Бош саҳифа / Жамият / Мурожаатлар эътиборда

Мурожаатлар эътиборда

Давлатимиз томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга берилаётган эътибор аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли равишда ҳимоя қилишга қаратилгандир. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида ариза, таклиф, шикоят каби асосий тушунчалардан ташқари электрон мурожаат, аноним мурожаат, мурожаатнинг дубликати, оммавий қабул видеоконференцалоқа ҳамда давлат иштирокидаги ташкилот каби тушунчалар ҳам киритилди.

Қонун ҳужжатларидан маълумки, такрорий мурожаат айни бир мурожаатчидан келиб тушган, унинг аввалги мурожаати юзасидан ташкилот томонидан қабул қилинган қарори устидан шикояти ёки мурожаатни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаганлигидан норозилиги баён этилган мурожаатга айтилади. Буни мурожаатнинг дубликатидан фарқлаш муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, мурожаатнинг дубликатида айни бир жисмоний ёки юридик шахс мурожаатининг кўчирма нусхаси берилади. Яъни, мурожаат муаллифи мурожаат бўйича тегишли ташкилотдан жавоб олмай, унинг қарорини билмай туриб, ўша мурожаатнинг кўчирма нусхасини такроран тақдим этиши тушунилади.

Бундан ташқари, қонуннинг 26-моддасида мурожаат этувчини эшитиш ҳам назарда тутилган. Бунда, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини эшитишга экспертларни, мутахассисларни ва манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини ҳам жалб этиши мумкин.

Қонунга киритилган яна бир муҳим янгилик, агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса, мурожаатчига такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиб, кўриб чиқишни тугатиш мумкин.

Қонуннинг 38-моддасида мурожаатлар тўғрисида қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мурожаат этувчиларнинг қонуний талабларининг ҳал этилишига, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилмоқда.

Статистик ҳисоботларга кўра, жорий йилнинг шу даврига қадар жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судига ариза билан мурожаат қилган жисмоний шахслар мурожаатларининг аксариятини ўтган йиллар мобайнида чиқарилган суд қароридан ёки иш ҳужжатларидан нусха бериш ташкил этмоқда. Бу эса давлат органлари томонидан суд қарорларининг ўз вақтида фуқароларга топширилмаганлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланмаганлигини кўрсатмоқда.

Ана шу муаммоларни бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга кенг шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ-3250-сонли қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш асосий вазифа қилиб, белгилаб олинди. Ана шу вазифаларнинг ижросини таъминлаш, фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб Олий суд веб-сайтида суд қарорларини эълон қилиш юзасидан дастурий таъминот судлар фаолиятига тўлиқ жорий этилди.

Бу фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчиликларининг олдини олиш, ўзларига тааллуқли бўлган суд қароридан (ёпиқ суд мажлисларида чиқарилган суд қарорлари бундан мустасно) Олий суднинг веб-сайти орқали фойдаланиш имконини беради.

Ш. ҚОДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди девонхонаси мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

АФСОНАЛАР ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНМОҚДА

Ёшлар кунида  Ангор туман давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan