Бош саҳифа / Жамият / Мурожаатлар ечим топди

Мурожаатлар ечим топди

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати  томонидан  жорий йил 11-13 сентябрда вилоятимизда сайёр  қабул кунлари  ўтказилди.

Сайёр қабулда  Президент девонининг масъул ходимлари,  республиканинг олий суди ва олий хўжалик суди, олий ва ўрта махсус таълим, фавқулодда вазиятлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, мудофаа, адлия, меҳнат вазирликлари, давлат солиқ қўмитаси ва бошқа тегишли бошқарма ҳамда идораларнинг раҳбар-ходимлари иштирок  этишди. Сайёр қабуллар давомида Президентимизнинг виртуал қабулхонасига вилоятимиз аҳолиси томонидан бориб тушган мурожаатлар ҳудудлар кесимида кўриб чиқилиб, ўрганилди.

Шеробод тумани  марказидаги  истироҳат  боғида  Бойсун, Қизириқ, Шеробод туманлари  аҳолисидан тушган мурожаатлар кўриб  чиқилди.

Мурожаатларда аҳолидан уй-жой қурилиши, тоза ичимлик суви муаммоси, коммунал, транспорт хизмати, энергия таъминоти, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича муаммоларга ечимлар сўралганлиги баён этилди. Мурожаатлар муаллифлари билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилиб, мавжуд муаммоларни ҳокимлик  ва идоралар, тегишли мутасаддилар ўз вақтида ҳал этишлари борасида  зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Президентнинг виртуал қабулхонасига Бойсун туманидан тушаётган мурожаатлар сони ортганлиги, Қизириқ туманидан эса камайганлиги  жойларда мутассаддиларнинг ўз ишига турли даражада ёндошганлигини  кўрсатиши таъкидланди.

— Бугунги  қабулда мурожаатим ижобий ҳал этилганлигидан мамнунман, — дейди шерободлик Ирода Амирова. — Бу каби сайёр қабуллар  раҳбарларнинг ўз ишига янада масъулият билан қарашларига ёрдам  беради. Фуқароларнинг ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга  ўргатади.

Узун туманидаги истироҳат боғида ташкил этилган сайёр қабулда Узун ва Сариосиё туманларидан фуқароларнинг бевосита мурожаатлари тингланди. Қўшимча ўрганишлар талаб этиладиган масалалар эса қатъий тартибда  назоратга  олинди. Фуқароларнинг муаммолари ечимига ўз вақтида етарлича эътибор қаратмаган раҳбарлардан қатъий  жавоблар  ҳам  талаб  қилинди.

— Арзим ечим топгани учун бу каби тадбирларнинг ташаббускори бўлган давлатимиз раҳбаридан миннатдорман, — дейди Узунлик меҳнат фахрийси Ўрол Тўхтаев. — Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан менга ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, эшитиш  мосламаси  берилди.

Денов туманидаги И. Тўраев СИУ ҳудудидаги истироҳат боғида Денов ва Олтинсой, Қумқўрғон туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда эса Жарқўрғон, Шўрчи, Қумқўрғон  туманлари аҳолиси тўғридан-тўғри тегишли идора раҳбарларига ўз муаммоларини айтиб, керакли жавоблар ва амалий ёрдамлар олишга  муваффақ  бўлишди.

Қабулда банк кредитлари ажратиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти тўғрисидаги мурожаатлар акс этди. Сайёр қабул ишитирокчиларининг уй-жой, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер майдонлари, кредит ажратиш, коммунал ва ижтимоий хизматлар борасидаги мурожаатлари ҳам кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш учун туманлар ҳокимлари ва тегишли мутасаддиларга  аниқ вазифа ва  топшириқлар берилди.

ХХХ

Термиз шаҳридаги  Бобур истироҳат боғида бўлиб ўтган сайёр қабулда   Ангор, Музработ, Термиз тумани ва Термиз шаҳридан жами 350дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаатларда уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти, меҳнат ва банд- лик, суд қарорларининг ижро этилиши, соғлиқни сақлаш соҳалари, тадбиркорлик, коммунал хизмат масалаларига тааллуқли эканлиги аёнлашди.

Вилоятимиз бўйлаб ўтказилган сайёр қабулларда кўплаб масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE