Бош саҳифа / Маданият / Миллий ифтихор куйчиси

Миллий ифтихор куйчиси

Инсоннинг комиллик даражаси унинг жамиятдаги ўз ўрнини қанчалик билгани, ўзини жамиятнинг ажралмас қисми эканлигини қанчалик ҳис этиши билан белгиланади. Шундагина инсон ўз қадр-қиммати халқнинг, миллатнинг қадр-қиммати билан нечоғлик боғлиқ эканлигини англайди.

Шоира Зулфияда миллий ифтихор туйғуси юқори эди. Бинобарин, бундай туйғудан маҳрум одам ўзлигини танишга интилмайди, ўзлигини танимаган одам эса инсоний қадр-қиммат учун курашмайди. Шу маънода, Зулфия ўз халқининг бой маданияти, букилмас эътиқоди ва пок иймони, мазмундор тарихидан ифтихор қилгани ҳолда ватанпарварлик намунасини ўз шеърлари орқали кўрсата олди.

Ватанни улуғлаш, уни эъзозлаш, мадҳ этишга чақириш шеърият учун ғоят табиий, жуда жўн ва осон кўчадиган нарсадай кўринади. Бироқ, бу тарихда эркинлик ўрнига қуллик ҳукм сурган, адолат топталган, миллий қадриятлар камситилган бир шароитда осон кечмаган. Аммо, шоира Ватан куйчиси бўлиб майдонга чиқди, ўз сози билан одамлар юрагида миллий ғурур оловини ёқди.

Ўзбек – ўзига бек! деган унвонни
Яратганнинг ўзи қилган-ку ато!
Шаккоклик бўлмасми, бу суюк номни
Қуллар деб таҳқирлаш!
Хатодур, хато!

Шеър чинакам санъат даражасига кўтарилмоғи учун унда ғоявийлик билан бадиийлик чамбарчас бирикиб кетиши керак. Зулфиянинг мазкур шеърида бу яққол намоён бўлган.

Шоира қалбида жўш урган туйғуларни ғоят юқори пардаларда куйлайди, унинг ўзликни англашга чақирган хитоби ҳам юрак-юрагингизга етиб боради ва унда изсиз йўқолиб кетмайди:

Билинг: Комил, Фозил Башар юлдузларига,

Шарқнинг ўзи она бўлган ҳамиша!

Зулфиянинг мустақиллик йилларида ёзган ва адабиётшунослар томонидан юқори баҳоланган “Хотирам синиқлари” достонида шундай ҳолатга дуч келамиз. Яъни, шоира мус- табид тузумда дардига даво тополмаган, адолатсизликлардан қадди дол бўлган бечора, мушфиқ онанинг ички кечинмаларини халқ мақоли билан ифодалайди:

Онам  “сув бошидан лойқа” дердингиз,
Билмасдик бу гапда ҳақиқат зуҳур.
Муҳташам бинода сирли, яширин
Асл йигитларга қазиларди гўр.

“Сув бошидан лойқаланади” мақоли воситасида ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдон тотган, мустабид тузумнинг зулмкорлигини бошидан кечирган онанинг фикрини аниқ ифодалайди.

Шоира ҳақида ҳар қанча гапирсак оз, чунки ўз ижоди билан бир умрга ўзига ҳайкал қўя олган ижодкорлар қатори асрлар оша мангу яшайди. Шоира эътирофича: “Йиллар ўтаверади, ер юзидаги ҳаёт бундан ҳам гўзаллашаверади, унда бугунгидан ҳам яхшироқ  руҳи бой одамлар яшайди. Агар ўша кишилар ҳам менинг бирор сатримни эсга олсалар, ўша сатр улар учун керакли бўлса, қалбининг бўш нуқтасини тўлдирса…!”. Дарҳақиқат, шоиранинг орзу-умидлари бугун тўлалигича ўз исботини топмоқда.

Дилбар НОРМУРОДОВА, Термиз шаҳридаги
11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси
Умида АБДУРАЗОҚОВА,
ўқувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan