Бош саҳифа / Жамият / Мулоқотлар самараси

Мулоқотлар самараси

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури асосида жойларда бўлиб ўтаётган юзма-юз учрашувлар, жонли мулоқотлар сўзимизга далил бўла олади. Негаки, сайёр қабул жараёнларида аҳоли томонидан қилинаётган мурожаатлар барча бошқармалар, ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўрганилиб, аксарияти ўша жойнинг ўзида ечимини топмоқда.

Тегишли мутасаддиларга йўналтирилаётган мурожаатлар сарҳисоб қилиниб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинмоқда. Масаланинг нозик жиҳати шундаки, мурожаатлар оқимининг юқорилиги сақланиб қолмоқда. Бундан, жойлардаги маҳаллий раҳбарлар, депутатлар, мутасаддилар етарли даражада ўз вазифасига лойиқ иш юритмаяптилар, деган хулосага келиш мумкин. Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади. Нега, “ўзини хон, кўланкасини майдон” санаётган айрим мутасадди раҳбарлар халқнинг дардини тингламаяпти? Бунга нима тўсқинлик қилаяпти? Шу ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимизда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда. Аммо, нега айрим раҳбарлар ҳамон мудрашда давом этмоқда? Нега мурожаатларга ҳанузгача эътиборсизлик қилинмоқда?

Куни кеча вилоят ҳокими Э. Турдимовнинг Жарқўрғон туманида бўлиб ўтган сайёр қабулига келган тумонат одамларни кўриб хаёлингиздан шундай фикр кечади. Сайёр қабул Жарқўрғонда уюштирилгани билан, вилоятнинг энг чекка туманларидан ҳам қабулга келганларни кузатиш мумкин. Вилоят ҳокимининг сайёр қабулига тумандаги “Гул ҳовуз” маҳалласидан келган онахон Бозоргул Усмонованинг қувончи чексиз:

— Ўғлим Қулаев Акбар 10 йилдан бери ногиронлик туфайли ётиб қолган эди. Ногиронлик аравачасини сўраб, кўп жойларга мурожаат қилдик, аммо фойдаси бўлмади. Мана, бугун вилоят ҳокимининг ёрдами билан ўғлимга ногиронлик аравачаси берилди. Биз бундан беҳад миннатдормиз.

— Термиз давлат университетининг инглиз тили факультетига ҳужжат топширган эдим. Тест синовида 155,5 балл тўпладим. Бу оддий контракт учун етарли бўлмади. 2,1 балл етмай қолди. Қўшимча контрактга тўлаш учун маблағимиз камлик қилгани туфайли “Халқ банки” нинг Қизириқ туман бўлимига мурожаат қилган эдик. Мурожаатимизни пайсалга солишди. Вилоят ҳокимига раҳмат! Масаламиз ҳал этиладиган бўлди. 16,5 миллион сўмлик кредит маблағини олишимиз учун вилоят марказий банки раҳбариятига кўрсатма берилди, — дейди Қизириқ туманидаги “Гулобод” маҳалласидан келган фуқаро Нодира Қурбонова.

“Ширин сўз — жон озиғи,” дейди доно хал- қимиз. Ростдан ҳам, баъзан бир оғиз ширин сўз билан инсоннинг кўнгли тоғдек кўтарилади. Борди-ю, ширин калом, ширин муомала бўлмаса-чи, унда дунё неъмати одамга татимайди. Қўлингиздан келса, бировга яхшилик қилинг!

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
Сурхон тонгимухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan