Бош саҳифа / Адабиёт / Мисралари оҳорли

Мисралари оҳорли

Лобарнинг илк китобчасини касбдошларим қўлимга тутқазишганда одатдагидек, қофиябоз, шеърият ишқибозларидан бири бўлса керак, деб ўйладим. Бир неча ҳафтадан сўнг китобни синчиклаб ўқиб чиққач, шу нарсага амин бўлдимки, унинг машқларини ҳеч бир тенгдошига менгзаб бўлмасди.

Бирор шеърда ёки сатр да зўрма-зўракилик, сунъий жимжимадорлик, қуруқ баландпарвозлик, шартли қофиябозликни учратмадим.

Азиз ўқувчи, сўзимнинг исботи учун “Сени азиз билганлар” тўпламидан далиллар келтираман. Унинг “Ўзбекистон” шеърини ўқисангиз, Боботоғ баҳори насимларини туйгандай бўласиз. Содда ва самимий.

Қуримасин дейман
 тошқин дарёлар,
Боғидан кетмасин
 дилхуш саболар.
Бугун дунёларга
 юз бурган Ватан,
Бағрига боссин-да
 сени дунёлар.

Қизимизнинг назмий ташбеҳларидан, содда ва бетакрор фалсафий умумлашмаларидан Зулфия Мўминованинг, Ҳалима Худойбердиеванинг нуқси — нафасини ҳис қилгандай бўлдим. У “Хотирлаш” шеърида “оҳ”, “воҳ”, қуруқ риторика, ёки панд насиҳатдан ҳоли, ўзига хос тасвир орқали фикрини лўнда қилиб ифодалайди.

Гарчи ифоридан
 маст бўлар олам,
Минг афсус, сўларкан
 бир куни гул ҳам.
Бир юртнинг юкини
 кўтариб кифтда,
Кетди орамиздан
 бир буюк ОДАМ.

Аслида ижод қилишдан, шеър ёзишдан мақсад фикрни, мақсадни лўнда ва дангал ҳолда ўқувчига етказишдан иборатдир. Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов “майда гапни кўтармагай шеър”, деганда айнан шу нарсалар назарда тутилган.

Лобар айрим тенгдошлари қатори “мен сени қизингман, юлдузингман, сенга жоним фидо”, деган баландпарвоз, ўқувчини бездирадиган сўзлардан, ҳолат ва тасвирлардан қочади. Юртни севиш учун тутуриқсиз ваъдалар бериш, Ватан аталмиш муқаддас она қулоғига бақириш (ваҳоланки ҳозир бу урф бўлган) шарт эмас. Ватан ҳақида самимий истагини “Қалдирғоч” шеърида шундай якунлайди.

Айвонимга ин қурсин,
Аламда қолсин ғаним.
Тўлсин қалдирғочларга,
Менинг буюк Ватаним!

Мана бу мисоллардан кўриниб турибдики, қизимиз шеъриятнинг, адабиётнинг маслаги, мақсади, вазифаси нималардан иборат эканлигини аллақачон тушуниб етган. Бир ижодкор сифатида қизимизнинг илк китобини ўқиб, шундай хулосага келдим.

Дарвоқе, китоб муқовасидаги муаллиф сурати тагида шундай сўзлар битилган: “Лобар Пўлатова 1999 йил Қумқўрғон туманининг “Очамайли” маҳалласида туғилган. Коллежнинг 3-курс талабаси.” У ҳақда мен билган барча маълумот шу.

Ҳар қалай, нафақат Сурхон адабий муҳитида, балки ўзбек шеърияти остонасида умидли бир ижодкор турганидан ифтихор этдим. Сермашаққат ва серғалва ижод довонида оқ йўл, тилайман! Ўзингдек навқирон, қалбингдек бепоён адабиёт гулшанига хуш келибсан, қизим Лобархон.

С.ОМОНҚУЛОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Рамазон илҳомлари

Ўн саккиз минг олам сарвари Сен сан, Жамики кўзларнинг гавҳари Сен сан, Нега нил бузилди …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan