Бош саҳифа / Таълим / Муаллима бахти

Муаллима бахти

Ҳар гал “Халқобод” қўрғонидаги А. Темур кўчасида қад ростлаган Музработ агросервис касб-ҳунар коллежи ёнидан ўтаман: гуруҳ-гуруҳ бўлиб оппоқ кабутарлар мисол талаб қиз-йигитлар чиройли, тоза-озода формаларда турнақатор тизилиб, салом бериб, ичкарига ўтишади.

Кўпинча истараси иссиққина аёл рўпарамдан чиқиб қолади. Ҳамиша салом-алигини, хушкалому, ширин муомаласини канда қилмайди. Бу — Гулчеҳра Абраева, севимли педагог. Суҳбатида бўлсангиз зийрак, фикри теран, ўз ўрнида меҳрибон ва қаттиққўл, самимий муаллима эканини фаҳмламай иложингиз йўқ.

У коллежда 18 йилдирки, талабаларга рус тили ва адабиётидан сабоқ бериб келади. Йиллар шунақа тез ўтарканки, куни кеча Музработга Термиз шаҳридан ойдек келин бўлиб тушган муаллима бугун 53 ёш рўпарасида турибди. Гулчеҳрахонни бутун жамоаси ҳурмат қилади. Негаки, талабалар қалбига тезда йўл топиб, улар ила илиқ мулоқот ўрнатади. У коллеж талабаларига замонавий педагогик технологиялар асосида дарс ўтади. Рус тили ва адабиёти кафедраси мудираси, услубчи, шунингдек, маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият юритаяпти.

Дарсдан ташқари пайтлари “Русское слово” номли тўгарак ташкил этган. Унда 20 га яқин ўқувчи қатнашиб, билимини мустаҳкамлаб боради. Рус тили кечалари, ҳар йил ноябрда “Рус тили ойлиги” ўтказилади. Муаллиманинг тиришқоқлиги ва жонкуярлиги сабаб мунтазам равишда ўқувчилари туман, вилоят миқёсида фан олимпиадасида иштирок этиб, фахрли            ўринларни эгаллашмоқда.

Гулчеҳра опа ўқувчиларни кўпроқ рус шоирлари: А. Пушкин, Ю. Лермонтов, С. Есенин, адиблардан Л.Толстой, А.Чехов, Н.Гоголь асарлари билан чуқурроқ таништиришга, уларнинг ўзига хос услуби, ички олами ҳақида кенгроқ тушунча беришга ҳаракат қилади.

Муаллима бўш вақтида теннис билан шуғулланади. Фарзандларини ҳам спорт билан шуғулланишга ундайди. Турмуш ўртоғи Шерзод Бегимов тадбиркорлик билан банд. У мебель ишлаб чиқариш корхонасида ўғли Ибрат билан бирга ишлайди. Дарвоқе, Г. Абраева яхши таълим-тарбия бериш баробарида фан ўқитувчилари учун бир неча ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи ҳам. Қўлланмалари туман коллежларида оммалаштирилган.

Хуллас, муаллима фаолиятига разм ташлар экансиз, унинг салоҳияти, ички олами гўзал устоз эканига амин бўлаверасиз. Ҳамкасби Тошпўлат Аҳмедов: “Мутахассислигини яхши билувчи, ўқувчилар билан жуда яхши ишлай олувчи мураббийлардан саналади”, дейди. Дунёдаги энг улуғ муҳаббат — бу устозга бўлган муҳаббат ва эҳтиромдир. Уйқусиз тунлар, безовта онлар, изланишлар — муаллимнинг одатий ҳаёт тарзига айланган. Бу эса ҳақиқий устозга завқ ва сурур бағишлайди.

Маҳбуба ХАЙИНОВА,
Музработ тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбийлар-ёшлар даврасида

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан мамлакатимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE