Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Минг қўшчига бир бошчи

Минг қўшчига бир бошчи

Авваллари вилоятда аҳолини парранда гўшти ва тухум билан таъминлаш мақсадида бир неча паррандачилик фабрикаси, ҳар бир хўжаликда товуқчилик фермалари фаолият кўрсатарди.

Асосан Термиз, Ангор туманлари ва Термиз шаҳри аҳолисини сифатли тухум билан таъминлаш мақсадида Учқизил қумликлари бағрида қурилган паррандачилик фабрикасига ўша даврнинг раҳбарлари Холмамат Нормуродовни бошлиқ қилиб тайинлашганда, адашишмаган экан. Чунки бу одам мазкур корхонада оз эмас, 35 йил раҳбар бўлиб ишлади. Шу давр мобайнида соҳанинг барча сир-синоатларини пухта эгаллади.

Собиқ иттифоқ тарқагач, бошқа жойларда бўлгани каби вилоятдаги паррандачилик фабрикалари, колхоз-совхозлардаги товуқчилик фермалари фаолиятини тўхтатди. Узоқни кўра биладиган Холмамат Нормуродов фабрикани сақлаб қолиш учун барча чораларни кўрди. Раҳбарларга халқни тухум билан таъминлаш зарурлигини тушунтирди. Шу ҳисобда Термиз туманидаги фабриканинг бинолари, мол-мулки сақлаб қолинди. Тўғри, товуқ бош сони анча камайди, чунки таъминот ўзига яраша бўлиб қолганди. Холмамат Нормуродов Сариосиё, Шеробод, Жарқўрғон туманларидаги тугатилаётган паррандачилик ва бройлер фабрикаларидан корхона учун зарур асбоб-ускуналарни келтира бошлади. Чунки бу асбоб-ускуналар Нормуродов келтирмаса ҳам талон-тарож бўлиб кетаётган эди. Қисқаси, Термиз паррандачилик фабрикасида йўқ жиҳозлар бор бўлди. Холмамат Нормуродовнинг елиб-югуриши туфайли фабрикада боқилаётган юз минг бошга яқин товуққа бир амаллаб дон-дун топиб бериб турилди.

1994 йили тадбиркор раҳбар фабрикани хусусийлаштирди. Чунки бундан бошқа чораси йўқ эди. Шу ҳисобда фабрикага бошқа жойлардан келтирилган жиҳозлар ўрнатилиб, цехлар янада кенгайтирилди. Корхонанинг қисман бўлсада келтираётган даромади ҳамда банкдан олинган кредит эвазига бошқа вилоятлардан сифатли озуқалар келтирилди. Шу тариқа фабрика секин-аста олдинги шуҳратини тиклади. Ўтган ўн йил мобайнида хусусий тадбиркор Х. Нормуродовнинг саъй-ҳаракати билан паррандачилик корхонаси замонавий жиҳозлар билан модернизация қилинди. Бу эса товуқ бош сонини кўпайтириш, тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятини яратди. Айни пайтда корхона цехларида 230 нафар ишчи меҳнат қилаяпти. Самарқанд, Тошкент вилоятларидан келтирилаётган сифатли дон ҳисобига жониворлардан тухум олиш кўпайиб бораётир. Энг муҳими, ҳар икки-уч йилда корхона цехларидаги товуқлар зотлисига алмаштирилмоқда. Шу кеча-кундузда цехларда 400 минг бош “Ломабраун” зотли товуқлар парваришланаётир.

Мана беш йилдирки, корхона иқтисодий барқарор. Ҳар йили тухум ишлаб чиқариш кўпайиб, даромад ортиб бораётир. Бозор иқтисодиёти шароитидан келиб чиқиб иш юритаётган товуқбоқарлар маҳсулотнинг бир қисмини четга сотиш чорасини излашаётганди. Президентимизнинг ташаббуси билан Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги алоқалар янада изга тушгач, товуқбоқарларга маҳсулотни четга чиқаришнинг имконияти кенгайди. Ҳозиргача корхона цехларида ишлаб чиқарилган 67 миллион дона тухумнинг 2 миллион 800 минг донаси экспорт қилинди. Келгуси йил тухум экспорти ҳажмини янада ошириш чоралари изланаяпти.

— 2014 йили корхонамизда ишлаб чиқарилган тухумнинг таннархи 700 сўм, бир кило товуқ гўшти 18-20 минг сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб тухум харидорларга 500 сўмдан сотилаяпти, — дейди тадбиркор Холмамат Нормуродов. — Чунки тўлиқ модернизациядан сўнг цехларда жониворларни парваришлаш ва сифатли ем билан таъминлаш, оз харажат қилиб, кўпроқ маҳсулот тайёрлаш имконияти яхшиланди. Шу ҳисобда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархи арзонлашмоқда. Маҳсулот арзонлашувининг бошқа сабаби ҳам бор. Воҳамизда паррандачилик ривожига катта эътибор берилаётгани ва тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани боис соҳа тараққий этмоқда. Бир сўз билан айтганда, рақобат кучаймоқда. Кимнинг маҳсулоти сифатли ва нархи харидорни қониқтирадиган бўлса, ўшанинг маҳсулотига талаб ортиб бораётир.

Меҳнат қилганнинг хизмати ерда қолмайди, обрўси ошиб бораверади. Анча вақтдан бери соҳада фидокорона ишлаб келаётган, халқни парранда маҳсулотлари билан таъминлаш йўлида бой тажриба ва маҳоратини ишга солаётган тадбиркор раҳбар Холмамат Нормуродов ишига яраша муносиб рағбатлантирилаяпти. Яқинда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига кўра, корхона раҳбари Холмамат Нормуродовга “Фидокорона хизматлари учун” ордени берилди. Шубҳасиз, бу мукофот жамоа хизматига берилган баҳодир. Рағбат эса Х. Нормуродовни ҳам, у билан бақамти ишлаб келаётган аҳил паррандабоқарларни ҳам янги марралар сари ундаши табиий.

Маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда Хуршида Турсунова, Зарифа Жўраева, Насиба Мамараджабова каби товуқбоқарлар, жўжа очириш ва уларни парваришлаш бригадаси етакчиси Олтибой Шосаидов, она товуқларни боқиш бригадаси бошлиғи Абдулла Нормуродов, электрчи Холмўмин Эгамбердиев, бош муҳандис Абдуғаффор Чориевларнинг хизмати таҳсинга сазовор. Меҳнатларига яраша мўмай даромадли бўлаётган ишчи-хизматчилар бой тажриба ва маҳоратларини соҳа равнақи йўлида сафарбар этишаяпти.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жараёнда аёллар фаоллиги

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан Термиз давлат университетида “Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE