Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Муносиблар ғолиб бўлишди

Муносиблар ғолиб бўлишди

Бугун Сурхон воҳаси халқи ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ҳамда хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида муносиб ютуқларни қўлга киритмоқда.

Буни Термиз туманидаги “Отчопар” майдонида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичи мисолида ҳам кўриш мумкин эди. Унда республикамиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида ибратли ишларни амалга ошираётган 69 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Танловнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж. Мамажонов, вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Р. Пардаевлар сўзга чиқиб, вилоят фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танлов иштирокчиларига зафарлар ёр бўлишини тилашди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Сурхон воҳасида 13250 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти иш юритаётган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 335 миллиард сўм кредит ажратилган. Бу ҳам тадбиркорларга ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин мисолидир. Энг муҳими, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сервис, хизмат кўрсатиш, экспортёр корхоналар сон ва сифат жиҳатидан ўсмоқда. Жорий йилнинг 1-чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришда кичик бизнеснинг улуши 68,2 фоиз бўлганлиги ҳам фикримизнинг далилидир.

Вилоят ҳокими Т. Боболов кўрик-танлов иштирокчилари томонидан ташкил этилган тўқимачилик, тикувчилик, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва маҳаллийлаштириш дастурига кирган маҳсулотлар, миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси билан батафсил танишиб чиқди.

Ниҳоят нуфузли ҳайъат ғолиб ва совриндорларни эълон қилди. Олтинсой туманидаги “Султон шарбати” МЧЖ раҳбари Икром Султонов “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, Денов туманидаги “Денов-Диёрбек-транс” МЧЖ раҳбари Маҳбуба Мирзаева “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, шу тумандаги “Меҳнат-фаровон-ҳаёт” фермер хўжалиги раҳбари Абдусамад Норбоев “Йилнинг энг яхши фермери”, Бойсун туманидан ЯТТ Санобар Арипова “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, шу тумандаги ЯТТ Назокат Собирова “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналиши бўйича биринчи ўринни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани нақд қилишди. Шунингдек, танловда ўндан ортиқ йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, ҳомийлар ва ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Бўлиб ўтган бу танлов Сурхон воҳаси фермерлари, тадбиркорлари ва ҳунармандлари қўлга киритаётган ютуқлар, амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг давлат дастурлари ижросини таъминлашдаги фаол иштироки нақадар муҳим эканлигини намойиш этувчи ва исботловчи тадбир эканлигини яна бир карра амалда кўрсатди

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Воҳа пилллакорлари ютуғи

Вилоят пиллакорлари зафар қучишди. Она Ватан сурхондарёликлардан 1500 тоннадан зиёд “кумуш тола” қабул қилди. Бирин-кетин …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan