Миллий қадриятлар, миллий хазинамиздир

0
41

Дунёдаги  мураккаблик, энг оддийликдадир. Бу нарсани не-не даҳолар қайта-қайта исботлашган ва такрорлашган. Инсон ҳаёти, табиати қанчалик содда, самимий ва оддий бўлса, шунчалик мазмунли, файзли, ҳаётий фалсафага бой бўлади. Оддий қишлоқ аёлининг жайдари ҳаёт йўли катта-катта китоб- ларга мавзу бўлгудай. Фақат граф Толстой айтганидек, ёзувчининг уни қандай ёзишига, ўқувчига қандай етказишига боғлиқ. “Зараутда ўтган дамлар” деб номланган хотира битикларини ўқиб, шундай хулосага келдим. Воқеа ўтган асрнинг 20-40 йилларини ўз ичига олган. Унда Сурхон одамларининг феномен даражасидаги феъл-атвори, миллий қадрият лар, шукрона, ирода, яшашга бўлган иштиёқ, фарзандлари, қишлоқдошларига нисбатан бетакрор самимий меҳр-муҳаббат, орият ва оқибат жуда қуйма ҳолда, айни вақтда қишлоқ одамларига хос зако ва содда тилда таърифланган.

Бу хотиралардаги ҳар бир кичик “манзара” бугунги замонавий одамлар, келгуси авлод учун ибрат мактаби бўлишига шубҳа йўқ. Сиз битикларни ўқиб чиққач, юқоридаги фикрларга амин бўласиз, деган умиддамиз. Азиз воҳадошлар, агар сиз ўтмишда ёки ҳозирда ана шундай ибратли ҳаёт тарзидан воқиф бўлсангиз, бизга мактуб йўллашни унутманг.

Олтин, кумуш конлари маълум муддатда тугайди. Лекин бизнинг битмас-тугунмас конимиз — хазинамиз борки, йиллар, асрлар ошган сайин захираси тўлиб-тошиб бораверади, бу бойлик миллат каби боқийдир. Шу маънода ҳам миллий қадриятларимиз миллий хазинамиздир. Ўйлайманки, Саодат Ваҳобованинг хотира битиклари ўзини ва ўзлигини англаган ҳар бир ўқувчи учун мухтасар сабоқ ва ибрат бўлғусидир.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг