Бош саҳифа / Таълим / Муносиб номзодларни тайёрлаймиз

Муносиб номзодларни тайёрлаймиз

Акмал Раҳмонов Денов туманида ўрта мактабни тамомлаб, вилоятимизда янгидан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Сурхондарё академик лицейи ўқувчилигига қабул қилинди.

Умумтаълим фанлари ва умумжисмоний тайёргарлик синовларидан муваффақиятли ўтган Акмалжон орзулари йўлида биринчи қадамларини ташлади. Бундан унинг ота-онаси ва дўстлари бениҳоя хурсанд. Жорий ўқув йилида академик лицей ўқувчиси бўлган 175 нафар ана шундай ёшнинг қувончи чексиз.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекис тон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари янгидан ташкил этилди. Мазкур қарорларда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим шаклига номзод айнан мазкур академик лицейлар битирувчилари орасидан қабул қилиниши белгиланган. Ўтган ўқув йилида фаолиятини бошлаган Сурхондарё академик лицейи жамоаси ҳам ўз олдига улкан мақсадларни қўйиб, мамлакатимиз ички ишлар органлари учун муносиб номзодларни тайёрлашга астойдил бел боғлади. Академик лицейда бўлиб, олиб борилаётган ўқув жараёнлари билан яқиндан танишар эканмиз, шижоатли, нигоҳларида қатъият ва умид порлаб турган ёшларимизни учратдик.

— Мен ҳозирда иккинчи босқичда таҳсил олаяпман, — дейди академик лицей ўқувчиси Мадина Эшмуродова. — Ёшлигимдан ҳарбийлар ҳаётига ҳавас қилардим. Айниқса, ҳарбий либос кийган қизларимизни кўриб, менинг ҳам шу соҳада ишлаш истагим пайдо бўлганди. Жарқўрғон туманида шундай таълим муассасасининг ташкил этилгани эса орзуларимга қанот бағишлади. Келгусида ватанимиз тинчлиги ва фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларининг муносиб ҳимоячиси бўлишга, фарзандлик бурчимни садоқат билан адо этишга ваъда бераман.

Ўқув жараёнини кузатар эканмиз, ўқувчиларнинг фанлардан, шунингдек, қонунчилигимиз ва соҳавий хизматлар бўйича малака-кўникмалари шакллантирилаётганига гувоҳ бўлдик. Айни пайтда ички ишлар тизимида меҳнат қилаётган ва узоқ йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар махсус фанларга жалб этилиб, машғулотлар олиб борилмоқда. Бунинг учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, жиноят қидирув, йўл ҳаракати хавфсизлиги, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, эксперт-криминалистика, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, бошқарма транспорти жамоат хавф сизлигини таъминлаш каби соҳавий хизматлари учун ажратилган махсус фан хоналари кўргазмали қуроллар, зарур анжомлар ва макетлар билан жиҳозланди. Йилдан-йилга бойитилиб борилаётган ахборот-ресурс марказида ўқувчиларнинг бадиий асарлар мутолааси учун миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналари олиб келиниб, китобхонлар ўртасида суҳбатлар уюштирилмоқда. Шунингдек, электрон дарсликлардан самарали фойдаланиб, вақтли матбуот нашрлари билан танишиб бормоқдалар.

— Жорий ўқув йили аввалида пойтахдаги “Ўзбекистон”, “Янги авлод овози” нашриётларидан жами 1,5 мингга яқин сара бадиий китобларни олиб келдик, — дейди ахборот-электрон кутубхона бўйича етакчи мутахассис Сирожиддин Бердиёров. — Энг муҳими, ўқувчиларимиз қувончда. Китобга ёшларимизнинг меҳри ошаётганидан биз ҳам хурсандмиз.

Дарсдан кейин эса қўшимча машғулотлар белгиланган. Айтиш жоизки, ҳафта кунлари тўлиқ қўшимча машғулотлар учун тақсимлаб чиқилган. Унга кўра, душанбада саф тайёргарлиги бўйича машғулотлар олиб борилади. Сешанба ва пайшанба кунлари ўқувчилар қўл жангги спорти билан шуғулланиб, жисмонан чиниқадилар. Чоршанбада эса бириктирилган мутахассислар кўмагида жанговар қуролларни ишлатиш, йиғиш ва ажратиш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлишади. Жума кунида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари умум ҳарбий низомлари ва соҳага доир қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар атрофлича ўрганилади. Шунингдек, спортнинг енгил атлетика, волейбол, футбол, кураш, стол тенниси ва фанлар бўйича қўшимча тўгараклар ҳам фаолият юритади.

— Ёшларнинг бўш вақт ларини мазмунли ташкил этиш учун “Билимдонлар клуби”ни ташкил этиш ниятидамиз, — дейди академик лицей директори Ҳотамжон Сайдалиев. — Негаки, баҳсларда билимлар янада мустаҳкамланади. Иқтидорли ўқувчиларимизнинг фан олимпиадалари ва мусобақаларда иштирокини таъминлаш учун фан ўқитувчилари ва мураббийларимизни бириктирганмиз. Мақсадимиз, ёшларимиз ҳаётда ўз ўрнини топсин.

Фаолиятининг шу қисқа даврида мазкур таълим муассасаси республика танловларида ҳам муваффақиятли иштирок этди. Ўтган ўқув йилида Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари ўртасида ўтказилган “Бургут” ҳарбий-спорт мусобақасининг дастлаб ҳудудий, сўнгра республика босқичида мутлақ ғолиб бўлганлиги фикримизнинг исботидир. Академик лицейнинг “Лочин” жамоаси эришган ғалабада, албатта, фан ўқитувчилари ва мураббийларнинг, қолаверса, аҳил меҳнат жамоасининг алоҳида хизматлари бор.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

TARBIYA VA SAVIYA

“Gapni gapir uqqanga” degan donishmandlar. Donishlar teran ildizga egaki, uning aslini ham ko‘pchilik bilmaydi. Aytilgan …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan