Бош саҳифа / Жамият / Мени кутган ҳақиқат…

Мени кутган ҳақиқат…

Чамаси, 2008-2009 йиллар эди. Қашқадарёга бордим. Яқинларимни, яъни отамнинг акалари ва укаларини зиёрат қилгач, 1-2 кун меҳмон бўлдим. Меҳмондорчиликларнинг бирида қўшни қишлоқлардан бирига ўтдим.

Одатдагидек, меҳмон дарагини эшитиб, бир гуруҳ нуронийлар ҳам келишди. Ҳол-аҳволлашиб бўлишгач, улардан бири: “Бу жигит кўзимга иссиқ кўринаяпти, таний олмайроқ туриппан, кимлардан?”, деб қолди.

— Маҳмадали бобонинг набираси, сурхондарёлик Норсафарбойдинг ули, — деб таништирди мезбон.

— Ҳа-а… банкирдинг улима? Ўзимиздан экан-қу,— деди нуроний. — Бобонгиз хўп аломат одам эди. Мард одам эди,— деди нуроний.

Бобом ҳақида деярли ҳеч нарса билмасдим. Билганларим, у киши жиддий, мулоҳазали киши эди. Унча-мунчага кулмас, ҳар нарсага, айтайлик, гурунгга аралашиб, фикр билдиравермас, қизиқиб қолишса, қисқа, лўнда жавоб билан қаноатланарди.

Иккинчи жаҳон урушидан қайтгач, “у — бу ер”ларда ишлаган, бир неча бора ишини алмаштирган, аммо кейинчалик нимагадир ишни ташлаб, қолган умрини чўпонлик қилиб ўтказганидангина хабарим бор эди.

— Бир нарса эсимга тушиб кетди. Бу гапди энди айтсам, бўлаберади. Бир оёғи гўрда турган одамга ёлғондинг кераги жўқ. Бобонгиз у пайтлар районда, ревизор бўб ишларди, — деб гурунгни бошлаб қолди нуроний. — Биз бўса, колхоздинг молига қарардик. Бир кун бобонгиз отда кеб қолди. Жўқоридан молларни саноқдан ўтказиш бўйича топшириқ бўғон екан. Саноқдан ўтказдик. 5-6 та мол кам чиқди.

Биз: “Саноқдан адашдингиз”, деб туриб олдик.

Қайта санадик. 5-6 та мол кам чиқди. Бу вақтда кун кеч бўб қоганди. Маҳмадалибой акт тузаман, деб қоғоз қоралашга тушди. Чойга таклиф қигандик, ичиб журган чойимиз, раҳмат, овора бўманг, деб унамади.

Ўша даврларда “сўм” тугул “тийин”да камомад бўлса ҳам аяб ўтиришмасди. Мазани жомон қочирарди. 5-6 та мол эса ҳазилакам гап эмас.

У моллар чиндан ҳам жўқ эди. Тўғриси, кетадиган жойига кетганди…

Маҳмадалибойга бир болали сигир таклиф қилдик. “Жолт” этиб, бир қоради-ю, бош чайқаб ёзишда давом этди. Шу вақтга қадар бунақа ишлар бўлган, келган одам ҳам “иш”га қараб нари борса, бир-икки қўйни олиб, ишни жовиб кетаверарди. Хуллас, “жўқ”, дейдиган одам бўган эмас, десам алдамаган бўламан. Чунки, текширишга кеганлар ўзимиздан, элчилик, қишлоқчилик, “юзинг-кўзинг“, дегандай…

Кам ойтдик, деб болали сигирга яна бир қўй ҳам қўшдик. Маҳмадалибой эса бу сафар бош кўтармади ҳам, чайқамади ҳам.

Биз ҳам аж (ўжар) лик қиб, у кишининг ёзган актига қўл қўймадик. Бобо ҳеч нарса демай кетди. Биз эса дарров қишлоқ оралаб, кечаси билан одамлардинг 5-6 та қорамолини олиб кеб, давлатнинг молига қўшиб қўйдик.

Эртаси куни райондан бир гуруҳ одам кеб, молни икки қайта текширувдан ўтказди. Мол тугал эди. Маҳмадалибой ҳам, келганлар ҳам ҳайрон.

Биз ҳам: “Мол тугал эди, одамингиз қайта текширишдан эринди”, деб туравердик. Кўпдики амал бўлди. Райондан келган одамлар Маҳмадалибойди қаттиқ изза қилишди. Биздан эса узр сўрашди. Қайтишар экан, Маҳмадалибой ёнимга келиб, жилмайиб, секингина “…бой, одамди бопладингиз”, деди.

Шундан кейин кўп ўтмай, Маҳмадалибой у ердан ҳам ишдан кетиб, чўпон таёғини олди. Бирида давлатдинг, бирида элдинг молини боқиб журди. Бола-чақасини шунинг орқасидан одам қилди…

Кўп давраларда, тўй-маъракаларда дуч келдик. Маҳмадалибой ҳеч нарса бўмагандай, қадрдонлардай сўрашиб журди, оғринганини билдирмади. Бизга ҳам, бошқаларга ҳам бу ҳақда ҳеч нарса дегани жўқ. Бу гапди, мана, энди мен чиқараяппан.

Орадан узоқ жиллар ўтгач, “ўша иш”ди эслатиб, узр сўраганимда: бўлар иш бўб ўтди, мен эсимдан чиқарганман. Сиз ҳам эсингиздан чиқаринг”, деган эди. Шундай, пеъли кенг одам эди, раҳматли…

Бобом ҳақида бундай гапларни эшитар эканман, кўксим ифтихор туйғуси билан тўлди. Жуда хурсанд бўлдим.

Отам ҳам бир гапни кўп такрорлайди: “Ўғлим, бир умр мендан фарзандларимга исноди ном қолмасин, деб яшадим. Сизлар ҳам шунга амал қилинг!”.

Шундай, токи, биз сабаб келажакда авлодларимизнинг боши кўп олдида хам бўлмасин!

Эркин Норсафар

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan