Бош саҳифа / Жамият / Муқаддас қадрият

Муқаддас қадрият

Ўзбек тили олтой тиллар оиласига мансубдир. У тарихан ривожланган, ҳозирги кунда ҳар қандай фикр ва мулоҳазаларни  акс эттира оладиган равон ва бой тилдир. Тилимизнинг луғат бойлигида 1 миллиондан ортиқ сўз ва турғун иборалар мавжуд.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг қўлланиш доираси жуда кенгайди. Уни илмий асосда ривожлантириш учун қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда. Китоб- лар, бир тилли, икки ҳамда кўп тилли лингвистик ва энциклопедик луғатлар чоп этилмоқда. Ўзбек тили халқаро миқёсда ҳам, хусусан, чет эллик ҳамкорлар билан бўлаётган учрашувларда, расмий матбуот анжуманларда, конференцияларда кенг қўлланилмоқда. Чет элликлар орасида ўзбек тилини ўрганишга бўлган иштиёқ  ва диапозон кундан кунга ортмоқда. Шунингдек, интернет тармоғида ҳам тилимиз жаҳон тиллари орасида ўз ўрнига эга.

Айниқса, мустақиллик шарофати туфайли “ҳалол”, “ғирром”, “ёнбош”, “чала”, “дакки” каби ўзбекча сўзлар бугунги кунда халқаро спорт терминларига айлангани кишига фахр, ифтихор бағишлайди.

Ўзбек тили ҳар биримизнинг ҳаётимизда жуда катта аҳамиятга эга. Мисол учун, ҳар биримиз ўзимизга керакли  билимни айнан ўзбек тилида истаган манбамиздан олишимиз ёки аждодларимиз қолдирган маданий ва адабий меросни бемалол шу тилда ўргана олишимиз тилнинг маънавий аҳамиятини белгилайди. Ўзбек тилининг бадиий имконияти чексиздир. Бунда воқелик баланд дид, юксак эстетик талабларга жавоб берадиган маҳорат тил орқали тасвирланади. Бу ўринда ўзбек тилининг бадиий аҳамияти ижод аҳли учун гўзаллик жавҳари сифатида намоён бўлади.

Унинг илмий аҳамияти эса академик Алибек Рустамов таъбири билан айтганда, оддий билим билан чекланмай, маърифатни, яъни билишнинг энг олий мартабасини ҳам ўз ичига олади.

Кейинги авлодларга тилимизнинг бор жозибаси билан етиб бориши учун бугун ёшларимиздан ўзбек адабий тилини, унинг лисоний қонуниятларини яхши билишлари, соф ўзбек тилида мулоқот қилишлари кераклиги талаб қилинмоқда. Шунинг билан бирга ёшлар халқаро тиллар – инглиз, рус, хитой, испан, араб, француз тилларидан бирини мукаммал ўрганишлари лозим. Зеро, тил ўрганиш бу энг катта илмдир. Илмли бўлиш эса жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнимизга эга бўлишимизга имкон яратади.

Поён БАКИРОВ,
филология фанлари доктори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan