Бош саҳифа / Жамият / “Муомала маданияти”

“Муомала маданияти”

ёхуд унутилаётган одоб меъёрлари

Учта тушунча замон ва макон танламайди. Булар сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Одамзот яралибдики, ўзаро муносабат жараёнида ана шу уч бирликка амал қилиб келинади.

Бунинг намоён бўлиши ҳар бир халқнинг ўз менталитетига мос ва хос. Ўзаро муносабат, мурожаат қилиш жараёнидаги ўзни тутиш ва фикр алмашувлар муомала маданияти тушунчасида уйғунлашади. Муносабат, мурожаат, мулоқот, мунозара, мубоҳаса, муҳокама, мулоҳаза сингари тушунчаларнинг барчаси муайян миллатнинг тийнатига мос бўлган зийнатлар бўлиб, эстетик меъёрлар, қоидалар билан амалга оширилади.

Ҳаётда кимдир сизни тингласа,ташвишларингизни жон қулоғи билан эшитиб кўмакдош бўлса, унинг оғирингизни енгил қилиш учун шай турганини ҳис этсангиз, бу нақадар бахт. Агар акси бўлса-чи? Умрингизнинг мазмуни йўқдек, яшашдан маъно қолмагандек. Бундай ҳаёт тарзи ҳеч кимга ҳам маъқул келмаса керак. Одам одамга ғанимат, дердилар кўпни кўрган нуронийлар. Демак, мана шундай эҳтиёжмандлик асосида яшашимизнинг ўзида ҳам бир ҳикмат бордек, назаримда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган, юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқ билан очиқ-ошкора мулоқот қилишнинг янгича тизими — Халқ қабулхоналари инс титути ташкил этилганидан кейин халқнинг реал ҳаётидан хабардор бўлиш, одамларнинг кўп йиллик муаммоларини, талаб ва эҳтиёжларини яқиндан ўрганиш, уларни ҳатто жойида ҳал этиш, зарур чора-тадбирларни белгилаб, ижтимоий адолатни таъминлаш имконияти пайдо бўлди.

Секторлар раҳбарлари, жамоатчилик назорати кенгашлари уйма-уй, хонадонма-хонадон кириб халқ дардига малҳам бўла бошлади. Ҳаттоки, энг чекка қишлоқларда ҳам сайёр қабуллар ташкил этилиб, давлат раҳбарига ва бошқа мансабдор шахсларга барча масалаларда тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти яратилди. Менинг айтмоқчи бўлганим эса бугун кимдир бундай бағрикенгликдан ақл билан фойдаланаётган бўлса, бошқалар бунинг аксини қилмоқда.

Аслида, сайёр қабулларнинг ташкил этилишидаги асосий мақсад – Сизу биз халқнинг дардини эшитиш, уларга кўмаклашиш, тадбирли режаларида ёрдамлашиш, уларнинг бахти, камолини кўришдир. Шундай эмас-ми?!

Бироқ сайёр қабулда одамларни тинглаш, уларнинг оғирини енгил қилиш учун келган мутасаддиларга айрим фуқаролар томонидан бўлаётган мурожаатларни эшитиб қаттиқ хафа бўлиб кетаман.

Яқинда вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатовнинг Жарқўрғон туманидаги сайёр қабулида одамларнинг ўзини тутиши, уларнинг мурожаат маданиятини кўриб, дилим ранжиди.

Уч нафар боласи борлигини пеш қилиб, тўрт мучаси соғлом эрининг юраги санчиши, уларни боқа олмаслигини иддао қилиб ҳокимлик томонидан берилган тўрт сотих томорқага уй солиб беришни талаб қилган аёлнинг мурожаатига нима дейиш мумкин?!

Томорқаси ҳудудига қўшнисининг ўтини ва ҳожатхонаси бироз ўтганлигию, унинг бузиб ташланишига ёрдам сўраб келган эркакнинг мурожаати қай даражада ўринли?!

Яна бир забардаст эркакнинг кўп йиллардан бери фойдаланилмаётган масжидга ҳукумат намоз ўқишга рухсат берганию, энди уни таъмирлаш кераклигини таҳоратхона қуриш лозимлиги тўғрисидаги мурожаатигачи?

Яна кимгадир аччиқ қилиб: “Мен Россияда ишлаб топган пулимни қизимнинг сепига мебель олиш учун жўнатган эдим, лекин уни қуда томон бошқа мақсадда сарфлаб қўйибди, устига устак қизимни бир фарзанди билан уйдан ҳайдаб юборишибди!” деган мурожаатини қандай баҳолайсиз?

Бир кириб кўрайчи, нима бўлар экан. Балки бир нимали бўлиб қоларман қабилидаги мурожаатлар сон-саноқсиз эканлигига ачиниб кетасан киши.

Баъзиларнинг “Олдин ҳам учрагандим, учта илтимосимдан иккитаси бажарилди, қолган биттаси ҳамон ечилгани йўқ, бу ердаги ваъдалар хўжакўрсинга эканда…”, деган хулосаларига нима дейсиз?..

Бу мурожаатлар муҳтарам давлатимиз раҳбари кутган — халқ дарди эмас, балки фаросатсизликку, ахир!

Донишмандлар шундай деган экан: “Гўзал савол ва мурожаат илмнинг тенг ярмидир!”

Дарҳақиқат, илмнинг бир қисми савол бўлса, иккинчи қисми жавобдир. Шу иккиси асосида илм шаклланади. Кутилган жавоб бўлиши учун эса онгли ва муносиб савол берилиши керак.

Тўғри, халқимизда “Бола йиғламаса, она сут бермайди”, деган нақл ҳам бор. Бироқ бола йиғисида ҳам маъно бўлади. У оч қолса йиғлайди. Эҳтиёжи битгач, ортиғини сўрамайди?

Аксарият асоссиз молиявий мурожаатларни тинглар эканман яна хафсалам пир бўлади. Ахир, давлат маблағлари ҳавойи нафс ёки кўр-кўрона сарф этиш, ўзни кўз-кўз қилиш учун жамланган эмас. Давлат бойлиги оқар дарё ҳам эмас, ётиб еганга тоғ ҳам чидамайдику. Улардан унумли ва мақсадли фойдаланиш, оқилона харжлаш керак.

Масалан, қайсидир фуқарода тадбиркорликка салоҳият ва ташаббус бор, лекин молиявий жиҳатдан кучсизроқ. Марҳамат! Мурожаат қилсин, ёрдам олсин, тадбиркор бўлсин, фуқароларни иш билан таъминласин. Яна кимдадир дард, ташвиш, муаммо бор, тегишлилиги бўйича жойларга белгиланган тартибда мурожаат қилиб, ечимини тополмаяпти. Марҳамат, мурожаат қилсин, мушкули осон бўлсин, дардига дармон топилсин!

Мана бундай ҳолатларни халқ дарди, ташвиши, дейдилар.

Мактаб директори. Гўзал ва латофатли аёл. Устидан ёзиб тинчини бузаётганлардан шикоят қилади. Ёзаётганлар ғирт туҳматчи эканлигини, ўзининг фариштадек поклигини бот-бот таъкидлайди. Ўзини эр билиб, ўзгани шер билмаётган аёл раҳбарнинг ўзини тутиши нафақат мени, балки шу ерда ҳозир бўлганларни ҳам иккилантириб қўяди. Ҳар икки томоннинг ўртасини ислоҳ қилиш мақсадида “Опа биринчидан сиз раҳбарсиз, таълим-тарбия жараёни тизими қўлингизда, агар айбингиз бўлмаса, ҳеч ким сизга дахл қилолмайди. Бунга мен кафилман, агар қонунни бузиб қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида иш тутаётган бўлсангиз, қонун олдида жавоб беришингизни шахсан ўзим назоратимга оламан, дейди вилоят раҳбари. Йиғилган оломон ва вилоят раҳбари қаршисида ҳар икки томон бир-бирига ёвқараш қилади. “Ҳап сеними шошмай тур”, тарзида бир-бирига ҳезланади.

Уч ўғил ва бир қизи бор онахон даволанишга ёрдам сўрайди. Учта ўғлингиз нима қилади бир сизни даволата олмаса, деган саволга улар ўзидан ортмайди, мени даволатинг бўлмаса, ўлиб қоламан деб, жазавага тушади.

Сайёр қабулга дод солиб кириб келган ҳомиладор аёл қорнидаги боласи тўртинчи ҳомиласи эканлигини, олдинги учта ҳомиладан ажраб қолганлигини айтиб овозининг борича йиғлайди. Шифокорлардан шикоят қилади. Вазият эса унинг фарзанд кўриши ҳаётини хавф остида қолдириш билан баробар эканлигини, шифокорлар бор йўғи унга ўзини эҳтиёт қилиши кераклигини, то кўзи ёригунча шифокор назоратида бўлиши лозимлигини бу эса фарзанди билан ўзи учун муҳим эканлигини айтган бўлиб чиқади. Уч марта ҳам оналик бахтига эришолмаган аёл эса аламзада, бунга атрофдагиларни айбдор деб билади.

Энг ачинарлиси, мурожаат жараёнида вилоят раҳбарига юзланиш асносида йиғлашга тушган аёл эътиборимни тортади.

— Дардингиз нима? — дейди вилоят раҳбари, астойдил ёрдам беришга шайлигини билдириб.

— Тўрт нафар фарзандим бор. Уйим йўқ. Қайнотамнинг уйида уч хўжалик тиқилиб яшаймиз, — азбаройи йиғлаб бошлайди аёл.

—    Йиғламанг, ўзингизни тутинг, сизни яхши тушунишим учун йиғламай гапиринг, — дейди вилоят раҳбари.

— Кароче, менга уй керак, менга арзон уй-жойлардан бирини беринг, турмуш ўртоғим бор. Кунликка ишга чиқади. Бу тарзда ҳеч қачон уйлик бўлолмаймиз.

—    Ҳеч қаерда текинга уй берилади, деган тушунча йўқ, эрингизни бирон жойга ишга жойлаб қўяман, аста-секин уй оласизлар, — дейди Б.Пўлатов.

— Йўқ, мен бу таклифингизга рози эмасман, ҳеч бўлмаса уйнинг бошланғич бадалини тўлаб беринг, — деб баландроқ овозда йиғлай бошлайди аёл. Шу ўринда аёлини раҳбар қабулига киритиб юбориб, ўзи натижасини ташқарида кутиб турган эркакнинг эркаклик ғурури ҳақида ўйлаб қоламан. Ундан туғилган тўрт нафар фарзанд нинг эл корига ярай олишига шубҳаланаман.

Хизмат юзасидан Европа мамлакатларида бўлдим. Ривожланган мамлакатларда қовоқ солиб юриш, хўмрайиш, бир-бирига баланд овозда гапириш муомала этикасига зид ва ҳурматсизлик саналаркан. Айниқса, инглиз, француз ва немислар оддий мулоқотдан олдин, албатта, узр сўраши ва суҳбат охирида миннатдорчилик билдириши, ўзаро суҳбат давомида эса суҳбатдошини майин табассум билан сийлаб туриши мени ҳайратга солди. Бу ҳақидаги таассуротларимни эслаб, ўртаниб кетаман кечиримлилик тинглаш, тушуниш ёхуд тушунтириш, онгли равишда қарор қабул қилиш каби соф ўзбекона инсоний фазилатларимиз қаерда қолмоқда?

Сайёр қабулда вилоят ҳокимлигининг муассислигидаги газеталар муҳаррири сифатида иштирок этар эканман, нима учун боламнинг тафаккурини бойита оладиган китоблар жамланмасини олишга ёрдам беринг, маҳалламиздаги фалон қўли калта ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг оиласига биз шунча ёрдам қилдик, сиз ҳам раҳбар сифатида фалон нарсаларини олишга ёрдам беринг, биз маҳалла фаоллари фалон куни фалондай хайрия тадбирини шахсий ташаббусимиз билан ташкил этдик, илтимос сиз иштирок этсангиз, бошимиз кўкка етарди каби гўзал таклифлар учрамаганига ҳайратланаман.

Аслида энг асосий дардимиз мана шундай эзгу ишларнинг рўёби эмасми?!

Инсонларнинг сурат ва шакллари гўзал қилиб яратилган. Бу ҳикмат уларнинг муомаласи ҳам гўзал бўлишини тақозо қилади. Инсон сурат ва сийратини, ички дунёсини чиройли қилгани сайин комиллик даражасига яқинлашаверади. Одатда киши обрў-эътиборини тил орқали топади. Доно халқимизнинг бу тўғрида “Тилга эътибор, элга эътибор”. “Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”. “Аччиқ тил заҳари илон, чучук тилга жон қурбон”. “Беморга ширин сўз керак, ақлсизга кўз”. “Гапнинг қисқаси яхши, қисқасидан ҳиссаси яхши” каби ҳикматлари бежиз эмас. Зеро, инсоннинг маънавий даражасини кўрсатадиган ҳаёт тарзини енгиллаштирадиган, иш юритишда фойдага асос бўладиган, соғлик-саломатлигини барқарорлаштирадиган асосий омилдир.

Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE