатида муҳим ўрин тутган шаҳар. Амир Темур Ғарбга ва Ҳиндистонга қилган бир неча юришларида Термиздан ўтган. Бу ер саидларига ва қўшинларига таянган.

Термизни ҳар кўрганимда, бу ерда рўй бераётган янги ўзгариш ва қурилишлардан ҳайратланаман. Термизлик археологлар билан қалин дўстман. Айниқса, жонкуяр археолог-олим Тўхташ Аннаевни яхши кўраман. У бир неча марта Парижда — менинг уйимда ҳам бўлган.

Анжуман юқори савияда ташкил этилаяпти. Биз-барча хорижлик олимлар Ўзбекистон раҳбариятининг бундай эзгу ишларини қўллаб-қувватлаймиз ва хурсандмиз.

— Муҳим мавзудаги бу халқаро фестиваль-конференцияни эшитиб, Швеция пойтахти-Стокгольмдан учиб келдим. Чунки Швеция фуқаросиман, — деди ҳуқуқшунослик фанлари доктори Саид Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. — Термизга илк бора 1978 йилда келган эдим. Асли келиб чиқишимиз Афғонистондан. Ҳозир Термизда Кушонлар даври мавзусига оид маърузаларни тинглаб туриб, Афғонистонда толибонлар томонидан Бомиён ва Жалолободда бузиб ташланган будда ёдгорликларини эсладим. Айниқса, Жалолободдаги будда ҳайкали ғоят гўзал ва улуғвор эди. Эсиз. Қанийди, тинчлик бўлса-ю, Афғонистонда ҳам Кушонлар даврига бағишланган шундай анжуманлар ташкил этилса. Ахир, Кушон давлатининг энг катта ҳудуди Афғонистонга тўғри келади-да.

Бу ерга келганимдан ва анжуман ишидан жуда хурсандман. Барчаси учун Ўзбекистон ҳукуматига, вилоят раҳбарларига катта раҳмат.

Термиздаги икки кунлик анжуман ниҳоясига етди. Ҳафталик иштирокчилари 24 август куни Самарқанд шаҳрига йўл олишди.

М.АЗИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Афсонага айланган ҳақиқат

Кўпчилигимиз айни ёз вақтида ажойиб оромгоҳлар ва бетакрор манзаралару археологик ёдгорликлардан баҳраманд бўлиш учун хорижий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE