Бош саҳифа / Жамият / “Мен пора олмайман!”

“Мен пора олмайман!”

Биз, ФҲДЁ органи ходимлари аслида жуда “ҳалол” одамлармиз. Кўпчилик, бизга, айниқса, мудираларга маза, деб ўйлашади. Йўқ, адашасиз, энг оғир иш бизники. Кунига ўнлаб одамни қабул қилишимизга тўғри келади. Бу даргоҳдан қанчалаб одамларнинг фарзанди исмли бўлиб кетишади. Яна қанчасини никоҳдан ўтказиб, ҳақ-ҳуқуқли қилиб берамиз. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди-да.

Биласизми, бизнинг соҳада ишлаш қийин. “Қилни қирқ ёриш” эмас-у, аммо устаси фаранг бўлиш керак. “Қуруқ қошиқ, оғиз йиртар”, деган гапни биласиз-а? Ҳа, балли, бу айнан бизга тегишли. Лекин шуни тушуниб етмаганлар баъзида одамнинг хунобини ошириб юборади-да. Неча йиллардан бери ФҲДЁнинг нонини еб юрибмиз, тажриба бор, ҳуқуқ бор. Нима қараб турармидим, дарров дангалига ўтаман. Тушунгани дарров санаб, атаганини чиқаради. Тушунмаганини озгина ҳужжатлардаги камчиликларини топиб, “отангга бор, онангга бор” қилиб сарсон қилсак бўлгани.

Бу ишингиз нотўғри, дейсизми? Ҳечамда. Ахир, бизнинг ҳам харажатларимиз бор. Уни ким қоплайди? Масалан, менинг ўзим неча йилдан буён туман ФҲДЁ бўлимида мудиралик қиламан. Кун ора ҳисобот топшириш учун вилоят маркази – Термизга қатнайман. Кейин, яқинда вилоят марказидан янги қурилган уйлардан бир эмас, уч хоналисини олиб қўйдим. Уйнинг бир ойлик кредит тўловининг ўзи уч миллион сўмга боради. Бу ёғи яна ўзимга қарашим, чиройли кийинишим керак. Ҳарҳолда мудираман. Ахир, буларга ойлик маошим “чамбилга чироқ ҳам бўлмайди”. Шунга озгина хизматимизнинг чиқими борлигини келганларга тушунтирамиз-да.

Дарвоқе, мен бошқа мудираларга ўхшаб “ставка”ни кўп қўймайман. Бор йўғи битта туғилганлик ёки никоҳдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома учун 20 минг сўмгина оламан, холос. Нима бу пора дейсизми? Йўқ-йўқ, пора эмас, бу рози қилиш дейилади. Ҳаром пул? Э, нималар деяпсиз. Бошқалар миллионлаб сўм пулни ўмараётганда, менинг олган 20-30 минг сўм “ҳаром” пулим жиғилдонимдан тешиб чиқармиди?

Аммо баъзида зиқналар ҳам чиқиб қолиб, роса асабимга тегади-да. Яқинда денг, битта ҳарбий йигит хотини билан келди. Никоҳдан ўтмоқчи экан. Асосий ҳужжатларни тақдим қилгач, мен ҳам гапни айлантириб, бош- қа вилоятда яшагани учун ўша ҳудуддан никоҳда бўлмаганлиги ҳақидаги справкани олиб келишини сўрадим. Биласиз, ҳарбийлар ўз вилоятида эмас, бош- қа ҳудудда ишлашади. У бўлса, “йўталиш” ўрнига жазаваси тутиб қолди. Шу ҳужжат учун бошқа вилоятга бориб келишга вақти йўқ эмиш. Ишхонадан рухсат бермасмиш. Тағин яна “аслида ҳозир замонавий технологиялар, интернет бор, “запрос” берсангиз бўлмаймидими? Ахир, биз у ерда вақтинча рўйхатда турганмиз, доимий рўйхатимиз шу ерда бўлса. Вақтинча рўйхат билан “ЗАГС”дан ўтказмайди-ку” дейди ғалча. Шуларга ақли етган, “йўталиш”ни хаёлининг кўчасидан ҳам ўтказмайди-я. Хуллас, роса ҳалоллигимни, қонунни пеш қилиб, жўнатиб юбордим. Шундан сўнг, уялмай-нетмай, устимдан порталга арз қилибди. “Порталчилар”га қонунни чиройли қилиб тушунтириб қўйдим.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, ўша справкани олиб келибди, номард. Эҳ, ўқиб, уқмаган, шунча жойга бориб келган харажатингни тортмамга солсанг, олам гулистон эдику, дегим келдию, тағин тилимни тишладим. Бу сафар, сиз фақат туман ФҲДЁдан справка олибсиз, энди вилоятдан олиб келинг, дедим. У эса “шуни бошида айтсангиз бўлмасмиди, яна Сирдарёга қайтиб бораманми?” дея баттар қизариб, бўзарди. Кейин бошқа туманда ишлайдиган мудира дугонамга қўнғироқ қилдим. У бўлса, бошқа нарсани баҳона қилишимни маслаҳат берди. Кейин энди вилоят марказидан ҳам справка олиб келишини айтдим. Роса гапни уқмайдиган гўл экан. Бу ишорамни ҳам тушунмади. Ахийри, асабим бузилиб, ҳозирча тўловларни қилиб келишини айтиб, хонамдан чиқариб юбордим. Қурмағур, бир пасда тўлаб келибди денг, эндигина ёш “папаша”дан янги туғилган фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси учун бор-йўғи 20 минг сўмни олаётганимда келиб қолди-да. Нима қилишимни билмай, никоҳдан ўтказишга розилик бериб юбордим. Шошқалоқлигим қурсин. Майли, унинг харажатини бошқасидан чиқариб оламан, дея ўзимга тасалли бердим.

Шунақа гаплар, синглим. Бизнинг соҳада ишласангиз, пишиб кетасиз. Лекин баъзида ўрганган кўнгил қурсин, шайтон васвасасига тушиб қоларкансиз.

Э-вой, нима дедингиз, эндиям башарангни очаман барибир, дедингизми… ҳай синглим, иситмангиз йўқми мабодо? А, мухбирсиз? Эҳ, мен шошқалоқ, хом сут эмган банда тилимдан илиниб ўтирибманми? Сипойи ўтиришингиздан билувдима-а? Келинг, қўйинг, синглим, менга азоб берманг. Хўп десангиз, таниш-билишларингизни гувоҳномаларини харажатсиз қилиб бераман. А, лаббай, йўқ.

Нима, фамилиям… М-м…мен… Вой юрагим, дўхтир…”

“Сирли суҳбат”ни оққа кўчирувчи

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тийин сўмни тежайди

“Пулни ҳеч ким ердан супуриб олмайди”. Халқ орасида тез-тез тилга олинадиган бу иборада жон бор. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE