Муаллимани неега калтаклашди?

0
37

Халқимизда “Бир кун уруш-жанжал бўлган ердан 40 кунлик барака кўтарилади”, деган пурҳикмат мақол бор. Балки ҳаёт давом этар экан, одамлар орасида келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар бўлиб туради-да, дерсиз. Баҳс-мунозараларнинг бўлгани яхши, фақат одоб доирасидан чиқмаслик керак.

Аммо Жарқўрғон туман 8-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлаётган воқеалар оддий баҳс-мунозара доирасидан ошиб, уруш-жанжал касб этганлиги аянчли, албатта.

Муштумзўрлик ожизлик белгиси. Фақат қўрқоқ, заиф одамгина аёл кишига қўл кўтаради. Гапнинг пўсткалласини айтганда, мактабнинг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдували Соатов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Дилнура Назаровалар томонидан содир этилган муштумзўрлик бутун воҳага достон бўлди. Воқеаларга гувоҳ бўлган 2-синф ўқувчиси Анора Мусурмонова, 8-синф ўқувчиси Саида Шайдуллаева, 6-синф ўқувчиси Фарзона Қўлдошева, 10“а” синф ўқувчиси Латофат Турсунмуродовалар билан суҳбатлашганимизда уларнинг ҳар бири ушбу ҳолат бўйича ўз кўрганларини рўй-рост гапириб беришди. Ушбуларга таяниб айтиш мумкинки, мактабнинг ўқув-тарбиявий ишлари бўйича директор ўринбосари Абдували Соатов ва хотини 30 март куни биргаликда бошланғич синф ўқитувчиси Мўътабар Одиловани залда ўқувчиларнинг кўз ўнгида калтаклаган. Энг аянчлиси, А. Соатов шунинг билан чекланиб қолмайди. Кўнглида адоват сақлаб юрганлиги боис, 5 май куни Мўътабар Одиловани яна ўқувчиларнинг кўз ўнгида иккинчи бор калтаклайди. Ўқувчиларнинг айтишича, анча вақтгача уларни ҳеч ким ажратолмаган.

Мактабга қилган ташрифимизнинг биринчи куни раҳбарият билан учрашиб ушбу ҳолатларга изоҳ сўрадик. Мактаб директори Зафар Кўчаров ҳамда ўқув тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари А. Соатовлар, “Биз бу ишлардан чарчаганмиз”, дея мурожаатларимизга бефарқлик билан қарашди. Мактаб ҳовлисидаги экинзорда 5-6 чоғли қорамол оралаб юрар, ободончилик ёмон аҳволда эди. Кейинги ҳафта борганимизда туман халқ таълими бўлимидан келган вакил ободончилик ишларига бош бўлиб ўқитувчиларни ишлатаётган экан.

Шу ўринда, А. Соатовнинг ёзган тушунтириш хати эътиборимизни тортди. Тушунтириш хатида 30 дан зиёд орфографик ва пунктуацион хатолар мавжуд эди. Беихтиёр хаёлимиздан кечган ўй шу бўлди, “Абдували Соатов раҳбар сифатида қўл остидаги ходимларга адоват сақлаб, муштумзўрлик қилгунча, ўз устида ишласа бўлмасмикан?”

Энг қизиғи, Жарқўрғон туман маъмурий суди 2018 йил 23 май куни Мўътабар Одилова ҳамда Абдували Соатовларга нисбатан кўрилган суд мажлисида А. Соатовга МЖтКнинг 183-моддаси билан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси, М. Одиловага эса шу модда билан 344480 сўм жарима қўллаган.

— Ҳам таёқ едим, ҳам жарима тўладим. Абдували домла эса 5 сутка ўтириб чиқди ва сувдан қуруқ чиқиб кетди. Шундай муштумзўр раҳбар кўпга бош бўлиши мумкинми? Умуман, ушбу хатти-ҳаракатлар педагоглик шаънига тўғри келадими? Бизнинг бузилган ҳуқуқимизни ким тиклайди? Ўртада фақат таёқ еб, ўқувчилар кўз ўнггида шарманда бўлганим қолди. Зўравонлар эса ҳеч нарса кўрмагандек бемалол ишлаб юришибди, — дейди М. Одилова.

Ушбу ҳолатлар бўйича туман халқ таълими бўлими мудири Ф. Тўраевага, “Бу ҳолатлардан юқори турувчи раҳбариятни хабардор қилиш керак”, десак у киши: “Бундан ҳамма раҳбарларнинг хабари бор”, дея изоҳ берди. Нима дедингиз, бу бироз ҳайрон қоларли вазият эмасми? Туман, қолаверса, вилоят раҳбарияти ушбу ҳолдан хабардор бўла туриб, масаланинг ечимини фақат ҳуқуқ-тартибот органлари ихтиёрига ҳавола қилиб қўйишлари мутасаддиларнинг мудроқлигидан далолат эмасми? Мактаб директори туман кенгаши депутати бўла туриб, ушбу можароларга панжа орасидан лоқайдларча қараб, томошабин бўлиб турса, яна кимдан нимани умид қилиш мумкин? Туман кенгаши депутати бўлмиш мактаб директори Зафар Кўчаров ўз мактабида тинчлик ўрнатолмаса, ўз сайловчиларининг ишончини қандай қозонади? Айтингчи, бундай кайфиятда ҳудуддаги муаммоларни ечишда жонбозлик кўрсата оладими? Хулоса қилиб айтганда, соҳа раҳбарлари ушбу мактабда юзага келган ижтимоий носоғлом муҳитни мўътадиллаштириш учун интизомий чора-тадбирлар белгилаши лозим эмасмиди? Яна ким билади, дерсиз, балки бу ҳам халқ таълими бўлими раҳбариятининг ваколат доирасига кирмас. Мактаб маъмуриятида ишлаш учун иштиёқ, жамоа ўртасида ижтимоий адолат бўлмаса, уларнинг қўлида тарбия топаётган ўқувчилардан нимани ҳам кутиш мумкин?

Нега мактаб маъмурияти ташаббусни бўғишга ҳаракат қилмоқда?

Ёхуд бошланғич синф ўқитувчиси, мактаб хотин-қизлар қўмитаси раисаси Чарос Соатованинг шаҳодатномаси сохтамиди?

Мусиқа фани ўқитувчиси Шоҳиста Тўраева “Боботоғ лолалари” номли тўгарак ташкил этиб, ўқувчиларга рақс сирларини ўргатган. 8 нафар тўгарак аъзолари туманда бўлиб ўтган “Баҳор ифори” кўрик-танловида шарафли биринчи ўринни қўлга киритишган. Бу натижалари эвазига туман маданият уйи жамоаси билан “Бойсун баҳори” кўрик-танловида иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритишган.

— Ўқувчиларимиз билан жорий йилда кўплаб ютуқларни қўлга киритдик. Аммо мактабимизда юзага келган носоғлом муҳит туфайли ўқувчиларимизга мактаб хотин-қизлар қўмитаси раисаси Чарос Соатова номақбул сўзларни айтиб, ранжитган. Баъзиларининг уйига бориб, ота-оналарига: “Қизларингизни рақс тўгарагига жўнатманглар, у ерда эгриликка тайёрлашаяпти”, деб бўҳтон қилган. Шогирдларим менга йиғлаб келиб, ушбу воқеаларни сўзлаб беришди, — дейди мусиқа фани ўқитувчиси Шоҳиста Тўраева.

Жумладан, 6 “а” синф ўқувчиси Муниса Сафарованинг туман халқ таълими бўлими мудири номига ёзган тушунтириш хатида ҳам бу ўз исботини топган. Ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда ҳақиқатан ҳам фан ўқитувчиси Ч. Соатова ҳақидаги бу фикрларни тасдиқлашди. Ч. Соатова мактабдаги муҳитни яхшилаш ўрнига, доим ўз ўқувчиларини, айнан, рақс тўгараги қизларини айблаш билан шуғулланиб келган. Ўз-ўзидан, Чарос Соатова ким, деган савол пайдо бўлади.

Мактабнинг собиқ директори Яхшибой Чориевнинг айтишича, Ч.Соатова 8-синфдан кейин ўқимаган. Яъни мактабда фаррошлик қилган. Агар ўқимаган бўлса, қандай қилиб ўқитувчилик мақомига эришган? Мактаб маъмурияти ҳамда туман халқ таълими бўлими томонидан тақдим қилинган маълумотномада Ч. Соатованинг 9-10-11-синфларда мактабда ўқимаганлиги ўз аксини топган. Унда қандай қилиб, 2003-2006 йилларда Термиз педагогика коллежининг “Бошланғич синф ўқитувчиси” мутахассислиги бўйича битирган. Ушбуларга ойдинлик киритиш мақсадида, мактаб директорига мурожаат қилдик. Мактаб директори берган маълумотномада “Ҳозирги вақтда бизда диплом ва диплом копияси мавжуд эмас”, дейилади. Вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Қ. Алмардонов: “ИНН рақами бўлмаса, шаҳодатноманинг сохталигини аниқлаш қийин бўлади”, деди. Шундан сўнг, Жарқўрғон туман давлат архивига мурожаат қилдик. Архив маълумотномасида Чарос Соатова 1996-2002 йилларда тех ходим сифатида ишлаганлиги қайд этилган. Энг қизиғи, 2002 йил сентябрь ойида ўз аризасига кўра ишдан бўшаб, тўғри Термиз педагогика коллежи талабалигига қабул қилинган.

Хулоса ўрнида: ҳар кимнинг ўз ҳақиқати, ўз фалсафаси бор. Кимдир эзгуликни тараннум этса, яна кимдир эгрилик тарафдори бўлади. Аммо Яратганнинг олдига фақат эзгулик ва хайр-оқибат орқалигина борилади. Шуни унутмайликки, иккинчи йўлни танлаганлар, албатта, адашиши тайин.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг