Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Мўл ва сифатли ҳосил берадиган ёнғоқ

Мўл ва сифатли ҳосил берадиган ёнғоқ

Президентимиз куни-кеча вилоятга ташрифи чоғи лалми ерларда ёнғоқзорларни кенгайтириш ҳақида ҳам айтиб ўтди. Ёнғоқзор барпо этиш ташвишида юрган тадбиркорларга Америка пекан ёнғоғи ҳақида айрим маълумотларни келтирамиз.

Америка ёнғоғи — пекан қиш совуғига ҳамда иссиқ иқлимга чидамли.  Меваси истеъмол қилинади ҳамда қандолатчиликда фойдаланилади. Пекан ёнғоғи ёғи грек ёнғоғиникидан қолишмайди, таъми соя ёғини эслатади. Мазаси ширин, хушхўр. Мағзидан 70-80 фоиз ёғ чиқади. Бундан ташқари, мева таркибида инсон учун фойдали витаминлар, кимёвий элементлар темир, мис, марганец, ёд, кальций, цинк, углеводлар, минерал тузлар, бўёвчи ва ҳид берувчи моддалар, дубил, каратинлар мавжуд.

Абу Али ибн Сино пекан ёнғоғини қатор хасталикларга, жумладан асаб сис- темаси, дармонсизлик, камқонлик, юрак, жигар, ўт-қоп, ошқозон-ичак, талоқ, шамоллаш, ревматизм, бўқоқ, тиш, томоқ касалликларига даволигини, шунингдек, иммунитет оширувчи, инсонни ёшартирувчи хусусиятларга эгалигини айтиб ўтган. Пекан дарахти мустаҳкам, томири 10-25 метргача ерга кириб боради, ёғочи эса дуб, ясенга ўхшаб мебел саноатида ишлатилади.

Америка пекан ёнғоғи интенсив боғлар орасига экилса, уларни қаттиқ совуқ, шамол ва бошқа табиий офатлардан ҳимоялайди. Пекан баланд ўсувчи дарахт, бўйи 15-35 метр гача етади, эни эса 30 метр квадрат жойни эгаллайди, танасининг диаметри  2,5-3 метргача бўлади. Денов туманидаги Дендрарий боғида Америка пекан ёнғоғининг 9 та тури парваришланмоқда ҳамда кўчатлар тайёрланаяпти.

Америка пекан ёнғоғининг гуллаш  даври апрель-май. Эрта баҳор совуқларига чидамли, грек ёнғоғидан кейин гуллайди. Чангланиши шамол ёрдамида амалга ошади. Меваси 2 йиллик новдаларда 3-6 донагача ғужум бўлиб, 12-20 йиллик дарахтининг бир тупи 50-100 килограммгача ҳосил беради.

Меваси ранги яшил қорамтир, цилиндр шаклда, дуб мевасига жуда ўхшаш. Қобиғи мустаҳкам, зич жойлашган мевасини қуруқ жойда 3-4 йил сақласа ҳам истеъмол учун яроқлилигини йўқотмайди. Зараркунандалар зиён етказмайди. Дарахтини эккандан кейин 6-8 йил орасида ҳосил бера бошлайди.

Кўчат тайёрлаш учун асосан мевасидан, яъни ёнғоғидан фойдаланилади, тезроқ ҳосилга киритиш учун пайванд усулидан фойдаланиш мумкин. Кўчатини бир жойдан иккинчи жойга кўчириш яхши натижа бермайди. Бир гектар майдонга 125 дона кўчат сарфланади, тошлоқ, тоғли ҳудудларда 8х8, 10х8 метр схемада экилади, ҳосилдорлик ўртача 2-2,5 тоннани ташкил этади.

Дарахти доимий ҳосил беради.  Ҳар йили катта ёшдаги дарахтлардан 200-300 килограмм мева олиш мумкин. Мевасининг пишиш муддати навларига қараб октябрь, ноябрь ойларига тўғри келади. Пекан дарахти ер танламайди, агротехникаси эса грек ёнғоғига жуда яқин.

Н.АБДУРАҲИМОВ,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди,
Н. АСТАНАҚУЛОВ,
А. МИРЗАЕВ,
академик М. Мирзаев номидаги БУ ва В илмий-тадқиқот институти Сурхондарё илмий тажриба станцияси илмий ходимлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan