Бош саҳифа / Жамият / “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактаби”

“Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактаби”

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.

13 январь тонги. Термиз шаҳридаги хотира хиёбонидан таралаётган ҳарбий оркестр садолари барчани бошланажак маросим сари чорламоқда эди. Бу кун шаҳар кўчаларини тўлдириб келаётган юртдошларимиз тинчлигимиз йўлида жон фидо этганлар хотирасини ёд этиш ниятида майдон сари ошиқарди. Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири  А.Азизов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги   Хавфсизлик  кенгашининг котиби  В. Махмудов, вилоят ҳокими Э.Турдимов, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона ва ташкилотлар, ижодий жамоалар, миллий маданий марказ ходимлари

Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Шундан сўнг, мамлакатимиз сар- ҳадлари дахлсизлиги ва тинчлигимиз посбонлари бўлган ҳарбийлар ва ҳарбий техникаларнинг  шаҳар кўчалари бўйлаб намойиши бошланди. Намойишни кузатаётган ёшлар ва кенг жамоатчилик уларни кучли ҳаяжон, кишини завқлантирадиган, юрагини ғурурга тўлдирадиган ҳайқириқлар билан олқишлади.

— Бугун мен ҳарбий акаларим қатори ҳарбий саф намойишида қатнашдим, — дейди 14-мактаб ўқувчиси Муҳаммад Мирҳикматов. — Сафда юраётганимда юрагим тез урди.

 

Билагимга куч тўлгандай бўлди. Фахрландим. Энди мен ҳам келгусида қонун ҳимоячиси бўлмоқчиман, қонунни менсимаганлар ва ҳуқуқи поймол бўлганларни адолатли суд қилишни ният қилдим.

— Очиғи, бундай намойиш барчамизга, айниқса, ёшларимиз учун кутилмаган воқеа бўлди, — дейди Термиз шаҳри “Юлдуз” маҳалласи фуқароси Ҳабиба Равшанова. — Унда сафда кўкрагини кериб, бошини баланд кўтариб, ёвқурдай қадам ташлаётган ўғлонларимиз, зирҳли, махсус ҳарбий техникаларни кўриб, бугун биз яшаётган юрт ишончли қўлларда эканига гувоҳ бўлдик. Менинг эса бизни ҳимоя қиладиган шундай мард ўғлонларни кўриб, қувонганимдан кўзларимга ёш келди. Шундай азиз юртда яшаётганимга шукрона келтирдим.

Асосий байрам тантаналари “Ёшлар маркази”да давом этди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов Президентимизнинг Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди  ҳамда  ҳарбий хизматчиларнинг юксак маҳорати ва маънавий фазилати, ватанпарварлиги миллий армиямизнинг жанговор шайлигини ошираётганини таъкидлади.

СЕН ХАЛҚИНГНИНГ ЮРАГИДА ЯШАЙСАН ЎҒЛОН!

Музработлик Турдихол Ғаффорованинг ўғли Улуғбек Алибеков Тошкент вилоятидаги жанговор ҳаракатлар вақтида ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабарни эшитганда дафъатан “дод”, деб юборди. Тақдирнинг кутилмаган бу зарбаси унинг қаддини букди. Аммо ўғли юрт ҳимояси, Ватан тақдири учун азиз жонини аямагани учун юпанч бўлди. Бу йил Улуғбек Алибеков давлатимиз раҳбарининг фармони билан “Жасорат” медали билан, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаси билан тақдирланганида бу туйғу яна жўш урди. Юртимизнинг асл фарзандлари, фидойилик ҳеч қачон унутилмаслигига яна бир бор амин бўлди. Тадбирда Турдихол ая сингари сарҳадларимиз дахлсизлиги  йўлида  жон фидо этган юрт посбонларининг оила аъзоларига орден ва медаллар, қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.

Аслида ҳам халқимизда азалдан юрт посбонлари, осуда ҳаёт қалқонларига алоҳида эҳтиром кўрсатиб келинган. Бу азалий қадрият истиқлол йилларида янгича асосда давом этаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Жумладан, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг моддий, ижтимоий-маиший шароитларини сезиларли равишда яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

— Ўтган йили август ойида фарзанди Ватан учун жон берган ўғлонларнинг оила аъзолари учун Хитойнинг Пекин шаҳрига саёҳат уюштирилди,  — дейди чегара қўшинларида хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган Турғун Жўраевнинг отаси Эркин Бегимов. — Улар орасида мен ва турмуш ўртоғим ҳам бор эдик. Ўзга шаҳар, бутунлай ўзгача ҳаёт тарзини кўриб, анча ғуборларимиз ариди. Ҳар йили байрамларда ўғлимнинг касбдошлари ҳамда мутасадди ташкилот вакилари йўқлашади. Мен ҳам, ўғлимнинг онаси ҳам бундай эътибордан қувонамиз. Демак ўғлим ҳали ҳам Ватанга хизмат қилаяпти, деган ўй хаёлимиздан ўтади. Унинг ёди яшаётгани юрагимизга таскин беради.

— Турмуш ўртоғим майор, Эркинжон Алиқулов хизмат вазифасини ўтаётиб оламдан ўтган, — дейди Санобар Абдимўминова. — Энди ўғлим Элбекжон ҳам отасидек ички ишлар ходими бўлишни дилига туккан. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдорман. Айниқса, вилоят раҳбарининг “Ҳаммангиз доимо давлатимиз эътиборидасизлар, сизларнинг нимаики муаммоингиз бўлса, уни ечишга ва сизларга кўмак беришга доим тайёрмиз”, дея айтган сўзлари кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Албатта, миллий армия салоҳиятини юксалтиришда Қуролли Кучларимиз сафларини яхши тайёрланган, бақувват ва мард йигитлар билан тўлдириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда табиийки, чақирилувчиларни сифатли тиббий кўрик ва синовлар асосида саралаб армия сафларига олиш асосий ўрин эгаллайди. Шу боис, туман ва шаҳарлардаги чақирув пунктлари бугунги кун талаблари асосида замонавий тиббий жиҳозлар, ўқув-методик анжомлар билан таъминланди. Шунингдек, тадбирда мудофаа ишларининг вилоят бошқармаси, шаҳар ҳамда туман бўлимларига Президент совғаси — хизмат машиналари топширилди.

Байрам тадбирида давлатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва миллий армиямиз шаклланишига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, тизимда ўтказилган “Энг яхши мутахассис” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

– Гуруҳ  командири сифатида мен нафақат аскарларга раҳбарлик қилишим, балки уларга ҳар томонлама ўрнак ҳам бўлишим лозим.  – дейди  ҳарбий  қисм командири, “Энг илғор мутахассис” кўрик – танловида “Энг илғор батальон  командири” номинацияси ғолиби Содиқ Шердонақулов. – Ўз билимимни янада бойитиб, замонавий  ҳарбий техника ва ускуналарни ўрганган ҳолда, олдимга қўйилган вазифаларни астойдил адо этаман. Ватанимга хизмат қилаётганимдан  фахрланаман.

Тадбир якунида таниқли санъаткорлар иштирокидаги байрам концерти ҳам намойиш этилди ва сана муносабати билан байрам дастурхони ёзилди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Баҳром НОРМУРОДОВ,
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Сурхон тонги” мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan