Бош саҳифа / Маданият / Меҳридарё устоз

Меҳридарё устоз

Кеча Олтинсой туманида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллуд куни кенг нишонланди

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, эндиликда қисса ва романлари қозоқ, рус, француз ва турк тилларида таржима қилиниб жаҳонга бўй чўзаётган ўзбек миллий адабиётининг ноёб вакили Тоғай Мурод тилга олинар экан, беихтиёр Сурхон воҳаси, Хўжасоат қишлоғи эсга тушаверади. “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасидаги полвонлар, “От кишнаган оқшом” қиссасидаги чавандозлар, “Ойдинда юрган одамлар” қаҳрамонлари ҳали ҳам ўша юртларда яшаётгандек, боғларда болаларга ўрик териб бераётгандек туюлади китобхонларга. Адибнинг асарларидаги кўплаб воқеалар ўз она қишлоғи теграсида бўлиб ўтади.

Тоғай Мурод адабиётга олиб кирган Хўжасоат қишлоғи (Маҳмуд Абулфайз таъбири) ҳудудида кўплаб фозилу фузалоларни етиштириб берган 43-умумий ўрта таълим маскани жойлашган.

Ушбу таълим масканида она тили ва адабиёти фанларининг ўқитилиши ва болаларни китобга ошно қилишга алоҳида эътибор қилиниб келинади.

Ёзувчи вафотидан бир ой олдин “Маърифат” газетаси мухбирига берган интервьюсида ҳам у она мактабида кечган ўқувчилик йиллари, бу ерда болаларни китобга ошно қилиш борасидаги тажрибалари ҳақида тўлқинланиб гапирганди.

Эзгу анъаналар мактабда бугун ҳам давом этаяпти. Адибнинг дўсти Умбар Жалилов ёшларга умумий таълимнинг энг зарур ва нозик йўналиши бўлмиш она тили ва адабиёти фанларидан таълим бериб келмоқда. Устознинг педагогик фаолиятини бошлаганига ярим аср бўлаяпти.

Машҳурликнинг йўли ҳамиша қийин, машаққатли бўлади. Ҳозир Ўзбекистон миқёсида анча-мунча шарафга бурканган 43-умумий таълим мактабининг шуҳрат йўллари кўп осон кечмаган.

Буларнинг бари-барисида 50 йилдан бери узлуксиз ишлаб келаётган фидойи устоз Умбар Жалиловнинг самарали хизматлари борлиги республика матбуот нашрларида эълон қилиниб келинаётган мақолаларда ҳам акс этган.

— Ёзувчи Тоғай Мурод билан баҳслашиб, достонлар, бадиий асарлар мутолаа қилганимиз ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди. Бўш вақтимиз бўлдими, кутубхонага кирсам Тоғай Мурод кутубхона мудири Хадича опадан ё китоб олаётган бўларди ёки олган китоб воқеаларини Хадича опага сўзлаб бераётган бўларди, — дейди Умбар Жалилов.

Дарҳақиқат, “Мен Хўжасоатда дунёни кўрдим” деган ёзувчига дўстининг ҳурмат ва эҳтироми баланд. Мактабида 2003 йилдан эътиборан, Тоғай Мурод таваллуд куни тадбирлари ўқувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бу ҳам адабиётга, Тоғай Мурод асарларига меҳр-муҳаббатнинг ўзгача эканлигидан далолат. Шунданми, мактабда Тоғай Мурод асарларини ёд олган китобхон ўқувчилар кўп.

43-мактабнинг эски биноси 1939 йили халқ ҳашари йўли билан пахса девордан қурилган бўлиб, мазкур илм даргоҳи “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури”га киритилиб, 2007 йилда янгитдан қурилиб фойдаланишга топширилди. Замонавий мактабнинг адабиёт хонасига Тоғай Мурод номи берилган. Тажрибали муаллим Умбар Жалилов ташаббуси билан бу хона Тоғай Мурод музейига айлантирилди. Умбар Жалиловнинг жўшқин, ҳавас қилса арзийдиган, ибратли педагогик фаолияти ҳақида ҳам “Сурхон тонги” газетасининг 2011 йил 12 апрель сонида журналист Юсуф Нортожиевнинг “Тоғай Мурод ўқиган мактабда…” мақоласида муаллимга шундай таъриф берилади: “Дарвоқе, ёзувчига бағишланган музей экспонатларга бойлиги билан одамни ўзига тортади. Бу ерда 150 дан ортиқ экспонат жой олган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, 43-мактабнинг илғорлар сафидан ўрин олишига 45 йиллик иш тажрибасига эга бўлган Умбар Жалиловнинг хизматлари катта эканлигини жамоада ҳам, шунингдек, Олтинсой туман халқ таълими бўлимидагилар ҳам бир овоздан эътироф этишади. У чиндан-да, ўз касбининг фидойиларидан бири саналади.

Ёш авлодга ўзбек тили ва адабиётини ўргатишда бу устознинг ўзига хос ўқитиш услуби, тажриба мактаби бор”.

Кечаги адабиёт байрами бунга ёрқин мисол бўла олади. Олтинсой туманидаги Хўжасоат қишлоғида Ўзбекис тон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод номидаги маҳалла марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Халқимизнинг севимли ёзувчиси таваллуд топган кунда ўтказилган ушбу тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчилар, адабиётшунослар, маҳалла фаоллари, адибнинг дўстлари, мухлислари ва қариндошлари иштирок этди. 

Тоғай Мурод асарларида яратилган бетакрор образлар ўзбек адабиётининг ноёб намунаси сифатида эътироф этилган. У таниқли ижодкор Эрнест Сетон-Томпсон, Жек Лондон сингари ғарб ёзувчиларининг машҳур асарларини маҳорат билан таржима қилиб,нашр эттирган. 

Ёзувчи камолга етган қишлоқда унинг хотираси абадийлаштирилиб, “Узумзор” маҳалласига Тоғай Мурод номи берилди. Маҳаллада 1 миллиард 567 миллион сўм маблағ эвазига барча шароитларга эга Тоғай Мурод номли маҳалла маркази бунёд этилиб, замонавий усулда жиҳозланди. Янги марказда адиб номи билан аталувчи маҳалла фуқаролар йиғини идораси, музей, ёруғ кутубхона, ўқув ҳамда фаоллар зали барпо этилган. 

Кўркам мажмуада профилактика инспектори ва тез тиббий ёрдам бўлимига ҳам алоҳида хоналар ажратилиб, барча қулайликлар яратилган. 

— Ўтган йили суюкли адибимизнинг 70 йиллик юбилейини кенг нишонлаганимизда ул зотнинг номини абадийлаштириш йўлида қатор ишларни амалга оширишни мақсад қилгандик, — дейди Олтинсой тумани ҳокими Э.Бойниёзов. — Шунга мувофиқ ёзувчи униб-ўсган маҳаллага Тоғай Мурод номи берилиб, маҳалла маркази қурилди. Уй-музейи ташкил этилди. Эндиликда Тоғай Мурод боғини барпо этиш режамиз бор. 

Тоғай Мурод номли маҳалла марказининг фаоллар залида ёзувчи таваллудининг 71 йиллигига бағишланган адабий учрашув ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси, туман ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилот ва корхоналар томонидан янги кутубхонага китоблар жамланмаси совға қилинди.

Дарвоқе, ёзувчининг мактабдош дўсти Умбар Жалиловдек устозларнинг ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган ибратли ҳаёти ва машаққатли меҳнати биргина Тоғай Мурод мисолида ҳам таҳсинга лойиқдир.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

Ж. ҚЎЗИМУРОДОВ
олган суратлар. ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE