Бош саҳифа / Жамият / Муаммонинги илдизи қаерда

Муаммонинги илдизи қаерда

ёхуд электр энергияси таъминотидаги узилишлар яна қанча давом этади?

ХХI аср, шубҳасиз, ахборот технологиялари асридир. Соат тугул, ҳатто бир лаҳзани ҳам электр энергиясисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Боиси, уйимиз, иш жойимиз, хуллас, боринки, барча-барча ускуна ва жиҳозларимиз электр манбаига уланган.

Электр лампасидан таралган ёғду нафақат хонадонларимизга, балки кўнгилларимизга ҳам ёруғлик олиб кириши шубҳасиз.

Сўзимиз аввалида қайси асрда яшаётганимизни бежиз эслатмадик. Бугун нафақат аҳоли, балки бутун ишлаб чиқариш тизими электр манбаи истеъмолчиси саналади. Ҳозирги замон иқтисодиёт тармоқларининг тараққиёт суръатини “Бир зум тўхтасанг, бир чақирим орқада қоласан”, деган шиор билан муқояса қилса бўлади.

Яқинда ҳамкасбларимдан бири Термиз шаҳридаги хонадонида кундуз куни электр манбаи 4 маротаба ўчиб ёнганлигини айтиб, ёзғириб қолди. Ҳамкасбимнинг сўзларини тингларканман, беихтиёр хаёлимдан “Бу соҳа ходимлари истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлашни қачон ўрганишаркан?”, деган ўй ўтди. Рости ҳам шу-да. Ўзингиз айтинг, сизни бирон маротаба электр таъминоти корхонаси вакиллари навбатдаги узилишлар ҳақида огоҳлантиришганми? Эслай олмайсиз. Боиси, бизда ҳалигача бундай амалиёт кузатилмаган. Афсуски, ҳали бу борада истеъмолчининг манфаатини кўзлайдиган бирон-бир мутасаддини кўрмадик, ҳисоб.

Ёз ойларида, шунингдек, яқин ўтган кунларда шаҳарда электр манбаида узилишлар кузатилди. Кимдир ушбу ҳолатни қурилиш ишлари билан изоҳласа, яна кимдир навбатдаги “ўчиб-ёниш”га йўйди. Бу сингари ўчиб-ёнишларнинг салбий оқибати шундаки, электр манбаида ишлайдиган айрим қимматбаҳо маиший техникаларга зарар етиши мумкин. Энг ёмони, бу зарарни электр таъминоти корхонаси асло ўз зиммасига олмайди. Зарарни ундириш учун эса ойлаб, баъзан йиллаб идорама идора, судма суд юриб, жабрдийдалигингизни исботлагунингизча сочингиз оқаради.

Ушбу ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида, Термиз шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбариятига учрашиб, бир нечта савол билан мурожаат қилган эдик. Улар юмушлари кўплиги важидан яқин фурсатларда саволларимизга атрофлича жавоб қайтаришни ваъда қилишган эди. Аммо якунда ҳеч қандай маълумотлар олишнинг имкони бўлмади. Шундан сўнг, Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилдик. Масъул раҳбар А. Алиевнинг имзоси билан маълумотнома тақдим қилишди.

Унга кўра, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ҳукумат топшириқлари ва давлат дастури асосида қурилиш ва таъмирлаш ишларига 25 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланган. Унга асосан, 147,5 километр электр тармоқлари ва 93 дона трансформатор пунктлари янгидан қурилиб, реконструкция ишлари олиб борилган. Шу жумладан, “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида 91,5 километр электр тармоқлари ва 33 дона трансформатор пунктлари реконструкция қилиниб, 98,2 километр электр тармоқлари ва 224 дона трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланган. Шунингдек, 2018 йил манзилли дастур асосида 41 километр электр тармоқлари тортилиб, 27 дона трансформатор пунктлари янгидан қурилган. Термиз шаҳрида 10 та, Денов шаҳрида 3 та 7 қаватли уй-жойларга 1,8 километр электр тармоғи ва 3 та трансформатор ўрнатилган. Бойсун туманида қурилаётган “Бойсун-Фарм” эркин иқтисодий зонаси, эҳтиёжманд оилаларга уй-жой қуриш учун ажратилган ер майдонларида жойлашган 15 та массивда, Термиз тумани “Нурафшон” МФЙда, Бойсуннинг Газа қишлоғида, Денов, Ангор, Қум-қўрғон туманларида темир-бетон таянчлари ўрнатилиб, қурилиш ва монтаж ишлари олиб борилган.

Президентимизнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича 1848,8 километр электр тармоқлари ва 530 та трансформатор мукаммал, 1709,4 километр электр тармоғи ва 588 та трансформатор пунктлари жорий таъмирланган.

Гарчи биз электр таъминотида содир бўлаётган узилишлар хусусида вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси мутасаддиларига аниқ саволлар қўйсак-да, амалда эса ҳеч қандай асосли жавоб ололмадик. Газетамиз саҳифаларида ушбу соҳа ҳақида мақола чоп этаяпмизу аммо муаммонинг туб илдизи нимада, деган саволимиз очиқ қолмоқда. Муассаса томонидан тақдим этилган маълумотномага таянадиган бўлсак, ҳаммаси жойида, барча муаммолар ўз ечимини топаётгандек таассурот уйғотади. Бироқ жойларда электр таъминотида узилишлар ҳамон давом этмоқда. Айниқса, изғиринли қиш ойларида туманларда салгина ёғингарчилик кузатилса, трансформаторларда қисқа туташувлар, носозликлар юзага келади. Шундай кезларда носоз ҳолга келган трансформаторлар аҳоли маблағи ҳисобига таъмирланади. Ҳеч кимга сир эмас, бу анъана тусига кирган. Оқибатда яна аҳоли жабр кўради. Буёқда эса фалон-фалон миллион маблағлар факт ва рақамларда жимжимадор қилиб маълумотларда акс этаверади. Агар бордию қишлоқ аҳлидан сўрар бўлсангиз, жорий ва мукаммал “таъмирланган” дея қайд этилаётган трансформаторлар аслида яқин йиллар ичида ҳеч қандай кўрикдан ўтмаганига гувоҳ бўласиз. Электр симлари эса ўша-ўша эски, уланавериб-уланавериб, аянчли ҳолга келиб қолган.

ХУЛОСА ЎРНИДА:

Ўтган йили куз ва қиш ойларида электр таъминотида узилишлар кузатилмади. Табиийки, аҳоли ҳам бундан беҳад миннатдор бўлди. Ўйлаймизки, бу анъана бу йил ҳам давом этади. Ва натижада, узун қиш оқшомларида оила аъзоларимиз билан чароғон ёғдулар остида тунни шоду хуррам ўтказамиз, деган умиддамиз.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энди «TikTok», «Twitter” га кириш имкони йўқми?

Ўзбекистон ҳудудида «TikTok», «Twitter»  ва «ВКонтакте»» ижтимоий тармоқлар фаолияти  чекланди. Бу ҳақда «Ўзкомназорат» ахборот хизмати …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan