Бош саҳифа / Сиёсат / Муаммолар ечимига бир қадам

Муаммолар ечимига бир қадам

Вилоятимизда 19-20 сентябрь кунлари суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат қилувчи органларининг республика раҳбарлари халқ билан мулоқот ва учрашувлар ўтказди.

Ана шундай сайёр қабуллардан бири Шеробод туман маданият ва аҳоли дам олиш масканида Республика Адлия вазири ўринбосари Нодир Жўраев иштирокида бўлиб ўтди. Бойсун, Музработ ва Қизириқ туманларидан 230 нафар фуқаро қатнашди ва  80 та мурожаат тушди. Шулардан 12 таси жойида ҳал этилган бўлса, 72 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Куннинг иккинчи ярмида эса Термиз шаҳридаги вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси биносида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам вазир ўринбосари Н. Жўраев Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидан келган одамларни қабул қилди. 16 та мурожаатдан 7 таси жойида ҳал қилиниб, 9 таси тегишли идоралар кесимида кўриб чиқилмоқда. Уларнинг асосий қисми уй-жой олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, меҳнат ва бандлик, банк-молия ва солиққа тортиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, тадбиркорлик, коммунал хизматларига тааллуқлидир.

—           Ташкил этилган сайёр қабулда Сурхондарё халқи билан юзма-юз туриб давлат органлари вакиллари билан биргаликда уларнинг муаммолари билан ўртоқлашдик, — дейди Адлия вазири ўринбосари Н. Жўраев. — Аҳоли ўртасида муаммолар кўп. Уларни тинглаб, баъзи мурожаатларни жойида ҳал қилаяпмиз. Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганига бугун яна бир карра амин бўлдим.

Термиз шаҳри, “Нав-рўз” маҳалласида истиқомат қилувчи Малика Пардаева иш билан таъминланиш масаласида қабулга мурожаат билан келган эди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари уни шаҳардаги 3-оилавий поликлиникасига фаррош сифатида ишга олишди.

—     Ёшим 44 да. 4 нафар фарзандим бор. Улар ул- ғайиб, харажатларимиз ҳам анчайин кўпайиб қолди. Мутахассислигим ҳамшира бўла туриб ишсиз юрганим сабаб Тошкентдан вазир келаркан, муаммоларимизни ҳал қилиб беради, деган мақсадда қабулга келиб, иш сўраб мурожаат қилган эдим. Н. Жўраевнинг олдида соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили мени ишга жойлаштиришга ваъда берди. Натижани кутаяпман, — дейди фуқаро М. Пардаева.

***

Шунингдек, 20 сентябрда Денов туманида ҳам сайёр қабуллар бўлиб ўтди. Жумладан, “Фарғона” маданият ва аҳоли дам олиш масканида Республика Бош прокуратураси томонидан, 3-Денов академик лицейида Ички ишлар вазирлиги томонидан, 14-сон мусиқа ва санъат мактабида,  Республика Олий суди томонидан эса “Шарқ” кинотеатрида Денов, Олтинсой, Шўрчи туманларидан ташриф буюришган фуқаролар мурожаати кўриб чиқилди ҳамда тегишли мутасаддиларга вазифалар юклатилди.

***

Сайёр қабуллар фуқаролар оғирини  енгил  қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган учрашувлар ҳам айни жиҳатларга  хизмат қилди. Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Республика Бош прокурори  И.Абдуллаев, Термиз давлат университетининг ахборот-ресурс марказида Республика  Олий суди раиси К.Камилов, “Баркамол авлод” марказида Республика ички ишлар вазири  П.Бобожонов, 1-сон мусиқа ва санъат мактабида республика давлат Божхона қўмитаси раиси  М.Тоҳирий, шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш масканида  республика давлат  Солиқ  қўмитаси раиси ўринбосари  Н.Нарбаевлар фуқаролар билан  мулоқотлар  ўтказди. Мурожаат муаллифлари билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилиб, мавжуд муаммолар ўз вақтида ҳал этилиши борасида мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди. Қабулга келган фуқаролар учун жойларда етарли шарт-шароит ва қулайликлар муҳайё қилинди.

Сайёра АЛЛАЕВА,
Сарвар ТЎРАЕВ,
Эркин МАҲМАДАЛИЕВ,
“Сурхон тонги”
мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловлар бош мавзу

Бу йил сайловлар йили. Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилнинг 25 июнида 18 боб, 103 моддадан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE