Бош саҳифа / Жамият / Муаммолар ҳал этилади

Муаммолар ҳал этилади

Халқимизда юз кунлик ибодатдан бир кунлик адолат афзал, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган халқ ичига юриш ўтган вақт давомида халқнинг манфаатини, юртнинг келажагини кўзлаб юритилган нақадар доно сиёсат эканлигини исботлади.

Буни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А. Усманов томонидан вилоятимизнинг Ангор туманидаги 9-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган сайёр қабули мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ангор туманидаги “Шарқ гули” маҳалласида жойлашган мусиқа мактаби ҳовлиси бир пастда мурожаатчилар билан тўла бошлади. Бу ерда Термиз, Ангор, Музработ туманлари ҳамда Термиз шаҳридан келган фуқароларни Президент маслаҳатчиси ўринбосари А. Усманов қабул қилди. Сайёр қабулга келган фуқароларнинг юз-кўзларидан Президентимизга, ҳукуматимизга, давлат идораларига бўлган ишончи шундоқ кўриниб турарди.

Салкам олти соат давом этган сайёр қабулда вилоят ва туманлардаги барча сектор раҳбарлари, туманлар ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Президентнинг вилоят халқ қабулхонаси, бошқармалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этишди. Қабулга келган фуқаролар уй-жой, ичимлик суви, қишлоқ йўлларининг аҳволи, кадастр, банк кредити, иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим масалалари бўйича мурожаат қилишди.

Термиз шаҳридаги “Мажнунтол” маҳалласи, “Чинор” кўчасида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Д. Саидов набираси ёрдамида қабулга келган экан. У кишининг ҳам уй-жой ва алимент борасида қилган мурожаати ижобий ҳал бўладиган бўлди. Қабул давомида 218 нафар фуқародан 281 та мурожаат келиб тушган бўлса, улардан 41,3 фоизи шу ернинг ўзида ҳал этилди. Масалан, Ангор туманидаги “Навбаҳор” маҳалласи 78-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Муборак Қобиловага ногиронлиги бўлган шахсларга қурилаётган уй-жойлардан уй ажратиш белгиланди. Шу тумандаги “Шарқ гули” маҳалласида яшовчи Шаҳло Муроталиевага уй қуриш учун майдаланган тош ва қурилиш материаллари етказиб бериладиган бўлди. Бу вазифани вилоят автойўл бошқармаси ўз зиммасига олди.

— Мен Президентимиз юборган вакилнинг фаолиятидан миннатдорман. Бу менинг ягона орзуим эди, — дейди М. Қобилова. — Чорак асрдан буён ўз уйим бўлишини орзу қилиб яшайман. Бугун узоқ йиллар кутган орзуим амалга ошаётганлигидан бошим осмонга етди.

Бир гуруҳ нуроний отахон ва онахонлар эшитиш мосламаси беришни сўраб мурожаат қилишди. Уларнинг илтимоси шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ангорлик Тожибой Зиёқулов, Чори Ҳасанов, Хушбоқ Йўлдошев, Раҳмонқул Сайимов, Жанғил Қорабоева каби қарияларга эшитиш мосламаси топширилди. Турли сабаблар билан овораю сарсон бўлиб юрган олти нафар фуқарога туғилганликни қайд этувчи гувоҳнома, иккита оилага никоҳни қайд этиш гувоҳномалари кенг жамоатчилик ҳузурида тантанали суратда топширилди. Гувоҳнома олганларнинг қувончи ва севинчи оламга сиғмасди.

Музработ тумани “Нурли ҳаёт” маҳалласидан келган фуқаролар Хўжамқул Худоёров, Йўлдош Бозоров, Содиқ Жумаевлар қишлоқларидаги кўпчилик шахсий томорқаларга сув келмаслигини айтишганди. Бу масала тегишли ташкилотга топширилиб, зудлик билан ҳал этиш таъкидланди. Улар ҳам уйларига сайёр қабулдан катта қониқиш ҳисси билан қайтишди. Қабулга келган бундай фуқароларни кўплаб кўриш мумкин эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай ҳудудий сайёр қабуллар Президент маслаҳатчиси ўринбосари томонидан вилоятимизнинг барча туманларида ўтказилади.

Муҳтарам Президентимизнинг “Одамлар қонун учун эмас, қонун одамлар учун ишлаши керак”, деган шиорлари бугун ҳар жабҳада ўзининг амалий исботини топмоқда. Буни мамлакатимиздаги 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар кўриб, билиб, эътироф этмоқда. Қабулда Президентимизнинг вилоятдаги халқ қабулхонаси бошлиғи А. Эшмуратов, вилоят ҳокими ўринбосари Ў. Қобиловлар иштирок этишди. Сайёр қабул сўнгида барча мурожаатлар қатъий назоратга олиниб, тегишли ташкилот раҳбарларига адолатли кўриб чиқиш учун 10 кун муҳлат берилди. Бир сўз билан айтганда, бундай сайёр қабуллар халқнинг Президентимизга, ҳукуматимизга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, халқ фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини мурожаатлар ечимидан ҳам кўриш мумкин. Энг муҳими, эзгу ният йўлида қилинган иш ўз самарасини бермоқда ва бераяпти.

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE