Бош саҳифа / Жамият / Моҳир ўқ отарлар ким бўлди?

Моҳир ўқ отарлар ким бўлди?

Журналистнинг қуроли бу, сўз. Аммо Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган мусобақада журналистлар ҳаво милтиғидан ўқ отиш бўйича ҳам ўзларини синаб кўришди.

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Жарқўрғон туман ўқув-спорт-техник клубида ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси ҳамда “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти ходимлари ўртасида спортнинг ҳаво милтиғидан ўқ отиш тури бўйича мусобақа ташкил этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар “Ватанпарвар” ташкилоти Жарқўрғон туман кенгаши фаолияти, у ерда таҳсил олувчилар учун яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишишди.

— “Ватанпарвар” ташкилоти туман кенгашларининг барчасида замонавий технологиялар билан жиҳозланган компьютер хоналари, автомобиль тузилиши ҳамда тренажёр хоналари мавжуд бўлиб, ўқувчилар бу ерда автомобиль қисмларининг қай тартибда ишлашини назарий билим билан бирга амалий машғулотларда ҳам ўрганишади. Қолаверса, ўқув хоналарида аудио ва видео камералар ўрнатилгани учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш олдидан топшириладиган имтиҳонлар ҳам шаффоф тарзда амалга оширилади.

Дарвоқе, ташкилотнинг барча туман кенгашларида спортнинг авиа ва техника модели турлари бўйича тўгараклар иш олиб боради. Биргина Жарқўрғон туман кенгаши қошида спортнинг ҳаво милтиғидан ўқ отиш туридан ташқари авиа ва ракета модель турлари бўйича ҳам тўгараклар ташкил этилган.

—     Ракета модель тўгарагига бугун 30 нафарга яқин ўқувчи жалб қилинган, — дейди ташкилотнинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Азамат Эшматов. — Улар орасидан тумандаги 14-мактаб ўқувчиси Акмал Бозоров ўзи ясаган учувчи кичик самолёт ва ракеталари билан авиамодел спорт тури бўйича ўтказилган мусобақаларнинг вилоят ҳамда республика босқичларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Яна бир гап. Ташкилот қошида ташкил этилган тўгаракларда юқори даражани қўлга киритган ўқувчилар жисмоний тарбия йўналиши бўйича олий ўқув юртига имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳам мумкин.

Тадбирнинг бадиий қисмида тумандаги 9-болалар ва ўсмирлар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

Шундан сўнг, мусобақа ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақада Сурхондарё телерадиокомпанияси директори ўринбосари Муҳиддин Жабборов, аёллар ўртасидаги баҳсларда эса “Заря Сурхана” газетаси масъул муҳаррири Динара Эгамбердиевалар ғолибликни қўлга киритишди.

Шунингдек, газетамиз мухбирлари Феруза Раҳмонқулова ҳамда Сайёра Аллаевалар ҳам иккинчи ва учинчи ўринга муносиб кўрилди.

—           Журналистга аввало, озгина эътибор керак, — дейди Сурхондарё телерадиокомпанияси директори ўринбосари Муҳиддин Жабборов. — Албатта, бундай эҳтиром унинг кучига-куч, ғайратига ғайрат қўшади. Муҳими, шу жамиятга керак шахс эканлигидан қувониб, тўлқинланиб, ижод қилишда давом этади. Шу маънода биз ҳам Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгашининг бундай эътирофидан жуда қувондик. Бундан кейин ҳам ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар, ташаббусларни матбуот, теле ва радио, шунингдек, ижтимоий тармоқларда, интернет нашрларида ёритиб боришни кўнгилга тугдик.

Ф. УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE