Бош саҳифа / Жамият / Мурожаат: мезон – муддат ва сифат

Мурожаат: мезон – муддат ва сифат

Мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ибратли чора-тадбирлар аслида миллий қадриятларимизга дахлдордир.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, «Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори инсон манфаатларини таъминлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди. Воҳамизда ҳам ушбу қарор ижроси юзасидан Халқ қабулхоналарида маҳаллий ҳокимият, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган.

Жумладан, 2018 йил 1 январь ҳолатига вилоят, туман ва шаҳар Халқ қабулхоналарида жами бўлиб 45376 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари рўйхатга олинган. Жойларда ташкил этилган 277 та сайёр қабулларда эса 12146 нафар фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Ушбу мурожаатларда келтирилган ариза ва шикоятларнинг аксарият қисми, яъни 8799 таси суд-ҳуқуқ, 7116 таси эса сув, газ, электр таъминоти ва коммунал тўловларни ҳисоблаш, 4339 таси эса уй-жой, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш масаласида эканлиги ушбу соҳаларда ҳали ечимини кутаётган масалалар юзасидан жиддий шуғулланиш лозимлигини кўрсатади. Шунингдек, 2017 йилдаги ҳудудлар кесимидаги мурожаатлар сони ўтаётган 2018 йилдагига нисбатан кескин фарқ қилади.

Ўтган йилда вилоятдаги Халқ қабулхоналарига жами 29089 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 21994 таси яъни 82 фоизи қаноатлантирилган бўлса, туман Халқ қабулхоналарида эса фуқаролардан тушган мурожаатларнинг ўртача 73 фоизи ижобий қаноатлантирилган.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида жойларда сектор раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) Халқ қабулхоналари мудирлари ҳамкорликда ўтказилган 616 дан ортиқ сайёр қабуллар жараёнида иштирок этган 14357 нафар фуқароларнинг турли масалаларга оид 8023 та мурожаати қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жойларда камчилик ва муаммоларни ҳал этишда сайёр қабуллар фуқароларнинг вақти, маблағини тежашда, камчилик ва муаммоларни ўша жойнинг ўзида ҳал этилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, вилоят Халқ қабулхонасига қилинган 4671 та мурожаатнинг 4194 таси, яъни 88 фоизи қаноатлантирилган.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган йилга қараганда мурожаатлар сони нисбатан камайган бўлиб, асосан уй-жой, коммунал, кредит, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш ва бошқа масалалар бўйича эканлигини айтиш лозим.

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда давлат ва бошқарув органлари раҳбарлари билан икки асосий мезонга, муддат ва сифатга риоя қилишлари, мурожаатлар синчиклаб кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши шартлигига қатъий амал қилинмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқишда муддат бузилиш ҳолатларига йўл қўйган олти нафар масъул шахсга маъмурий жавобгарлик ҳамда 35 нафар шахсга интизомий чоралар қўлланилди. Бу ҳам фуқароларнинг мурожаатлари ўз муддатида ва сифатли ҳал этилишига жиддий эътибордан дарак беради.

Халқ қабулхоналари томонидан фуқароларнинг мурожатлари бўйича доимий тарзда мониторинг ва таҳлиллар ўтказилиб, уларда келтирилган муаммо ва таклифлар ижобий кўриб чиқилиб ҳамда натижаси бўйича тегишли давлат органи ва ташкилот раҳбарларига таклиф ва тақдимномалар киритилиб борилмокда. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида фуқароларнинг дарду ташвиши, муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари ётади!

Абдулҳаким ЭШМУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг Сурхондарё
вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan