Бош саҳифа / Жамият / Муассасага эътибор керак!

Муассасага эътибор керак!

Болалик — инсон ҳаётининг энг гуллаган даври. Бу даврда инсон қанчалик ёш бўлмасин, келажак учун муҳим ҳаётий омилларни ўзлаштиради. Болаликда инсонга қанчалик кўп меҳр берилса, келажакда ўзининг ижобий самарасини бериши тайин.

Мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бугун ўз мевасини бера бошлади. Унга кўра, ҳар бир маҳаллада МТМ лар фаолияти йўлга қўйилади. Энди кичик ёшдаги болалар илк таълимни мактабгача таълим муассасаларида олишади. Шу пайтгача кўпчилик қишлоқ ва маҳаллаларда боғчалар йўқлиги боис, болаларнинг аксарияти мактабгача таълимни ололмасдан биринчи синфга боришар эди. Гапнинг рости, ҳамма гап эътибор ва ғамхўрликда экан. Ана шундай эътибор, ғамхўрлик унутилган жойда ўзибўларчилик, лоқайдлик авж олади.

Жарқўрғон туманидаги “Камалак” номли 40-мактабгача таълим муассасасида бўлганимизда бунга яна бир карра амин бўлдик. Куннинг иккинчи ярмида боғча ҳовлисига кириб борганимизда дарвозалар ланг очилиб ётган экан. Ҳовли ва ён-атрофнинг бетартиблигини кўриб, очиғи, боғча фаолият  кўрсатмаётган бўлса керак, деган хаёлга бордик. Айрим хоналарнинг деразасидан қараганимизда ичкарида қурилиш материаллари, эски-туски ашё ва буюмлар кўзга ташланди. МТМ биносини айланиб юрганимизда қайсидир хонадан бир аёл чиқиб келди. У ўзини МТМ ҳамшираси Анора Мамадалиева деб таништирди.

МТМ биноси яқин йиллар ичида таъмирланмаганлиги учун хунук манзара касб этган. Атроф тўлиқ чегара девори билан ўралмаган. Ҳовлига кириш дарвозаси назоратсиз қолдирилганлиги боис ўзингизни эгасиз ҳудудга кириб қолгандек ҳис қиласиз. Ҳарқалай, ён-атрофда кўрганларингиз шунга ишора қилади.

МТМ биноси газ билан иситилади. Иситиш печлари хафсизлик талабларига жавоб бермайди.

Ҳовлидаги ободонлаштириш ишлари кўнгилдагидек эмас. Ён-атрофда турли хил эски латта-путталар сочилиб ётибди. Турли хил чиқиндилар киши таъбини хира қилади. Бу борада, МТМ ходимлари тозалик ва ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратишлари лозимга ўхшайди. Зеро, озодалик, саришталик бор жойда файз-барака бўлади. Туман мутасаддиларидан ушбу масала юзасидан жавоб кутиб қоламиз.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги”
мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan