Бош саҳифа / Таълим / “Муқаддас макон” машмашалари ёки мактаб товонини ким тўлайди?

“Муқаддас макон” машмашалари ёки мактаб товонини ким тўлайди?

Таҳририятимизга Бойсун туманидаги 40-мактаб ўқитувчиси номидан шикоят хати келиб тушди. Унда келтирилган далилларни қайта-қайта ўқиб чиқдик. Лекин ҳали фойдаланишга топширилганига бир йил бўлмасдан, ночор аҳволга келиб қолган мактаб биносини тасаввур ҳам қила олмадик. Халқимизда етти ўлчаб, бир кес, деган нақл бор. Шу нуқтаи назардан шикоят хатини ўрганиш мақсадида вилоятимиздаги энг узоқ ва энг чекка тоғли қишлоқда жойлашган 40-мактаб қайдасан, деб йўлга тушдик.

Мавжуд камчиликларни мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари иштирокида кўздан кечирдик. Ўша куни мактаб директори қандайдир иш билан туман марказига кетган экан. Яхшиси, аввало, шикоят хати билан танишинг.

“Ҳурматли таҳририят ходимлари, 2016 йилда орзуларимиз ушалгандек бўлди. 140 ўқувчига мўлжалланган янги мактаб биноси қурилди. Ҳар бир синфхонада тутатиб печка ёқиш, томдан чакка томишлар, хоналарнинг исимаслиги, деворлардаги ёриқлар, хуллас, барчаси ортда қолди, деб роса қувондик.

Аммо, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Зинапояларда, коридорда ётқизилган кафел-брусчаткалар ҳафта ўтмай кўчиб, айрим жойлар чўка бошлади. Деворда узун ёриқлар пайдо бўлди. Олти ой, бир йил ўтиб бўлганда ҳам фаррошлар ёки ўқувчилар эътиборсизлигидан деса бўларди. Ой ўтмай хоналар таъмирталаб бўлди. Мактабнинг олд қисмида уч сотихча майдонда асфальт ётқизишган эди. Ёғингарчиликдан сўнг мактаб ҳовлисига кирган “ЗИЛ” автомашинаси ботиб қолди. Нега ботади, дейсизми? Шоввозлар хом тупроқ устига асфальтни белкуракда сочиб, текислаб кетган экан…

Энг ачинарлиси, иситиш тизими ишламади. Кимдир: сув айланмаётир, қувурлар ҳар хил ўлчамда деса, кимдир: бузилган бинолардан чиқариб ташланган эски батареялар бўяб қўйилган деди. Қишни ўқувчилар дийдираб, ер тепиб ўтказа бошлади.

2016 йил декабрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилингандан сўнг текшир-текширлар бошланди. “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси, вилоят давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси, халқ таълими бошқармасидан келишди. “Ягона буюртмачи хизмати”дан келганлар кўрсатилган камчиликларни тўғри, деб топиб, суратга тушириб ҳам олдилар. Пудратчи корхона раҳбари Мухтор Каримовни койиб, роса жеркишди. Қоп-қоп ваъдалар бериб кетавердилар. Энди билсак бу жеркишлар, пўписалар ҳаммаси тил учида экан. Мана, ойлар кетидан ойлар ўтаяпти. Қурувчилардан ҳануз дарак йўқ.

2017 йил январь ойида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Абдуқодиров имзоси билан жавоб хати олдик. (01-5/вҳ-х-1301)- сонли ушбу хатни тўлиқ келтираман:

“Сурхондарё вилоят ҳокимлиги томонидан сизнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига янги қурилган 140 ўринли ўқувчига мўлжалланган мактаб қурилишидаги камчиликлар масаласида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаатингиз юзасидан қуйидагилар маълум қилинмоқда.

Мазкур ариза вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси, вилоят давлат архитектура қурилиш назорат инспекцияси, вилоят ХТ бошқармаси, масалага алоқадор ташкилотларнинг тегишли мутахассис ходимлари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра Бойсун тумани 40-сонли мактаб 2016 йили “Инвестиция” дастури асосида қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги ва ҳозирги вақтда мактаб биноси, синф хоналари учун етказиб бериш режалаштирилган ўқув партаси ва синф доскалари етказиб берилмаганлиги, б-п.т линолиум қайта таъмирланиши кераклиги, иссиқхона қизимаслиги сабабли тутун чиқиш тешиклар бекилиб қолганлиги, ёрилган чизиқлар пайдо бўлганлиги, жиҳозлар келтириб терилмаганлиги каби камчиликлар аниқланган.

Фойдаланишга топширилган янги мактаб биноси учун етказиб берилиши режалаштирилган 48 комплект парта-стул ва тўрт дона ўқув доскалари 2016 йил 30 ноябрь куни вилоят таълим-таъминот ДУК базасига келтирилган бўлиб, етиб келган жиҳозларни шартнома асосида 45 кун муддат ичида Бойсун тумани 40-сон мактаб биносига етказиб берилиши ҳақида вилоят ХТ бошқармаси томонидан маълум қилинган.

Шунингдек, юқоридаги қайд этилган мактаб қурилишидаги камчиликлар юзасидан далолатнома тузилиб, пудратчи “Муқаддас макон” хусусий корхонаси томонидан 10 кун муддатда тузатилиши тўғрисида кафолат хати олинганини маълум қиламиз.”

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари: А.АБДУҚОДИРОВ.

Доска ва парталар ярим йил ўтиб бўлса ҳам етказилди. Лабаратория хонаси ҳамон жиҳозланмай, қулфлоғлик турибди. Қурувчилар эса ваъдаларини аллақачон эсдан чиқаришган. Юртбошимиз ҳар қадамда куйиб-пишиб сифат ва самарадорлик, интизом, мансабдор шахсларнинг масъулияти ҳақида гапираётган, айниқса, таълим-тарбияга ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараётган паллада буни қандай тушунса бўлади? Наҳотки камчиликларни кўриб, суратга тушириб кетган текширувчилар “Муқаддас макон” раҳбари Мухтор Каримов олдида оғиз уятли бўлсалар?! Пудратчиларни-ку тушунса бўлади. Улар имкон қадар қурилиш материалларини тежаб, наридан-бери топшириб, навбатдаги манзилга йўл олишни кўзлайдилар. Вилоят ХТБ дагилар ҳам улардан қолишмайдиганга ўхшайди.

Мана, янги ўқув йили ҳам бошланди. Қиш эшик қоқай деб турибди. Эллик нафар ўқитувчиларнинг-ку суяги қотган. Ўқувчини, айниқса, олам-олам орзулар билан илк бор мактабга қадам қўйган мур- ғаккина келажагимиз эгалари тақдирига бефарқлик жиноят эмасми? Ҳа, Мухтор Каримов бошлиқ “Муқаддас макон” қурувчилари муқаддас даргоҳда ана шундай машмашаларни келтириб чиқарган. Қурувчилар йўл қўйган камчиликлар қачон бартараф этилади.”

Абдимурод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бойсун тумани

Дарҳақиқат, шикоят хатида келтирилган барча далиллар ўз исботини топди. Директор хонасида битта, 10-синф хонасида 3 та, лаборатория хонасида 2 та, ўқитувчилар хонасида 5 та, каридорда 9 та, фаеда 4 та: жами янги мактаб биноси 24 жойидан ±рилган. Мана сизга давлат бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобига бун±д этилган мактаб қурилишининг сифати. Агар бино пойдеворидаги тупроқ ишлари рисоладагидек бажарилиб, мустаҳкам қурилганда эди, бугунги ҳолат юз бермасди. Шикоятда кўрсатилганидек, иситиш тизими ишламас экан. Мактаб ҳовлисида ±тқизилган асфальт сифати ҳам талабга жавоб бермайди.

— Бир йилдан ошибдики, мактаб лабораторияси учун жиҳозлар берилмайди,— дейди ўқитувчи Жўрабек Раҳимов. — Ахир, химия, биология, физика каби аниқ фанлар учун лаборатория муҳимлигини мутахассис бўлмаган киши ҳам яхши билади. Қайта-қайта мурожаат қилганда, ҳеч бир гап эътиборга олинмаяпти.

— Вилоят давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси томонидан мутахассислар келиб, эски мактаб биносига болаларни мутлақо ўқитмаслик ва киритмаслик ҳақида хулоса бериб, маъмуриятни қаттиқ огоҳлантирди. — Синф хонаси етишмаслиги туфайли биз эски мактаб биносидан фойдаланишга мажбур бўлаяпмиз. Агар ±мғир мавсуми бошланса, сиз кўрган ±риқлар яна каттариб, бу мактаб ҳам авария ҳолатига келиши, табиий ҳол, — дейди афсус билан ўқитувчи М. Эшқурбонов.

Энди дод-бедоднинг фойдаси йўқ. Хатони тузатиш учун эса яна салкам бир мактабга кетадиган маблағ сарф қилиш лозимга ўхшайди… Юқорида келтирилган маълумотлардан ойдай равшанки “Муқаддас макон” МЧЖ нафақат давлатни, мактаб жамоасини, вилоят ҳокимлигини, балки ўзини ҳам алдаганлиги кўриниб турибди. Халқимизда қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг чиқади, деган гап бор. Ўйлаймизки, мендан ўтгунча, эгасига етгунча қабилида қилинган иш муаммоси вилоятимиздаги бошқа қурилиш ташкилотлари ходимлари ва раҳбарларига ибрат ва мактаб бўлади.

Биз эса муаммолар ечими борасида қурилиш ташкилоти ва мутасаддилардан тегишли жавоб кутиб қоламиз.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE