Бош саҳифа / Маданият / Муносиб рағбат

Муносиб рағбат

Инсонларни, айниқса, ёшларни тарбиялашда адабиёт ва санъатнинг роли беқиёсдир. Бу асрлар давомида синовдан ўтган, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида халқ ҳаваскорлик театрларининг республика фестивали бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизнинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган ҳаваскорлик халқ театрлари жамоалари ўзларининг қизиқарли репертуарлари билан иштирок этишди.

Республика ёш томошабинлар театрида 2 кун давомида барча театрлар жамоалари ўз маҳоратларини намо-йиш этишди. Шуни айтиш лозимки, театр томошаларида жанри мавзуидан қатъий назар, ҳақиқий ҳакам томошабинлар ҳисобланади. Ўзига хос бу санъат байрамида воҳамиздан  Жарқўрғон туман ҳаваскорлик халқ театри жамоаси Салим Қодиров ва Эркин Норсафар қаламига мансуб “Кафансиз кўмилганлар” драмаси билан иштирок этишганди. Бу саҳна асари пойтахт театрида қўйилганда томошабинлар ва нуфузли ҳакамлар ҳайъати эътиборини қозонди.

Фестиваль якунида Жарқўрғон ҳаваскорлик халқ театри жамоаси томонидан ижро этилган саҳна асари “Энг яхши спектакль” йўналиши бўйича ғолиб деб топилди. Шунингдек, “Энг яхши эркак образи” шу асар ижрочиларидан  бирига насиб этди. Шундай қилиб, республика фестивали якунларига кўра биринчи фахрли ўрин сурхондарёликларга, иккинчи ўрин қашқадарёликларга, учинчи ўрин эса навоийликларга насиб этди. Ғолиблар Маданият вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтиш лозим деб ўйлаймиз. “Кафансиз кўмилганлар” драмаси пойтахт театр саҳнасидан республика олтин фондига ёзиб олинганлиги эълон қилинди. Эндиликда бу асар Жарқўрғон ҳаваскорлик халқ театри жамоаси ижросида республика телеканаллари орқали мамлакат бўйлаб намойиш этилади. Биз эса бундай чиройли ютуқ билан Жарқўрғон ҳаваскорлик халқ театри жамоаси ва асар муаллифи бўлган воҳадошларимизни самимий табриклаб, келгусидаги ижодий ишларига юксак парвозлар тилаймиз.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE