Бош саҳифа / Адабиёт / Муҳаббатли умрингиз бўлсин

Муҳаббатли умрингиз бўлсин

Муҳаббат кўнгилда гул ундириб, уни гулзорга, бўстонга айлантиради. Гўзал бу туйғудан ҳароратланган дилнинг иқлимида ажиб фасллар пайдо бўладики, унинг ҳар лаҳзасида ажаб кашфлари бор. Агар бу янги шеър, янги кечинмалар билан алоқадор бўлса, бу ҳолдан, албатта, қувонмоқ керак.

Боймоқлидан Термизга шамолдай келиб кетадиган шоир акамиз Менгнор Олломуродни шеърият ихлосмандларига таништиришнинг кераги йўқ. Сирасини айтганда, катта ва ўрта авлод шоир ижодидан анча хабардор. Аксарият ёшларимиз интернетни ва бозор адабиётини ўқийди ва шуни чин санъат деб тушунади. Билмайдиларки, воҳада ҳам истеъдодли шоирлар, ёзувчилар бор. Уларни танимаганидан, ўқимаганидан ўзи “буюк” деб билгичларни адабиёт одамлари санаб юраверадилар. Менгнор Олломуроднинг “Муҳаббатдан бошқаси ёлғон” номли янги китобини мутолаа этаётиб, беихтиёр шулар хаёлимдан ўтди.

Эй дилоро, кўнгуллашайлик,
Эй нигоро, гул-гуллашайлик.
Боғи оташ аро ёшуниб,
Ёнуб гулу булбуллашайлик.
Тўлди жафо жону юракка,
Кел, эй жоно, дил-диллашайлик…

Китобнинг илк саҳифасидаги ғазалданоқ шоирнинг, китобнинг ҳаяжони, руҳи сезилиб туради. Дарҳақиқат, адабиётнинг, санъатнинг азал мавзуларидан саналмиш муҳаббат ҳақида ёзилганлари кўп. Аммо ҳар дилнинг, ҳар фасл нинг ўз ҳарори, нолалари бор. Эй дилоро, дея ёрга мурожаат қилмиш лирик қаҳрамоннинг ҳоли аён: диллашмоқ, гулдек гўзаллашмоқ, булбулдек ўртанмоқ, бу боқий лаҳзалар аро бахт сурурини туймоқликдир.

Изтироб ичра кулгувчи, бахт ичра тушнуксиз бўзлагувчи шоирнинг дил таржимони — шеър, сўздир. Илло, унга зорланиш ярашмагай, у бу ҳислардан баланд тургайдир. Кўздаги ёшдан ҳам ҳикмат излагайдир у.

Бир оҳу истадим минг ғам кўринди,
Кўнглима кўз ёшим малҳам кўринди…

Ҳадсиз қайғунинг оташи бутун танада ўт ёқар, баъзан унга чидаш бермоқ кишига маҳол келар. Юракни пораламиш қайғу — ойдин қайғуми ёхуд қоронғу бир нима? Баъзан номини топсанг ҳам унинг изтироби юрак ҳовурингни босмас, оғринишлар олислаб кетмас. Қаршингда, ён-атрофингда шундай аламли тиғлар кўтариб турмишлар бўлса, бу янада изтиробли. Юрагингни бутун аламлар эгаллаган оний лаҳзаларда буларни фақат шеър, мушфиқ сирдошинггина англар, тушунар.

Ҳа, шоирнинг ўзига берар саволлари бисёр, улар улканлашиб қуйидаги тўртликда ҳам зоҳир бўлади.

Вақт қайга учадир, сўйлагил, шўхқуш?!
Жон қайга учадир, бўйлагил, чўғқуш!!
Мен кимман, қайдаман…ё дунёми туш?!
Асрорларинг аён айлагил, руҳқуш.

Шоир руҳиятидаги турфа чизгилар ўқувчини ҳам уни тушунмоққа, англамоққа ундайди. Тушунмоқ эса — ҳамма саволларнинг жавоби. Асар ўқувчига ана шу ҳақиқатни яна англатгандек бўлади. Беихтиёр муаллифнинг менга совға қилинган китобга ёзилган дастхати ёдимга келади: “Азиз дўстим, кунлар кўриниб, йиллар кўринмай ўтади. Муҳаббатдан ташқарида ҳаёт йўқ. Табиатга муҳаббат…Ватанга муҳаббат…ёрга муҳаббат…Айтаверсам, у коинот каби кенг. Вақт муҳаббатнинг руҳидагина…муҳаббатдагина УМРга айланади. “Муҳаббатсиз киши одам эмасдур” (Нодирабегим). Муҳаббат ҳамиша сирдошингиз бўлсин!..”

Биз ҳам ўқувчиларга шу тилакларни илинмоқ истадик. Зеро, янги асар мутолааси барчага шу завқни улашсин, деймиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энг яқин дўст, энг яхши совға

Апрелнинг шаррос ёмғирлари тинмай турган кунларнинг бири эди. Одатдагидек кундалик юмушларимиз билан бандмиз. Кутилмаганда боғчамизга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan