Бош саҳифа / Жамият / Муаммолар ечимини кутмоқда

Муаммолар ечимини кутмоқда

Халқимизда “Агар бир йигитнинг бахти чопса, қирқ йигитнинг бахти чопгани шу”, деган гап бор.  Ватан тараққиёти,  халқ фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган инсонлар билан бир қаторда, орамизда ҳали-ҳамон мудроқ кайфиятда юрган, ўз шахсий манфаатларини халқ манфаатидан устун қўяётган айрим “раҳбар”лар ҳам учрайдики, кўриб ҳафсалангиз пир бўлади.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2018 йил 29 январдаги фармойишига асосан, Шеробод туманидаги ташкилий ҳудудий сектор раҳбарлари  томонидан қарорда белгилаб берилган устувор вазифалар бўйича амалга оширилган ишлар вилоят ҳокимлигининг lll-жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи иштирокида  танқидий-таҳлилий ўрганилди.

Бугунги кунда, Шер- ободда 48 та маҳалла фуқаролар йиғинида 182 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Энг муҳими, ҳар бир фуқаронинг ўзига яраша муаммоси, ютуқ ва камчиликлари бор.

“Ранг кўр, ҳол сўр”, деганлар. Турли ижтимоий соҳа объектлари, қишлоқ ва маҳаллаларда бўлганимизда аҳоли орасида кўплаб ижтимоий ва маиший муаммолар тўпланиб қолганига амин бўлдик. Тўғри, туманда ташкил этилган 4 та сектор аъзолари томонидан озми-кўпми, ишлар қилинган, аммо жойларда олиб борилган ишлар ҳали талаб даражасида эмас. Аҳоли хонадонларида бўлганимизда маҳалла, туман кесимида ҳал этилиши мумкин бўлган, баъзи муаммолар узоқ йиллар мобайнида айрим раҳбарларнинг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги натижасида ўз ечимини топмаган.

5 февралда туман ҳокимлиги ташаббуси билан Абу Исо ат Термизий зиёратгоҳида 62 нафар ногиронга ногиронлик аравачалари топширилган эди. Тадбирда мутасадди раҳбарлар туман миқёсида барча кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳамда ногиронлар тўлиқ қамраб олинганлигини айтишган эди. Аммо аҳоли хонадонларида бўлганимизда тумандаги мавжуд секторларнинг иш фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмадик. Яъни ногиронлик аравачасига бўлган талаб 100 дан зиёд эканлиги ўрганишларимиз давомида ўз исботини  топди. 10 йиллар мобайнида ногиронлик аравачасига муҳтожлик сезиб, кўзи тўрт бўлиб, бўсағага қараб ётган ногиронлар бугун туманда сезиларли даражада кўплиги аниқланди. Кишини таажжубга соладиган ҳолатлардан бири шуки, аксарият маҳалла раҳбарлари йиллар мобайнида ушбу хонадонлар остонасини ҳатлаб ўтмаган.

Фуқаро Олтин Жўраеванинг айтишича, Чинобод қишлоғида яқин-яқингача ичимлик суви бўлмаган. 2017 йилда ичимлик суви минораси таъмирланиб, қайтадан ишга туширилган. Аммо 2005 йилдан буён “Сувоқова” унитар корхонаси томонидан унга қарздорлик белгиланиб келинмоқда. Шу қишлоқлик Хадича Йўлдошевага нисбатан ҳам 2005 йилдан буён асоссиз қарздорлик ҳисобланаётган экан.

— “Гулчинор” маҳалла марказидан 3 километр узоқликда жойлашган Қумгузар қишлоғига махсус симёғочлар ўрнига аҳоли томонидан ҳаёт учун хавфли бўлган қўлбола симёғочлар ўрнатилган. Энг ёмон  томони, мутасаддилар бу ҳолатга панжа орасидан қараб келишган. Ушбу маҳаллада дорихона йўқ. Маданият уйи хароб аҳволга келиб қолган, тўгараклар ташкил этилмаган. Фуқаро Даврон Турсунов маиший газ баллонлари тўлиқ тўлдирилмаётганлиги, килодан уриб қолишаётганликларидан норози бўлиб мурожаат қилмоқда,—дейди ишчи гуруҳ аъзоси Ражабгул Муҳаммадиева.

Барчамиз мусулмон фарзандимиз. Аммо баъзи бир хатти-ҳаракатларимизни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Мисол учун, “Чўмичли” маҳалласидаги бир хонадонда 5 та оила яшайди. Шу хонадонда яшовчи Ҳ. Усановнинг биргина фарзанди бор. Оилавий келишмовчиликлар сабаб, биринчи турмуш ўртоғи билан расман ажрашмасдан иккинчи хотинга уйланган. Энг ачинарлиси бундай оилалар кўпчилик.

Ўрганиш жараёнидаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият мурожаатлар газ баллонлари вақтида тўлдирилмаётганлиги, маҳаллалардан моддий ёрдам, болалар учун нафақа пулларининг расмийлаштирилмаётганлиги каби маиший мавзуларни қамраб олган. “Килкон” маҳалласида яшовчи фуқаро Шаҳноза Мамадуллаева олий тоифали ҳамшира бўлишига қарамасдан ишга жойлашолмай овора бўлмоқда. Тумандаги “Ғамбур” МФЙ даги 10-МТМ мудираси Муаззам Паллаеванинг айтишича, ушбу боғча 1967 йилда хом ғиштдан қурилган. Бинонинг иситиш тизими газ печларига мослаштирилган. МТМ газ тармоғидан узиб қўйилганлиги боис бугунги кунда хоналар қўлбола печлар билан иситилмоқда. Хоналар таъмирталаб аҳволда.

Г. Қурбонова “Катта ҳаёт” маҳалласидан, боқувчисини йўқотган, уй-жойи йўқлиги боис опасининг уйида яшайди. Ўғли Ш. Раҳмонов болаликдан ногиронлиги туфайли юра олмайди. Г. Қурбонова бугунги кунда уй-жойга, ўғли эса ногиронлик аравачасига муҳтож бўлса-да, бу ҳолат ҳеч бир мутасаддиларни қизиқтирмаган.  С. Норқулованинг хонадонида  2 нафар ногирон бор. Ҳ. Ҳусанов биринчи гуруҳ ногирони 11 йилдан буён ётиб қолган. 11 йилдан бери ногиронлик аравачасига муҳтожлик сезади.

4  февралда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Мунаввар Давхонованинг хонадонидаги аҳвол кўздан кечирилганда оилада 3 нафар ногирон борлиги аниқланган. Ушбу хонадон соҳибларида уй-жой ва доимий равишда махсус дори-дармонга муҳтожлик бор. 14 февралда хонадон соҳиблари билан телефон орқали боғланганимизда бемор Дилором Давхонова доимий эҳтиёж сезадиган “Калимин 60 Н” дориси ўрнига шифокорлар томонидан тавсия этилган “Нейромидин” таблеткасини истеъмол қилгач, аҳволи оғирлашган. Хонадон қизи Лобар Давхонованинг айтишича, ишчи гуруҳ аъзоларининг ташрифидан кейин ҳам муаммолар ўз ечимини топмаган. Ушбу ҳолат юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори З. Шозамонов билан телефон орқали сўзлашганимизда қуйидагиларни айтди:

— Ушбу хонадонни доимий назоратимизга олганмиз. Шарт-шароити оғир. Туман ҳокимининг ўзи ҳомийликка олган. Айни пайтда ушбу оилага уй-жой ажратиш масаласи кўрилмоқда. Бу яқин кунлар ичида ўз ечимини топади. Дори-дармон масаласига келсак, ушбу дори воситалари чет элдан келтирилганлиги боис, топишнинг имкони бўлмаяпти. Маблағ масаласида муаммо йўқ.

“Баҳор” маҳалласи фуқароси Ҳ. Норқулованинг уйининг том қисмидан чакки ўтаётгани аниқланиб, бир кун давомида  муаммоси ҳал этилди.

“Ғуржак 2” МФЙ да истиқомат қилувчи 3451 нафар аҳоли ёз ойларида томорқа экинларини суғоришда қийинчиликка дуч келишмоқда. Аҳоли томонидан 80х30 ҳажмли 5 метр чуқурликдаги сунъий сув ҳавзаси қазилган. Агар мутасадди ташкилотлар томонидан сув ҳавзасини бетонлаш масаласида ёрдам кўрсатилса, тоғ жилғаларидан келадиган сувни жамғариб қолиш имкони пайдо бўларди.

Солия Бобохонова 1938 йилда таваллуд топган. “Тароқли” маҳалласида жияни Жамшид Бобохоновнинг хонадонида яшайди. Унинг айтишича, қариндоши Темур Бобожонов томонидан уй-жойи зўравонлик билан тортиб олинган.

Зиё Файзуллаев 1941 йилда туғилган. Биринчи гуруҳ ногирони. Қариндоши Сайдулла Машаровнинг қарамоғида яшашлиги айтилса-да, ўзига тегишли хароба уйда ёлғиз яшайди.

КОТИБНИНГ

ДАСТИДАН ДОД

“Зарабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси 14 йилдан бери маҳалла котиби бўлиб ишлаб келган Ҳасан Олмосовдан дод дейишади. Негаки, маҳаллада юзага келган носоғлом муҳит сабаб, котиб жаноблари ўз мансаб лавозимидан фойдаланиб, 2 ва 14 ёшгача бўлган болаларга нафақа пули чиқариб бериш эвазига фуқаролардан моддий манфаатдорлик талаб қилиб келган. Вилоят ишчи гуруҳининг саъй-ҳаракати билан Ҳасан Олмосовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шеробод иқтисодиёт коллежи экология ва атроф муҳит муҳофазаси фани ўқитувчиси Акрам Дониёров 4-15 гуруҳ талабаларига дарс ўтаётган экан. Бир талабадан қайси дарсда ўтирганини сўраганимизда жавоб бера олмади. Ушбу гуруҳда журнал бўйича 30 нафар талаба ўқийди. 16 нафар талабанинг дарсга келмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

“Зарабоғ” қишлоғида кўрганларимиз рости, бутун тумандаги жамики муаммоларга татийди. Қишлоқ аҳолиси иш ўринлари йўқлигидан қийналишади. Хусусан, Бўриев Аҳмаднинг қарамоғидаги опа-ука Зиёда Мелибоева ҳамда Ўрин Мелибоевларнинг яшаш шароити (аслида бутун уй-жой ва ҳовли шу иккисига қарашли бўлса-да) хароба ва заҳ хонада яшашаётганлигини кўриб, кўзимизга ёш келди. Наҳотки одам боласи шунчалик хўрликларга лойиқ бўлса, деган хаёлга бордик. Бунинг устига маҳалла-куй томонидан уларнинг ҳолидан хабар олинмаган. Натижада ногиронлик аравачаси берилмай қолган. Жамоатчилик назорат ишчи гуруҳининг ташаббусига кўра ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Биринчи гуруҳ ногирони Эшмамат Алиев билан суҳбатлашганимизда 2017 йилнинг 23 сентябридан бери патронаж ҳамширалар унинг ҳолидан хабар олишмаганлигини билдирди.   Дори-дармонга доимий эҳтиёж сезади.

Жорий йилнинг январь ойида туманда 180 нафар фуқаро узоқ муддатлик сафардан қайтиб келган. Шундан 33 нафари тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланди. Саъй- ҳаракатларимиз натижасида улар мажбурий кўрикдан ўтказилди. Натижада, бир нафарида ОИТС, яна бирида эса сил касаллиги борлиги аниқланди.

Шунингдек, аҳоли хонадонларида бўлганимизда кўплаб муаммоларга дуч келдик. “Олтин воҳа” маҳалласи фуқароси О. Сафаров узоқ йиллардан бери тўшакда ётиб қолганлиги муносабати билан шифохонага ётқизилди, — дейди ишчи гуруҳи аъзоси Парда Холматов.

“Олтин воҳа” маҳалласи аҳолиси ерларнинг шўрланиб кетишидан азият чекишмоқда. Бугунги кунда ерларнинг учдан икки қисми шўрланган. Шунинг эвазига аҳоли томорқадан оқилона фойдалана олмаяпти. Ёпиқ дренажлар ўз вақтида тозаланмаганлиги натижасида сизот сувлари ер юзасига қалқиб чиқмоқда.

Ичимлик суви туман миқёсида оғриқли масалалардан бирига айланган. Деярли барча маҳаллаларда ичимлик суви муаммоси бор. Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаблари тўла қондирилмаяпти.

Тумандаги 38-ўрта мактаб таъмирталаб, эшик ва ромлар эскириб қолган. Мутасадди раҳбарлар баъзи-баъзида мактабгача таълим муассасалари ҳамда мактабларни бир қур кўздан кечириб туришганда муаммолар бу қадар илдиз отиб кетмаган бўлармиди?

ХХХ

14 февралда “Зарабоғ” МФЙ да вилоят ҳокимлигининг lll-жамоатчилик назорат гуруҳи аъзолари ҳамда туманда ташкил этилган 4 та сектор раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда сектор мудирлари ўзларига ажратилган ҳудудларда ишларни намунали йўлга қўймаганлиги, эътиборсизлик қилганлиги қаттиқ танқид остига олинди. Йиғилишда қатнашган 200 нафардан зиёд қишлоқ аҳолиси ишчи гуруҳнинг ташрифи ва якуни бўйича бўлиб ўтган тадбирдан, муаммолари ўз ечимини топганидан мамнун бўлишди.

Бугунги кунда туманда 3915 нафар ногирон бор. Зарабоғ, Қорабоғ, Қизилолма, Пошхўрт, Шержон қишлоқларининг ўзида 277 нафар ногирон қайд этилган. Энг ажабланарлиси, шунинг 109 нафари айнан, Зарабоғ қишлоғида яшайди. 100 дан зиёд ногиронлар аравачага муҳтож. Булар жамоатчилик назорати гуруҳининг саъй- ҳаракати билан қисқа муддат ичида аниқланганлари холос.

Зарабоғ қишлоғида олиб борган таҳлилларимиз мобайнида бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Қишлоқда ногиронларнинг кўплигига (ерлик аҳолининг айтишига кўра) одамлар яқин қариндошлари билан қуда-анда бўлишаётганликлари сабаб бўлиши мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам ерлик аҳоли наслнинг софлиги, шунингдек, соғлом турмуш тарзига ҳам амал қилиши керак, деб ўйлаймиз.

13-мактабнинг маънавий- маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Нурилло Садатовнинг куппа-кундуз куни мактаб ҳовлисида юзи қизариб ширакайф ҳолатда юриши барчамизни ажаблантирди. 3 синфда 6 нафар ўқувчи қайсидир сабабларга кўра дарсга келмаган. Мактаб раҳбарларининг ўз ишига совуққонлиги сабаб, ўқитувчилар орасида ўз ишига нисбатан масъулиятсизлик пайдо бўлган. Шу боис, мактаб директорига огоҳлантириш берилиб, Н. Садатов ўз лавозимидан озод этилди.

Ўн йиллар давомида тўпланиб қолган камчилик ва муаммолар Шеробод туманида талайгина. Яқиндагина тайинланган туман ҳокими мавжуд камчиликларни, депутатлар, маҳалла фаоллари, кайвони ва тажрибали оқсоқоллар ёрдамида тўла бартараф этишига ишонч билдириб қоламиз.

Райҳон РАҲИМОВА,
Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan