Бош саҳифа / Жамият / Мулк ҳуқуқи

Мулк ҳуқуқи

ўзбошимчалик билан қурилган
иморатларга ҳам берилади

Республикамиз ҳудудида ўтказилган ялпи хатлов натижаларига кўра, 5 911 018 та уй-жой мавжудлиги аниқланган эди. Давергеодезкадастр қўмитаси ҳудудий идоралари томонидан хатлов давомида аниқланган 15 йилдан ортиқ фойдаланиб келинаётган турар жой объектларига оид 1 107 733 та материал туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар томонидан ўрганиб чиқилди. Улардан 695 738 тасига ҳокимларнинг тегишли қарорлари асосида мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Аммо қолганларида эса мазкур тоифадаги турар жой объектларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан тегишли қарор қабул қилинмаган эди. Бу эса мулкни тасарруф этиш масаласида ушбу уй-жой эгалари ҳуқуқларининг чекланишига олиб келаётган эди. Яъни тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаган уй-жойга нисбатан кадастр ҳужжатини тайёрлашнинг имкони йўқ. Бунинг оқибатида фуқаролар ўз уй-жойларини сотиш, ҳадя қилиш, мерос олиш ва прописка масалаларида ҳам қийинчиликларга дуч келаётгани ҳам кундек равшан эди.

Бироқ энди бу борадаги муаммоларга барҳам берилди. Сабаби давлатимиз раҳбари 20 апрель куни “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Фармонга мувофиқ, мазкур ҳужжат қабул қилинган вақтга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан белгиланган шартлар асосида мулк ҳуқуқи эътироф этиладиган бўлди. Ушбу фармон нафақат фуқароларга, балки туман, шаҳар ҳокимликлари ва бошқа давлат органларига ҳам мулк ҳуқуқини расмийлаштириш борасида енгиллик яратди.

Акция 2019 йил 1 майга қадар давом этади. Мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва кадастр ҳужжатларини бериш учун 2 та шарт қўйилади:

— ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;

— ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса.

Буни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссияси ташкил этилиб, унинг тақдимномасига кўра туман ёки шаҳар ҳокими ўзбошимчалик билан қурилган иморатни эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Мулк эгаси эса энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлашга тўғри келади. Қолаверса, мулкдорга қурилган ер участкаси ёки унинг бир қисмига қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилади.

Шуни ёдда тутиш керакки, мазкур фармон қабул қилингандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар эътироф этилмайди. Бундан ташқари, бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш имконияти тўғрисидаги фуқаролик қонунчилиги нормалари бекор қилинади.

Тан олиш керакки, мазкур фармон доирасида фуқароларга берилаётган бундай имконият аҳоли манфаатлари йўлида ташланган яна бир муҳим қадам бўлди. Фақат энди фуқаролар бундан оқилона ва ўз вақтида фойдаланишса бўлгани.

Ф. РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan