Бош саҳифа / Жамият / МУРОЖААТ

МУРОЖААТ

Сурхондарё вилоятида пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш, ҳосилни охирги мисқолигача нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш юзасидан “Зарбдор 30 кун” сафарбарлик эълон қилиш бўйича вилоятимизнинг жамоат ташкилотлари, хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси, диний идоралар, ижодкор зиёлилар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, театр ва санъат аҳлининг
М У Р О Ж А А Т И

Қадрли воҳадошлар!

Вилоятимизнинг барча меҳнаткашлари!

Шу кунларда юртимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам қизғин палла, яъни пахта йиғим-терими ишлари жадаллашмоқда.

Жорий йилда вилоятимиз пахтакорлари, деҳқон ва фермерлари астойдил меҳнат қилдилар. Табиат инжиқликларига қарамасдан ғўзани илғор тажрибалари ва матонатлари асосида парваришлаб, ҳар бир пайкалда етарлича ҳосил етиштирдилар.

Айни пайтда вилоятимизнинг улкан пахта хирмонини бунёд этиш йўлида барча фидойилар йиғим-теримга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Бу йил кўкламнинг чигит экиш учун бирмунча қулай келишини ҳисобга олмаганда, бир текис униб чиққан ғўза ниҳолларининг ривожига саратон ва асад ойларида бўлган кучли ҳарорат ва гармсел салбий таъсир ўтказди. Аммо деҳқонларимизнинг матонатли меҳнати эвазига тўпланган ҳосил сақлаб қолинди.

Далаларимизда белгиланган режани қоплайдиган даражада ҳосил етиштирилди. Бироқ теримдаги кунлик ўсиш шартнома шартларини қисқа муддатларда бажаришга имконият яратган бир пайтда, октябрь ойининг бошидан ҳавонинг салқин келиши барчамиздан терим суръатини янада жадаллаштиришни талаб этмоқда.

Жорий пахта мавсумининг ўзига хослиги шундаки, ижтимоий соҳа вакиллари ҳар йилгидан фарқлироқ пахта йиғим теримига жалб этилмаганлиги қувонарли ҳолдир. Бу эса биздан янада фидоийлик билан меҳнат қилишни ва уюшқоқликни талаб қилади.

Элимизда «Ҳашар — элга ярашар», деган доно нақлнинг фақат бизнинг юртимизда кишиларнинг бир-бирига ғамхўрлиги, қийналганда мадад қўлини чўза олишлик ифодаси эканлигини фахру ифтихор билан эслайлик!

Бутун юрт аҳлини пилла, ғалла, мева-сабзавотлар билан таъминлаётган деҳқонларимиз саноат хом-ашёси бўлган пахта ҳосилидан ҳам режада кўзланган улкан хирмон яратиш учун шижоат кўрсатиб меҳнат қилишди.

Пахта — мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг янада юксалишида муҳим хом ашё, миллий бойлигимиз эканлигини ёдда тутайлик.

Истиқлолимиз туфайли деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилаётган пахта толасининг асосий қисми вилоятимизда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналарида қайта ишланмоқда.

Воҳамизда янгидан бунёд этилаётган текстил корхоналарининг экспорт салоҳияти Сиз азизларнинг бугунги меҳнатингизга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ҳиммати баланд ҳашарчилар!

Бугун йил бўйи қилинган машаққатли меҳнатларимиз натижаси ўлароқ, далаларимизда пишиб етилган пахтани нес-нобуд қилмасдан, қисқа муддатларда йиғиштириб олишимиз зарур. Бу эса нафақат фермер ва деҳқонларимизнинг барқарорлиги, балки мамлакат иқтисодий имкониятларини янада оширади, дастурхонларимиз тўкин, ҳаётимиз фаровон бўлади.

Сурхондарё азалдан мард ва танти, елкаси ер кўрмаган полвонлар юрти бўлиб, меҳнатда ҳам лафзи ҳалоллиги билан ном чиқарган. Шундай экан, ўзини ҳақиқий ватанпарвар, жонажон юртимизнинг жонкуяри ҳисоблайдиган ҳар бир кишининг ўрни далададир.

2017 йил 14 октябрь
Термиз шаҳри

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan