Бош саҳифа / Жамият / Мураббийлар устози

Мураббийлар устози

Инсонни мактаб, дорилфунун, китобдан ташқари, тарбиялайдиган, тўғри йўлни кўрсатадиган яна бир омил борки,  у китобларда ёзилмаган қонун ва қонуниятларни ўргатади. Бу  ўзининг фаолияти ва ижоди билан доимо кўпларга мактаб бўлиб келган зиёли шахслардир. Ана шундай кишилардан бири Иброҳим Ғафуров.

Иброҳим Ғафуровни 1982 йил “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига уч ойлик амалиётга борганда таниганман. Ўша пайтда газетада бош муҳаррир Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқар Мухтор, бош муҳаррир ўринбосари Иброҳим Ғафуров, масъул котиб Маматқул Ҳазратқуловлар фао лият юритарди. Мени поэзия ва проза бўлими бошлиғи, драматург Абдуқаҳҳор Ибрагимовга бирлаштириб қўйишди. Бу бўлимда эса Муҳаббат Туропова ва эл суйган шоир Ёнғин Мирза ишлашаркан.

Айни ўша кунлари Тошкентда Қорақалпоғистон адабиёти ва санъати кунлари бўлаётган эди. Кўп қатори менга Иброҳим ака қорақалпоқ ёзувчисининг “Ҳуқуқ жўқ эди” деб номланган ҳикоясини таржима қилиш учун берди. Ишдан сўнг ётоқхонага бориб, салкам ярим босма тобоқ келадиган ҳикояни ўзимча таржима қилдим. Душанба куни навбатдаги сон режаси ўтказилиши керак эди. Таржимам маъқул келди, шекилли, ёш қорқалпоқ ёзувчисининг ҳикояси режалаштирилди.

Олиб бориб масъул котиб М. Ҳазратқуловнинг қўлига бердим. У киши кўз югуртиргач, бош муҳаррир ўринбосари кўриб, имзо чекиб берсин, дейишди. Иброҳим ака шундоқ кўз югуртириб, “яхши, раҳмат” дедилар. Тушдан сўнг “машбюро”га борсам, менинг қўл ёзмамни айтиб туриб, машинкадан ёздираётган эканлар.

Чоршанба куни газета чиқди. Биз жамоа билан Қорақалпоғис тон адабиёт кунларига бордик. Кўплар газетада берилган шеърий ва насрий таржималарни мақтаган бўлишди. Кейинчалик ўзим ҳам газетада чиққан ҳикояни қўлёзмамга солиштириб чиқдим. Иброҳим ака уни ниҳоятда нозик тил билан жозибали қилиб ишлаган эканлар.

Яна бир нарса, у киши ёшларга насиҳат қилмас эдилар. Ўрни келгандагина гапни обдон тушунтирардилар. Менинг бир туркум шеърларимни газетада беришмоқчи бўлишди. Шунда Иброҳим Ғафуров хонасига чақириб олиб, менку шоир эмасман, лекин қўлёзмаларингиз анча маъқул келди. Шуни олиб бориб А. Ориповга берсангиз, у киши сўзбоши ёзиб беради, дедилар. Мен айтганларини қилдим. Атоқли шоир машқларимни ўқиб, “оқ йўл” тилади, шеърлар газетада чоп этилди. Ҳар ҳафтада Иброҳим акадан шунга ўхшаш бир сийлов, эсда қоларли йўриқ олардим. У кишининг бу меҳрибонлиги, ҳозиржавоблиги мени жуда ғурарлантирарди. Ҳатто, нега бу одам менга бундай муносабатда бўлаяпти, деган хаёлга ҳам борганман.

Кейин билсам у киши таҳририятда ишлаётган Қулмон Очилов, Ашурали Жўраев, Бекқул Эгамқулов, Гулчеҳра Умарова сингари ёшларга ҳам ана шундай оталарча ғамхўрлик қилар. Демоқчиманки, мураббийлик, арбоблик ўша пайтдаёқ у кишининг қон-қонига сингиб кетганлигига гувоҳ бўлганман. Табиатан жиддий ва ҳалим, ориф инсон бўлган Иброҳим ака хоҳ бадиий, хоҳ илмий мақола бўлсин, уни жуда маҳорат билан таҳрир қилардилар. Шу билан бирга мавзу борасида ўзларидаги бор билим ва маълумотни ана шу мақолага синг- диришга ҳаракат қилардилар.

У киши бутун умрини, фаолиятини адабиётшуносликка, жаҳоннинг энг сара асарларини ўзбек тилига ўгиришга, бу борадаги долзарб муаммоларга ўзининг олимлик ва фуқаролик муносабатини билдиришга ҳаракат қилиб келди. У кишининг жиддий илмий баҳс-мунозарадан тортиб, кичик хабаргача таҳрир ва таҳлил қилишда  масъулият билан ёндашишини бизнинг авлод яхши билишади.

У киши қайси бир ерда ишламасин, қайси вазифани бажармасин, куюнчаклик ва фидойилик билан якунига етказишга ҳаракат қилади. Адабиётшунос олим сифатида у кишининг ўзбек ва жаҳон адабиёти вакиллари ҳақидаги фикрлари, ёшлар ижодига бўлган эътибори ва қаттиққўллиги саксонинчи йиллардаёқ илмий ва адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилганди. Бу фикрларимизнинг исботи олимнинг “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Ям-яшил дарахт”, “Гўзалликнинг олмос қирралари”, “Ҳаё — ҳалоскор”, “Мангу латофат” сингари катта қалб ва ўткир илмий салоҳият билан битилган адабий-бадиий, илмий ва публицистик китобларидир.

Устоз, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг ярим аср дан ортиқ бўлган илмий-ижодий фаолияти, ўзбек матбуотига қўшган ҳиссаси ва таржимонлик захматлари давлатимиз, элимиз томонидан муносиб баҳосини олган. У киши “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони билан тақдирланган. Донишмандлар айтганидек, қанчалик тупроқ, лойқа тагида ётмасин, олтин барибир олтинлигича қолаверади. Ҳақиқий ижод, фидокорона меҳнат, касбига ва элига бағишланган умр ҳамиша ўз нисбасини олган ва шундай бўлиб қолади.

Иброҳим Ғафуров узоқ йиллар давомида ўнлаб шогирдлар етиштирди. Улар бугун баҳоли қудрат турли соҳаларда элига, юртига хизмат қилмоқда. Ул зотни кўрганда шогирдлар эҳтиром билан қўлини кўксига қўйиб, таъзим қиладилар. Мана шунинг ўзи бу ўткинчи дунёда энг улуғ мукофот ва энг олий саодатдир. Президентимиз олимга йўллаган табрик хатларида “Эл-юртимиз Сизни ноёб истеъдоди ва самарали ижоди билан жамиятимизнинг маънавий ва ижтимоий равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган атоқли маърифатпарвар адиб, йирик олим, фаол жамоат арбоби сифатида яхши билади ва юксак қадрлайди”, деган гаплари  бутун ўзбек адабиётшунослари, жонкуярларига, санъатимиз арбобларига бўлган ҳурмат ва эҳтиром рамзидир.

Биз ҳам меҳрибон устозни муборак 80 ёши билан табриклаб, узоқ умр, мустаҳкам соғлик, юксак ижодий парвозлар тилаган ҳолда ҳамиша фарзандлари, набиралари ва шогирдлари ардоғида бўлишини тилаб қоламиз.

Сафар ОМОН, Сурхон тонгимухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan