Бош саҳифа / Жамият / Муаммо ва ечимлар

Муаммо ва ечимлар

Албатта, эзгулик-да, одамларни тинглаш, вазифасига совуққонлик билан қараб, ўз қобиғига ўралиб олган айрим раҳбарлар, масъул шахслар туфайли мушкул ишга айланган, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишдан иборат, дерсиз. Бироқ, буни ҳамма ҳам тўғри англаб етяптимикан?

Вилоят ҳокимининг Термиз, Денов, Шўрчи туманлари аҳолиси билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳам ана шу мақсадга амал қилинди.

Электр токи ва табиий газдан нореал қарздорлик, қишлоқ жойларда янги артизан қудуғи қуриш, уй-жойга муҳтож оилаларга ер участкалари ажратиш, ногиронлик пенсиясидаги фуқароларга, бемор болаларга бепул даволаниши учун йўлланмалар бериш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди. Уларнинг айримлари жойида ҳал этилди, қолганларининг ечими бўйича тегишли топшириқлар берилди.

—Ўғлим Жонибек Сатторов икки ёшидан буён ногирон, — дейди Денов тумани Жомий маҳалласида яшовчи Нилуфар Сатторова. — Вилоят ҳокимига мурожаат қилгандик, шу ернинг ўзида ўғлимга ногиронлик аравачаси берилди.

— Денов тумани “Қоракўл” маҳалласида яшайман, — дейди Шаҳноза Жумаева. — Анчадан бери уй-жойимни расмийлаштириш ва мерос масаласи бўйича муаммойим бор эди. Улар бўйича вилоят ҳокимига мурожаат қилдим ва жойида ҳал бўлди.

— Маҳалламизда икки юзга яқин хонадон истиқомат қилади, — дейди Шўрчи тумани “Ғармақўрғон” маҳалласи фуқароси Сафар Холбоев. — Ўн йилдан буён ичимлик сувини узоқдан ташиб келиб ичамиз. Шу сабабли қишлоғимизда артизан сув қудуғи қурилишини сўраб, туман, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилгандик. Шундан сўнг, туман “Сувоқова” ДУК дан вакиллар келиб, кейинги йил Давлат дастурига сув қудуғи қурилиши киритилишини айтган эди. Бундан ташқари, биз яшаётган ҳудуд ери шўрлангани учун уй-жой қуриб бўлмайди. Маҳалламиздаги 30 та оилага бошқа ҳудуддан ер участкаси ажратилиши тўғрисида қилган мурожаатимизга ҳам ижобий жавоб олгандик. Бироқ, орадан тўрт ой вақт ўтса ҳамки ваъда қуруқ ваъдалигича қолди. Бугун вилоят ҳокими илтимосимизга жавобан “Сувоқова” ДУК ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобуловаларга топшириқ берди.

Аммо… Кузатувлардан шунга амин бўлдикки, негадир аксарият мурожаат қилувчилар бундай мулоқотлардан кўзланган мақсад, давлат ҳокимияти вакилларининг аҳоли олдига келиши моҳиятини англаб етмаяпти. Аввало, уларнинг кўпчилиги ҳали боқимандалик кайфиятидан чиқа олмаган. Оддий мисол, уй-жойга муҳтож оилага давлат тўрт сотихдан ер-участкаси ажратган. Аммо, фуқаролар “Менга энди шу ерга уй ҳам қуриб беринг, борадиган жойим йўқ, кўчада қолдим”, дейишгача боришмоқда. Ёки “Эрим ҳам, мен ҳам ишламаймиз, нега бизни қайнотам боқмаяпти, қўлимдаги гўдакнинг нима еб-ичиши билан эса иши йўқ?” дея маломат қиладиганлари ҳам бор. Ахир тўрт мучаси соғ ёш оила ота-онасига қачонгача юк бўлади? Аслида фарзандини моддий жиҳатдан таъминлашни ўзи ўйлаши керак эмасми? Вилоят ҳокимига шароити оғирлигидан, яшашга қийналаётганлигидан, қуда-андаларнинг муросага кела олмаётганидан шикоят қилганларнинг эса саноғига етиб бўлмайди. Бу нима деган гап? Инсон ўз ҳаётини яхшилаши учун тиш-тирноғи билан ўзи ҳаракат қилиши керакмасми аслида? Бизнинг ғурури баланд, уйида нони бўлмаса-да борига шукур қилиб яшайдиган, ори теракдан баланд сурхондарёликлар номига ярашадиган ишми?

Ҳатто, айрим муаммолар маҳалланинг ўзидагина ҳал бўладиган оилавий низолар билан боғлиқ. Бу билан туманда хотин-қизлар қўмитаси раиси, маҳалла раислари ва уларнинг диний-маърифат ва ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилари сидқидилдан иш олиб боришмаётганини аён қилиб қўйди.

Сайёр қабуллардан муддао илгаригидек маҳаллий ҳокимият органи вакилларининг ҳузурига келган фуқароларга отанга бор, онанга бор дейиш кайфиятидан қутулиб, имкон қадар уларнинг муаммосини ҳал этилишига кўмаклашишдир. Бундай ташаббусдан эса ижтимоий масалаларни кўтариш ва бунга масъул шахсларнинг эътиборини тортиш учун фойдалансак, тўғрироқ бўларди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қўриқлашда нима гап?

Шаҳардаги ресторанларда қўриқлаш пункти орқали “ташвиш” сигнали ўрнатилган бўлса, нохуш ҳолатда, масъул ходим “ташвиш” тугмасини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE