Бош саҳифа / Маданият / Мен падаркуш эмасмен! (тарихий ҳикоя)

Мен падаркуш эмасмен! (тарихий ҳикоя)

1447 йил 14 мартида Улуғбек Мирзога падарибузруквори Шоҳруҳ Мирзо Исфаҳондан Ҳиротга келаётиб сафар асносида вафот этганлиги тўғрисида хабар келди. Шоҳруҳ Мирзо вафот қилган чоғда унинг Улуғбек Мирзодан бошқа барча ўғиллари ҳаёт кўз юмишган, бинобарин Улуғбек Мирзонинг ота тахтига даъвогар бўлиб чиқиши табиий бир ҳол эди.
Шоҳруҳ Мирзо ҳаётлигида бошқа вилоятларга тайинланган шоҳзодалар ҳам тожу-тахт учун курашни бошлаб юбордилар. Ғарбий Эрон ва Форсда Муҳаммад Султон Мирзо, Журжон ва Астрободда Абулқосим Бобур Мирзо, Ҳиротда эса Алоудавла Мирзо ўзларини ҳукмдор деб эълон қилдилар.
Улуғбек Мирзонинг беш ўғли бор эди. Тўнғич ўғли Ибодулло Мирзо бўлиб 5 ёшида (1412-1417), иккинчи ўғли Абдулло Мирзо 14 ёшда (1420-1433), учинчи ўғли Абдураҳмон Мирзо 12 ёшда (1421-1432) оламдан ўтишган эди.
Айни вақтда Абдуллатиф Мирзо ва кенжа ўғли Абдулазиз Мирзоларгина барҳаёт эди. Абдуллатиф Мирзо 1428 йилда туғилган бўлиб, Гавҳаршодбегим тарбиясида ўсган эди.
Улуғбек Мирзо шоҳзода Абдуллатиф Мирзо билан фахрланар, унинг софдил ва олийжаноблиги, фалаккиёт ва бошқа дунёвий илмлар борасида илми комиллигидан хушнуд бўларди. Шоҳзода Абдуллатиф Мирзо дунёвий илмларга қанчалик қизиқмасин, диний ақидалардан юз ўгирмас, дин пешволарига катта эҳтиром, дарвеш ва фақир-у фуқароларга марҳам кўрсатарди.
Шоҳзода Абдулазиз Мирзо акаси Абдуллатиф Мирзога нисбатан анча ғўр бўлиб, дунёвий билим ва жанг санъатини у қадар яхши эгаллай олмаганлиги учун Мирзо Улуғбек шоҳзода Абдуллатиф Мирзога кўпроқ ишонар ва салтанат ишларини юритишда у билан кенгашарди.
-Хуросонга юриш олидидан жиянимиз Абубакр Мирзо ҳокимлик қилаётган Балхни эгаллашимиз лозим, деди вазиру уломалари билан кенгашар экан Мирзо Улуғбек. –Шу бугуноқ қўшинни жангга ҳозирлашга амр этмоқчиман! Сизлар бунга не дейсизлар, аҳли дониш?
Атрофга пашша учса билингудек жимлик чўкди.
-Падарибузруг, сўз айтмоқликка изн берсангиз!-деди Абдуллатиф Мирзо.
-Рухсат, сўзлангиз!
-Балх қўрғони метиндек мустаҳкам. Муҳофазада турган қўшин ҳаддан зиёд кўп. Менинг назаримда юриш қилиб, бу қалъани жанг ила олмоғлик кўп вақтни йўқотмоғлик ва навкару сарбозларни беҳуда қурбон қилмоқдин ўзга нарса эмас.
-Хўш, унда қандай йўл тутмоғликни маслаҳат берган бўлардингиз?
-Магар биз Балхни ўз илкимизга олмас эканмиз, унда Ҳирот тахти учун шоҳзодаларнинг ўзаро жангу жадали авж олиб, Темурийлар сулоласи таназзулга юз тутиши мумкин. Тўғри, ул зот ҳам инимиз, Темурийзода наслидандур, лек ҳозирда гап сулоламиз равнақи ҳақида борар экан иккиланмоғимизга сабаб кўрмаяпман. Абубакр Мирзони Балхдан ҳийла била чақиртириб олмоғлик ва қатл этмоғлик лозим…
Ҳиротдан 14 фарсах нарида бўлган Тарноб қишлоғи ёнида қаттиқ жанг бўлиб ўтди. Қўшиннинг ўнг томонидан Абдуллатиф Мирзо, сўл томонидан Абдулазиз Мирзо бошқариб боришди. Жанг айни қизиган маҳалда Абдулазиз Мирзо қўшини қуршовда қолиб, бардош бера олмай чекинишга мажбур бўлди. Шунда шоҳзода Абдуллатиф Мирзо қўшинини душман устига мардонавор бошлаб борди. Унинг қаршилигига дош бера олмаган ёв қўшини чекиниб, пароканда бўлди. Ҳирот ҳукмдори Алоудавла Мирзо жангда енгилиб, Машҳадга, сўнгар укаси Абулқосим Бобур Мирзо қошига-Кўчанга қочди.
Улуғбек Мирзо барча вилоятларга йўллаган ёрлиғида ғалаба шаънини Абдуллатиф Мирзо номига ёзмоқчи бўлди, лекин Абдуллатиф Мирзо бундан бош тортиб, ёрлиқни шоҳзода Абдулазиз Мирзо номи бирла битишини сўради.
-Иним Абдулазиз Мирзо анчайин ёш ва салтанатни бошқариш борасинда тажрибасиздур. Бул ёрлиқни иним Абдулазиз Мирзо номи бирла йўлласак, ғанимларимиз шоҳзода Абдулазиз Мирзога нисбатан кўпроқ эҳтиромда бўлишарди, деб ўйлаймен,-ўз фикрини билдирди Абдуллатиф Мирзо.
-Лек, Тарноб жангида сизнинг моҳирона тадбирларингиз сабаб Ҳиротни ўз илкимизга олганлигимиз барча амиру аёнларимизга аёндир. Алар бу гапдин фойдаланиб, ҳар хил фисқу фасодга йўлинга ўтмасмулар?
-Падарибузруг, шул вақтга қадар алар қай бир масалада адолатона тўхтамга келиб эдиларким энди алардин андиша қилгаймиз?!
Бу вақтда Алоудавла Мирзони укаси Абулқосим Бобур Мирзо хушнудлик билан қабул қилиб, марҳамат кўрсатди.
-Мирзо Улуғбек Абубукр Мирзони ўзига куёв қилиш мақсадида Самарқандга чорлаб, ҳийла ила қатл эттириб, Балхни эгаллаганидин хабардормен,-деди Абулқосим Бобур Мирзо. –Амакимиз Моварауннаҳр ва Хуросон тизгинини ўз илкига олмоғ ва барча вилоят ҳукмдорларини бўйсундириб, ягона салтанат тузиш истагида кўринадур. Аммо мен бунга ҳеч қачон йўл қўймасмен!
Орадан кунлар ўтди.
Иттифоқо, ака-укалар хос мулозимлар қуршовида Балхни қай тарзда қайтариб олмоғ хусусида маслаҳатлашаётган чоқда эшик олдида Эшик оғоси кўриниш берди.
-Улуғ ҳукмдор! Ҳиротдан чопар бор, ҳузурингизга киришга изн сўрамоқда!
-Айтингиз, кирсун!
Абулқосим Бобур Мирзо чопар келтирган мактубни кўздан кечиргач, “жавобимизни кутингиз”, дея ишора қилди.
-Макуб Ҳиротдан, шайхулислом Баҳоуддин ҳазратларидан эркан. Мирзо Улуғбек қўшинлари ул зотнинг ҳам мол-мулкини талон-тарож қилишиб, дилларига анчайин заҳмат етказишибди.
-Шайхулисломнинг муддолари не экан?- деди Алоудавла Мирзо.
-Чопарни ҳузуримизга чорлангиз!
Чопар кириб келиб, Абулқосим Бобур Мирзо ғаршисида тиз чўкиб, амрига кўз тутди.
-Хўш, шайхулислом Баҳоуддин ҳазратлари бизга қандай туҳфа жўнатибдилар?
-Улуғ ҳукмдор, бир қошиқ қонимдан кечсангиз…
-Кечдим, сўйла!
-Ул зот бул туҳфа ҳақида фақат ўзингиз хабардор бўлишингизни истаб эдилар!
-Бизни холи қолдирингиз!
Девонхонада Абулқосим Бобур Мирзо ва акаси Алоудавла Мирзо билан хос соқчилар қолишди. Чопар эшик томон юриб, бошига қоп кийгизилган йигитни бошлаб кирди. Чопар йигитнинг бошидаги қопни олиб ташлаши билан унинг юзига кўзи тушган Абулқосим Бобур Мирзо ва акаси Алоудавла Мирзо ҳайратда тош қотишди.
…Кўчманчи ўзбеклар хони Абулхайрхон Улуғбек Мирзонинг Хуросонда эканлигидан фойдаланиб, босқин ясаб, Самарқандга қадар етиб келгани ҳақида хабар етди. Улуғбек Мирзо Ҳиротни Абдуллатиф Мирзога топшириб, ўзи Самарқандни ҳимоя қилиш учун ўғли Абдулазиз Мирзо билан шошилинч йўлга тушди.
Худди шу вақтда Абулқосим Бобур Мирзо Сарҳасда эди.
Улуғбек Мирзонинг Амударё-Калиф томон юриш қилганидан хабар топган Абулқосим Бобур Мирзо амакиси ортидан катта қўшин билан амир Ҳиндукани жўнатди. Амир Ҳиндука тун яримида бу фитнадан бехабар Улуғбек Мирзо қароргоҳига ҳужум уюштириб, кўп кишисини ўлдириб, бойлигини ўлжа қилиб қайтди.
Амударёдан кечиб ўтган Улуғбек Мирзо қолган қўшини билан қишни Бухорода ўтказади. Шоҳруҳ Мирзонинг ҳоки солинган тобутни эса синглиси Поянда Султон бегим билан бирга Самарқандга жўнатиб, жасадни гўри Амир мақбарасига дафн эттирди.
Улуғбек Мирзо чекингач, Абулқосим Бобур Мирзо Сарҳасдан Ҳиротга –Абдуллатиф Мирзога қарши катта қўшин жўнатди.
Абулқосим Бобур Мирзонинг қўшинлари сон жиҳатдан шоҳзода Абдуллатиф Мирзо қўшинига нисбатан бир неча баробар кўп эди. Душман қўли баланд келиб, қалъага бостириб киришди. Абдуллатиф Мирзо қўшинлари билан олдинги сафда эди. У чекинмади. Аммо сиқувга дош бера олмаган бошқа саркардалар чекинишди. Натижада Абдуллатиф Мирзо кам сонли қўшин билан қуршовда қолди.
Хос соқчилари ҳалок бўлишиб, ўзи ҳам қўлидан жароҳатланиб, асир тушган Абдуллатиф Мирзони Абулқосим Мирзо Бобур навкарлари саройнинг хос хонаси томон олиб боришди.
Абдуллатиф Мирзонинг асир тушганини эшитган навкарлари уни қутқариш учун жон-жаҳдлари билан кураша бошлашди.
-Сизларга рухсат!-деди бошига қоп кийгизилган йигитни қўлтиғлаганича кириб келган Алоудавла Мирзо.
Амир Ҳиндука Абдуллатиф Мирзога хунук тиржайганича навкарларни олиб, хос хонани тарк этишди.
-Абдуллатиф Мирзо! Давлат деганлари учиб-қўнар қуш экан,а!?- деди Алоудавла Миро изтеҳзо билан.
-Кулингиз, кулаверингиз! Чунки илкингиз баланд келди. Лекин бу кун ҳам сизга омонат эканлигини унутманг!
-Фарқи шулки, амирзодам, сиз қатл қилинурсиз!
-Ўлимдан қўрқсам бул тахлит иш тутмас эрдим, Мирзо!
-Биз шундай йўл тутурмизки, тоабад сизнинг марҳаматингидан барҳаманд бўлиб, сизни олқишлаётган авом лаънатлаб ўтгай! Номингизни нафрат ила ёд этиб, тарих саҳифаларига муҳр этсинлар!
-Менинг кимлигимни эл-юрт билур, ёлғиз сиз баҳо бера олмассиз!
-Йўғ! Эл-юрт эмас, мен билурмен!
Алоудавла Мирзо шундай дея ёнидаги йигитнинг бошидаги ниқобни кўтарди.
Абдуллатиф Мирзо қаршисидаги Сулдуз уруғидан бўлган йигитни кўриб, ғанимларининг мақсадини англагач, бутун вужуди чексиз алам ва нафратдан титраб кетди.
-Амирзода! Мард бўлсангиз мани майдонда чопунг! Бул тариқа иш тутмоғлик биз каби Темурийзодаларга хос эрмас!
-Жангу жадалда ҳийла ишлатмоғлик айб эрмас!
-Минг лаънат сен малъунларга!-де қичқирди Абдуллатиф Мирзо қўлини арғондан бўшатишга уринар экан. Алоудавла ғолибона ғаҳ-ғаҳ отиб кулди ва ёнидаги хос соқчига ишора қилди…
Кутилмаганда ҳовлида “шоҳзода Абдуллатиф Мирзо қочди, ушлангиз!” деган амир Ҳиндуканинг ҳайқириғи янгради. Алоудавла Мирзо хосхонадан чиқиб, қонга бўялган қопни амир Ҳиндукага топширди.
-Шоҳзодам, ҳаммаси худди айтганингиздек бўлди! Абдуллатиф Мирзо қўшинини эргаштириб, Балх томон чекинди,-деди амир Ҳиндука.
Алоудавла Мирзо унга қаҳр билан қаради.
-Бир қошиқ қонимдан кечинг, улуғ ҳукмдор!-хатосини тузатди амир Ҳиндука.
-Буни кўздан йўқотинг, агар ис олишгудек бўлишса, бешикдаги гўдагингизга қадар қиличдан ўтқазилғай!
-Амрингиз бош устига, ҳукмдорим!..
Амир Ҳиндука таъзим қилганича тисарилиб, кўздан ғойиб бўлди.
Ҳиротни ташлаб чиққан Абдуллатиф Мирзо Балх томон чекинди. Балх бир нечта кичкина вилоятлардан иборат бўлиб, Абдуллатиф Мирзонинг улуши ҳисобланарди. Абдуллатиф Мирзонинг руҳияти ва табиатидаги кескин ўзгариш амиру беклар, сарой аёнларини ҳам ҳайратга солди. Улар бу ҳолни жанг мағлубиятига йўйишди.
Абдуллатиф Мирзо буткул ўзгарган, аввалгидек илм-маърифат билан шуғулланмас, майхўрлик, айшу ишратга муккасидан кетганди.
Шоҳзодани раиятнинг турмуш тарзи мутлақо қизиқтирмай қўйган эди. Унинг фармонидан норози бўлиб бош кўтарган оломонни шафқатсизларча бостиргач, халқ қўрқувга тушди. Бошқа исён кўтаришга журъат эта олмади.
Лекин шундай бўлса-да, кечаётган бу осойишталик замирида халқнинг Абдуллатиф Мирзога нисбатан бўлган нафрати кундан-кун алангаланиб борарди.
Ҳижрий 1449 йилнинг баҳорида амир Ҳиндука Абулқосим Бобур Мирзонинг ҳузурига қайтиб борди.
-Балхда нег гап?
-Ҳукмдорим! Худди сиз амир этгандек мактубингизни шоҳзоданинг илкига еткурдим! Балхдаги одамларимиз амирингизга маҳтал.
-Ул ерда ҳозир бўлғонлар ушбу рўёни ҳақиқат ўрнида қабул қилиб, амакимиз Улуғбек Мирзонинг бул тарзда тутган йўлидин ҳайратга тушмоғликлари лозим,-деди Абулқосим Мирзо Бобур.
-Худди шундай бўлғай, ҳукмдорим!
Абдуллатиф Мирзонинг амакиваччаси Абулқосим Бобур Мирзо билан иттифоқ тузиб, отасига салтанатига қўшин тортганини Улуғбек Мирзо қалъа девори устида ботаётган қуёшни кузатаётган маҳалда эшитиб эти нохуш жунжикди.
Ўтган тундаги тушини эслади: унда Абдуллатиф Мирзо бир қўлида анор ва бирида нон билан туман оралаб падарибузруквори Улуғбек Мирзога пешвоз чиқди. Бир муддат иккиланган Улуғбек Мирзо анорни олди. Қўлидаги анор дабдурустдан ёрилиб, ундан шарбат ўрнига қон отилиб, уст-бошига сачради… Абдуллатиф Мирзо эса кўзда ёш билан ортга тисарилганича туман қўйнида кўздан ғойиб бўлди.
Бу тушдан таъби хира бўлган Мирзо Улуғбек уни нимага йўйишни билмай тонгни бедор қаршилаган эди. Бугун эса ўғли Абдуллатиф Мирзо отасига қарши қўшин тортибди.
-…Балхдаги амирлардин бири шоҳзода Абдуллатиф Мирзога қарши пинҳона исён кўтарибдимиш. Исённи бостирган Абдуллатиф Мирзо анинг ёнидан сизнинг исёнга чорлаган мактубингизни топибдирмуш. Бу ҳолдин ва набокор бекларнинг фисқу фасодидин дарғазаб бўлган шоҳзода Абдуллатиф Мирзо…
-Етар! Бас!-Улуғбек Мирзо айғоқчининг сўзини кесди.
“Наҳот шоҳзода Абдулатиф бул фитнага ишониб, падарига қарши қилич кўтарса!? Бунчаликка бормаслигимни билар эдику!? Малъунлар! Энди мен ва фарзандим орасига нифоғ солмоқни ихтиёр қилишибдурми?”
Улуғбек Мирзо ўғли Абдуллатиф Мирзонинг бу хатти-ҳаракатидан ҳайрон, ноилож Амударё соҳилида турган унинг қўшинига қарши қўшин тортди. У ҳали ҳам муроса йўлида нимадандир умидвор эди…
Жанг уч ой давом этди. Бироқ талай вақтларда устунлик Абдуллатиф Мирзо қўмондонлик қилаётган иттифоқчилар қўшини томонда бўларди. Кутилмаганда чопар келиб, туркманларнинг Арғун қабиласи ўзларига 25 ёшли Абусайид Мирзони бошлиқ қилиб сайлаб, Самарқандни қуршовга олишгани ҳақида хабар келтирди.
Қўшинни отлантирган Улуғбек Мирзо Самарқандга қайтиб, Абусайид Мирзони даф қилди. Мироншоҳ қавчинни шаҳарга ҳоким этиб тайинлагач яна Аму соҳилига қайтди.
Бу вақтда Абдуллатиф Мирзонингқўшинлари Амударёни кечиб ўтиб, Термиз ва Шаҳрисабзни забт этган эди.
1449 йилнинг кузида икки улкан қўшин тўқнашди. Шафқатсиз ва тенгсиз бу жангда Абдуллатиф Мирзонинг қўли баланд келиб, Улуғбек Мирзо Самарқанд томон чекинди. Лекин Мироншоҳ қавчин Улуғбек Мирзога Самарқанд дарвозаларини очмагач, ноилож қолган ҳукмдор таъқибчилардан қочиб, Шоҳруҳияга келди. Шоҳруҳия ҳукмдори Иброҳим ибн Пулод ҳам Абулқосим Бобур Мирзодан қўрқиб Улуғбек Мирзодан юз ўгирди.
“Эгилган бошни қилич кесмас. Яхшиси, ўғлим Абдуллатиф Мирзо ҳузурига бош эгиб бориб, тожу-тахтни анга топширурмен. Ўзим эрса қолган умримни тоат-ибодатда ўтказурмен”, дея ўйлайди ноилож қолган Улуғбек Мирзо.
…Жаллод қўллари боғлиқ Абдулазиз Мирзони қатлгоҳга олиб чиқди. Абдулазиз Мирзо кундага бош қўяр экан, мийиғида кулиб турган акаси Абдуллатиф Мирзога нафрат билан боқиб:
-Сен сенда эрмас, ёхуд сен сен эрмассен,-деди.
Улуғбек Мирзо шоҳзода Абдуллатиф Мирзо билан кўришмоқ истагини билдирди, аммо негадир ўғли уни ҳайрон қолдириб учрашишдан бош тортди. Абдуллатиф Мирзонинг фармонига кўра ҳаж сафарига отланган Улуғбек Мирзо ўзига Каъбатуллони бир неча маротоба зиёрат қилган ҳожи Муҳаммад Хусравни ҳамроҳ қилиб олди. Унинг кайфияти бир мунча тушкун, ўғли Абдуллатиф Мирзонинг ўз иниси Абдулазиз Мирзони қатл қилгани тўғрисида қаттиқ ўкиниш билан ўйланиб борарди.
Тун чўкиб, улар яқиндаги қишлоқлардан бирига киришди. Олов ёқиб, гўшт қовиришаётган маҳал бир чўғ учиб келиб Улуғбек Мирзонинг тўни этагини куйдирди. “Сен ҳам билдинг-а,” деди Улуғбек Мирзо бошини ғамгин чайқаб. Шу вақт дабдурустдан эшик тепки зарбидан очилиб, Аббос бошчилигидаги навкарлар бостириб киришди. Улуғбек Мирзо шахт билан ўрнидан туриб, Аббоснинг кўксига бир мушт уриб қулатди. Аммо унинг навкарлари Улуғбек Мирзони маҳкам ушлашди.
Ҳожи Муҳаммад Хусрав қаршилик қилиш бефойдалигини тушуниб, биродарлар, ҳаммамиз мусулмонмиз, ҳазратга сўнгги маротоба икки ракат номоз ўқишига изн беринглар, деди. Ҳар тугул ғанимлар изн беришди. Улуғбек Мирзо таҳорат олиб, икки ракат номозини ўқиб бўлгач, ҳожи Муҳаммад Хусрав билан видолашди.
Аббос қўллари боғлиқ Мирзо Улуғбекни ҳовлига олиб чиқиб, муборак бўйнига қилич солди…
Бу воқеа ҳижрий 853 йил 8 рамазон (1449 йил 25 октябрь) куни содир бўлди.
…Абулқосим Бобур Мирзо бу йигитга “Сен фақат биз буюрган ишни амалга ошириб берурсан. Қолган умрингни роҳат-фароғатда, айш-ишратда ўтказасан, тожу тахт ишларга аралашмайсан ва ёру биродарларингга ҳеч қачон юз кўрсатмайсан”, деб шарт қўйган эди. Шоҳзода Абдуллатиф Мирзога икки томчи сувдек ўхшайдиган жуда қашшоқ бу йигит ҳақида эса шайхулислом Баҳоуддин содиқ муридларидан бири орқали хабар топган эди. Улуғбек Мирзо Ҳиротни эгаллагач, навкарларига оддий халққа тегмасликни, жуда бой-бадавлат кишилар мол-мулкинигина талон-тарож қилишларига изн берган эди. Бу фармондан азият етган, мол-мулки таланиб, ўзини хўрланган ва таҳқирланган ҳисоблаган шайхулислом Баҳоуддинга Абдуллатиф Мирзонинг ҳам кўпда раият ёнини олиши, фақиру фуқароларга ён босиши маъқул эмас эди…
-Сир фақат ўз эгаси биландур. Сохта шоҳзода Абдуллатиф Мирзо ўз насибасидин етарлича барҳаманд бўлди. Шул сабаб одам қўйингизким, ул кишингиз амакимиз Улуғбек Мирзо тарафдорлари кўнглига қасос ўтини солсунлар. Аларга енгиллик учун кези келганда қўғирчоғ шоҳзодани ёлғизлатингиз. Токи барчаси бизнинг хоҳишимиздек бўлсун!-деб буюрди Абулқосим Бобур Мирзо амир Ҳиндукани Алоудавла Мирзо ҳузурига жўнатар экан.
Бундан бехабар “Абдуллатиф Мирзо” “Боғи чинор”да ҳар кунгидек гўзал канизлар билан айшу ишратга машғул бўлиб, кайфи ошиб ухлаб қолди. Туш кўрди. Унинг олдига юзига рўмол ўраган киши келиб, қўлидаги устига ҳаррир рўмол ёпилган лаганни олдига қўйди.
“Абдуллатиф Мирзо” лаганга қўл чўзиб, устидаги ҳарир рўмолни кўтарди. Унда ўзининг кесилган бошини кўрди. Боши ўзиникими ёки ҳақиқий Абдулатиф Мирзоникими, англай олмай турганида кесилган бош кўзларини очиб, унга даҳшатли совуқ нигоҳини қадади. Бу қарашларда ҳадсиз нафрат ва ғазаб зоҳир бўлиб, унда ўлим шарпаси яққол намоён бўлди.
Туш даҳшатидан қичқириб уйғонган “шоҳзода” навкарларига отини ҳозирлашни буюрди.
“Абдуллатиф Мирзо” бу хосиятсиз жойдан тезроқ кетиш мақсадида отини қамчилади. Мирзо Улуғбекка жуда содиқ бўлган Бобо Ҳусайн Баҳодир ва унинг навкарлари йўл четидаги катта қайрағоч ортида пойлаб туришарди. Отлиқлар улардан узоқлашгач, Бобо Ҳусайн Баҳодир елкасидаги камонни олди ва ўқлаб “Абдуллатиф Мирзо”ни нишонга олди. Камон ўқи кўксини тешиб ўтган “шоҳзода” баъзўр “афсус” дейишга улгурди. Унинг атрофидаги навкару мулозимлар ширин жонлари қайғусида ҳар тарафга қочишга тутинишди. Бобо Ҳусайн Баҳодир бошлиқ йигитлар “Абдуллатиф”нинг бошини кесиб олишиб, Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқига осиб қўйишди. Бу кун ҳижрий 854-йил рабби ул аввал ойининг 26-сида, мелодий 1450 йил 9 май куни содир бўлди…
Хаёлан Абдуллатиф Мирзонинг қабрига боқар эканман, вужудимда беҳоллик сездим. Дилим маҳзун тортди. Назаримда қабр силкиниб, Абдуллатиф Мирзо “Мен падаркуш эмасмен! Мен падаркуш эмасмен!” дея ҳайқираётгандек бўлаверади…

Эркин Норсафар,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Германиялик сайёҳ Термизда адашиб қолди

Сурхон заминидаги мўъжизакор жойлару зиёратгоҳларни томоша қилиш учун дунёнинг турли гўшаларидан сайёҳлар ташриф буюришмоқда. Германиялик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan