Бош саҳифа / Жамият / Мудраб юриш – хиёнат

Мудраб юриш – хиёнат

Юртбошимизнинг куйинчаклик билан эл, юрт фаровонлиги йўлидаги улкан ишлари ўзининг ижроси билан барчамизнинг қалбимизга илиқлик олиб кираётгани бор ҳақиқат. 2017 йил эса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили сифатида қалбимизда чуқур из қолдирди.

Куни-кеча Олий Мажлисга мурожаатни  эшитиб, Юртбошимизнинг амалга ошираётган ислоҳотлар мамлакатимизни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишига шубҳа қилмадим.

Президентимиз қатъият билан “Замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади”, дея барча соҳалар қатори мамлакатимизда илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш шарт эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланганини алоҳида қайд этиб, буюк алломаларимизнинг ёдгорлик мажмуалари қошида ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, тасаввуф, калом ва ақида илми каби диний-маърифий йўналишларни ўрганиш бўйича махсус мактаблар ташкил этилганига алоҳида урғу бердилар.

Ҳақиқатда, ўрта асрларда ўзининг бой илмий-маданий мероси билан дунё аҳли тан олган минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар билан фахрланиб, қаддимизни тик тута оламиз. Ҳатто, Президентимиз ўз мурожаатларида китоб фондларимизда 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланаётгани, ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкинлигини таъкидлар эканлар, “Биз диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Бу тўғри, албатта. Лекин маърифат, маърифий билимлар қаерда – аввало ота-боболаримиз бизга қолдириб кетган мана шундай мўътабар китобларда эмасми?” — дея ҳақли саволни ўртага ташладилар. Ва “Ана шундай бебаҳо бойликка, минглаб билимдон уламолар, фаол зиёлиларга эга бўлган, бу соҳада катта ташаббуслар билан чиқаётган халқ ва давлат сифатида юртимиздан қандайдир ақидапараст, диний оқимларга берилган кимсаларнинг чиқиши, албатта, бизга ярашмайди”,  деган сўзлари барчамизни янада сергак торттирди.

Телевизор қаршисида ўтириб, давлатимиз раҳбарининг мурожаатини эшитган  воҳадошларимизнинг қалбида барча истиқболли дастурларимизга янада катта ишонч пайдо бўлди, десам муболағи бўлмайди. Президентимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ўрнига ҳали ҳам боқимандалик кайфиятида “Берсанг ейман, урсанг ўламан”, деб мудраб ётиш энг оғир гуноҳ ва Ватанга, халққа хиёнатдир!

Лоқайдлик, бефарқлик эса тараққиётимиз кушандаси.  Ишонаманки, бу иллатлар асрлар давомида ҳурриятни орзу қилган халқимизга энди бегона. Вилоятимиздаги барча мачит имом хатиблари ва ноиблари Президентимизнинг мурожаатларини қўллаб-қувватлаб, юртимиз ва халқимиз фаровонлиги йўлида астойдил камарбаста бўлишни-Ватанга муҳаббат ва садоқат деб билишади.

Иншооллоҳ, мамлакатимизда бошланган улкан ислоҳотларга камарбасталик ва ҳамжиҳатлик албатта, мақсадларимиз ижобатини беради, юзимизни ёруғ қилади.

Алиакбар САЙФИДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлар
идорасининг вилоят вакили,
бош имом хатиб

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тандир гўшт сайлию от минишда ким маҳоратли?

15-17 июнь кунлари Термиз шаҳридаги Санъат саройида Ёшлар фестивали бўлиб ўтади. Унда бешта муҳим ташаббус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan