Бош саҳифа / Жамият / Муҳими – муаммо ечими

Муҳими – муаммо ечими

Президентимизнинг халқимиз биздан рози бўлса, биз мақсадимизга етган бўламиз, деган даъватлари бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида кун тартибидаги масалага айланганлигини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Юртбошимиз айтганидек, давлат идоралари вакиллари бугунги кунда халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш, хонадонма-хонадон юриб, фуқароларнинг оилавий аҳволи, ижтимоий муаммолари, маҳалла, қишлоқ, гузарлардаги ободончилик даражасини синчковлик билан кўздан кечиришмоқда.

Дарҳақиқат, республикамиздаги барча идоралар, ташкилотлар юқоридаги ҳаётий шиорнинг ижросини таъминлаш мақсадида астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А.Усманов томонидан Музработ туманида ўтказилган сайёр қабул мисолида ҳам кўриш мумкин. Туман марказидаги дам олиш ва истироҳат боғида бўлган сайёр қабулда 172 нафар фуқародан 212 та мурожаат келиб тушди. Шуни айтиш лозимки, энг кўп мурожаат суд-ҳуқуқ, уй-жой, ер ажратиш, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигига доир бўлди.

Сайёр қабулда 78 та муаммо жойида ҳал этилди. Бошқача айтганда, бу мурожаатларнинг 41 фоизини ташкил этади. Мисол учун тумандаги “Янги диёр” маҳалласида яшовчи фуқаро Наргиза Нурмуҳаммедова, “Деҳқонобод” маҳалласидан Гулчеҳра Бобоназароваларга даволаниш учун ордер ажратилди, “Бодомзор” маҳалласидан Абдумурот Одинаевнинг қишлоқ ички йўлларини ва кўприкни таъмирлаш борасидаги мурожаати юзасидан туман ҳокими топшириғига кўра йўлларга тош тўкиш, кўприкни таъмирлаш ишлари зудлик билан бошлаб юборилди.

Тумандаги “Наврўз” маҳалласидан Ойзода Азимованинг набираси Динара Исматованинг Қозоғистоннинг Алмата шаҳрида бўладиган халқаро мусобақада иштирок этиши учун ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Динара тумандаги 14-мактабнинг 4-синфида ўқийди. Таэквондо бўйича бир қатор республика ва ҳалқаро мусобақалар ғолиби. Отаси ва бобоси авто ҳалокат туфайли вафот этишган. Бу чемпион қизимиз 15 майда бўладиган халқаро мусобақада иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган бўлди. Ҳомийликни эса “Музработ бунёдкори” МЧЖ жамоаси ўз зиммасига олди. Шунингдек, Қурбонсоат Жабборовнинг тумандаги Р-6 каналининг 3 километри ағнаб, К-5 каналига тушганлиги, натижада 2 йилдан буён 358 хонадон соҳиблари шахсий томорқаларини сувлашда қийналишаётгани, 350 гектар пахта майдони изова шўр сув билан суғорилаётганлигидан шикоят қилди. Бу масалага ҳам тегишли маблағ ажратилиб, Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва “Сурхондарёсувқурилишинвест” ДУК томонидан бартараф этиладиган бўлди.

Қабулда тадбиркорлар Абдуқодир Ҳамдамов, Ойбаргун Мўминова, Чори Сафарқулов, Ҳасан Бойқобуловлар туман деҳқон бозори ёнидаги дўконлари бузилиши ҳақида огоҳлантириш олганликларини айтиб, шикоят қилишди. Бу борада, агар деҳқон бозорини қайта қуриш ва кенгайтириш мақсадида йўл ёқасидаги савдо дўконлари бузилса, уларга ер ажратилиши, имтиёзли кредит ёки дўкон берилиши ваъда қилинди. Бу масалани ижобий ҳал этиш туман ҳокими ўринбосари Аҳмад Йўлдошевга юклатилди.

Фуқаро Шарифжон Чоршанбиев тумандаги “Орият” маҳалласида яшаётган 500 хонадон соҳиблари ёпиқ дренаж ишламаётганлиги сабабли ер ости сизот сувлари яқинлашгани, томорқалар шўрлаб кетаётганидан азият чекишмоқда, деди. Бу муаммо ҳам тегишли ташкилот зиммасига юкланиб, маълум муддат белгиланди.

Шуни алоҳида такидлаш лозимки, сайёр қабулга келган фуқаролар муаммолари ижобат топганлиги ёки қатъий назоратга олинганлиги туфайли ҳурсанд бўлишди. Қабул давомида 10 та мурожаатга асосли ҳуқуқий жавоб берилган бўлса, 115 тасига муддат белгиланиб, назоратга олинди.

 Қабул якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А.Усманов туман, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларига мурожаат қилиб, масаланинг моҳияти қабулда эмас, балки бу ерда айтилган муаммоларининг ҳал этилиши билан муҳимдир, дея таъкидлади. Президентимизнинг бу борадаги қарор ва топшириқларининг бажарилиши шарт ва зарур эканлигини яна бир карра тадбир иштирокчиларга эслатиб қўймоқчиман, деди.

Тадбир сўнгида туман ва вилоятдаги барча сектор раҳбарлари бажарилиши лозим бўлган вазифаларни белгиланган муддатларда бартараф этиш юзасидан келишиб олдилар.

Сирожиддин ҚУЛБОБОЕВ суратга олган.

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan