Бош саҳифа / Жамият / Муқаддас ой туҳфалари

Муқаддас ой туҳфалари

Бизнинг Ватанимизда ёрдамга муҳтож оилалар, кам таъминланган ногирон фуқаролар ҳамиша давлат эътибори ва муҳофазасидадир.

Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 1 майдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарорида бу жиҳатлар алоҳида қайд этилади.

Жумладан,“ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилсин”, дейилади қарорнинг 2-банди 3-хатбошисида.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ва унинг Сурхондарёдаги ҳудудий филиали ҳамкорлигида Термиз шаҳридаги “Мангузар” масжидида хайрли тадбир ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, барча туманлардаги имом-хатиблар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида муборак Рамазон ойи муносабати билан Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари томонидан вилоятимизда расмий рўйхатдан ўтган 108 та масжидга муқаддас Қуръон китоби совға қилинди. Шунингдек, вилоятимиздаги мавжуд туманларда истиқомат қилаётган 100 нафар ночор ва кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар муборак ойда қилинаётган эътибор учун ҳукуматимиздан ва хайрия жамоат фондидан миннатдор эканликларини изҳор этишди.

Айтиш керакки, янги ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди қисқа вақт ичида республика миқёсида миллий ҳамда диний қадриятларни янада мустаҳкамлаш йўлида бир қатор эзгу ва савоб ишларни амалга оширмоқда. Эслатиб ўтамиз, “Вақф” хайрия жамоат фонди Рамазон ойида “Саховат карвони” ташкил этиб, мамлакатимиздаги жами масжидларга 300 минг дона Қуръон китоби ва муҳтож оилалар учун 21 тонна озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE