Бош саҳифа / Жамият / Мурожаатлар эътиборда

Мурожаатлар эътиборда

Жорий йил мамлакатимиз аҳолиси учун чин маънодаги мулоқотлар ва инсон манфаатлари йили бўлди, дейиш мумкин. Халқ қабулхоналарига келаётган фуқаролар билан суҳбатлашаркансиз, муаммолар қисқа фурсатларда ўз ечимини топаётганлигининг гувоҳи бўласиз.

Буни Қумқўрғон тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Тумандаги мутасадди ташкилотлар иштирокида, соҳалар кесимида келиб тушаётган ариза, шикоят ва таклифлар тезкорлик билан ўрганилиб, чора-тадбирлар белгиланмоқда.
2017 йилнинг биринчи чорагида 323 нафар жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатлари рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 125 та ёзма ва 198 таси оғзаки мурожаатлардир. Шу жумладан, Халқ қабулхонасида туман ҳокими, прокурор, ички ишлар бўлими бошлиғи, суд органлари раҳбарлари, бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддиларининг иштироки ҳам таъминланган.

Келиб тушаётган мурожаатларнинг дастлабки таҳлилидан шуни кўриш мумкинки, уларнинг аксарият қисмини жисмоний шахслар ташкил этиши баробарида ижтимоий соҳаларга тўғри келмоқда. Сув, газ, электр таъминоти ва коммунал тўловларни ҳисоблаш масаласида 96 та мурожаат бўлганлиги ушбу йўналишда ҳали анча-мунча муаммолар борлигини айтиб турибди.
—Мурожаатларнинг 119 таси ёки 36 фоизи қисқа муддатларда қаноатлантирилди. Тумандаги “Жозиба“ маҳалласида яшовчи нафақахўр Собира Жўраева турмуш ўртоғи Ўрол Жўраевнинг 2007 йилдан буён биринчи гуруҳ ногирони эканлиги, шунча йилдан бери ногиронлик аравачаси ололмай келаётганлиги, тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан мурожаатлари эътиборсиз қолдирилганлиги юзасидан шикоят қилган эди. Вилоят “Соғлом авлод“ жамғармаси орқали Ўрол Жўраевга бир дона ногиронлик аравачаси олиб берилди. Шунингдек, “Хўжақишлоқ“ маҳалласида яшовчи Эшбўри Маликов ва унинг турмуш ўртоғи биринчи гуруҳ ногиронлари бўлишига қарамасдан 2013 йилдан буён маҳалла фуқаролар йиғини орқали маиший газ балони ололмасдан сарсон-саргардон бўлган. Аралашувимиздан кейин унга туман газ ташкилоти томонидан газ балони олиб берилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, Қумқўрғон туман “Саховат“ маҳалласида жойлашган “Шерқул Араб отари“ чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Бозор Юлдошев 6 ойдан буён юқори ташкилотларга қилган мурожаатларига ижобий жавоб ололмасдан, сарсон-саргардон бўлган экан. Аралашувимиздан кейин 2 кун ичида муаммоси ҳал бўлди. “Боғаро“ маҳалласи фуқароси Холбиби Алиқуловага “Туман газ“ корхонаси асоссиз равишда катта қарздорлик келтириб чиқарган. Ўрганиб чиқилганда, истеъмолчининг газдан ҳеч қандай қарздорлиги йўқлиги аниқланди,—дейди Халқ қабулхонаси мудири Атабек Норматов.

Келиб тушган мурожаатларнинг текширув натижаларига кўра, ўз вазифасига совуққонлик билан қараган, фуқароларнинг мурожаатларига бепарволик қилган туман тиббиёт бирлашмасининг кексалар ва аҳолининг муҳтож қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи О. Турдиев, марказий поликлиника бош врачи Ж. Юсупов, кўп тармоқли поликлиника ТМЭК врачи А.Чориев, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари Б. Мардонақулов ҳамда туман бандликка кўмаклашувчи марказ директори Б. Абдуллаевларга нисбатан “хайфсан“ интизомий жазоси тайинланган. Шунингдек, “Нурли диёр“ маҳалласи фуқароси Нурмамат Алимов томонидан Қумқўрғон туман ҳокими спиртли ичимликлар билан савдо қилиш (чакана) ҳуқуқини берувчи лицензия беришни пайсалга солаётганлиги хусусидаги мурожаати қонуний тартибда кўриб чиқиш учун туман прокуратурасига юборилган.

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги“ мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE