Бош саҳифа / Жамият / Меҳнатдан қадр топди

Меҳнатдан қадр топди

Олимлар даврасида Эркин Бобомуродовни ҳурматга сазовор олим сифатида қадрлашади. Чунки у изланувчан файласуф, мураббий педагогдир. 1970 йилдан бери олий таълимда самарали ижодий фаолият кўрсатиб келмоқда. Эркин Бобомуродовнинг фаолият йўли илм билан узвий боғлиқ. Олий маълумот олиб қайтгач, Термиз давлат педагогика институтида кабинет мудири, ўқитувчи, комсомол ташкилоти котиби, Низомий номли Тошкент давлат педагогика институти стажёр-тадқиқотчиси ва аспиранти, 1970 йил­дан ҳозирги кунгача олий таълимда турли лавозимларда ишлаб келмоқда. У 50 йиллик фаолиятини илм ва таълим-тарбияга бағишлади.

Эркин Бобомуродовнинг илмий фаолияти асосан жамиятнинг маънавий янгиланиши ва Ўзбекистон ёшларининг ижтимоий психологиясидаги ўзгаришларга бағишланган. Файласуф олим 1978 йил номзодлик, 1997 йил докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Термиз давлат университетида узоқ йиллар фалсафа кафедраси мудири ўринбосари бўлиб ишлади. Ҳозирги кунда Низомий номидаги ТДПУ Термиз филиали ва Тер ДУ профессори лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Олий таълимда умумтаълим фанлари бўйича тингловчиларнинг малакасини ошириш ва тарбиялашда олимнинг алоҳида ҳиссаси бор. Воҳанинг қаерига борманг, унинг шогирдларига дуч келасиз.

Домла сўнгги йиллардаги илмий ва тарбиявий фаолиятини мустақиллик даври ва таълим тизимидаги янгиланишлар билан боғлади. Шогирдларига мустақиллик инсондан амалий ҳаракатлар талаб этишини қайта-қайта уқтиради. Ёш авлодни мантиқан фикрлаб яшашга, онг ва тафаккур орқали кун кўришга даъват этади, уларни соғлом ва мустақил фикрли, кенг тафаккурли, баркамол инсон қилиб тарбиялашга бор билими, кучини сарфлайди.

 Эркин ака серқирра олим, фидойи ва меҳнаткаш мураббийдир. Кейинги йилларда ўз фаолиятини истиқлол ғояларини ёшлар онгига сингдириш, шу асосда уларга таълим-тарбия беришга қаратмокда. Талабаларга “Фалсафа”, “Диншунослик” ва “Миллий истиқлол ғояси: Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ” курслари бўйича маърузалар ўқийди. Маърузаларида фалсафий қарашларнинг туб моҳияти ва улардаги ўзгаришларни чуқур очиб беришга интилади.

 Домла фалсафани инсоншунослик фани деб атайди. Дарҳақиқат, фалсафани инсоният яратади. Олимнинг салоҳияти ижтимоий фаолликда кўринади. Эркин Бобомуродов илм-фан ва ижтимоий ҳаёт янгиликларининг фидойи ва ишчан тарғиботчиси. У таълимни амалиёт ва ташвиқот билан қўшиб олиб боради. Аудиторияда ҳам, талабалар даврасида ҳам, омма орасида ҳам истиқлол ғоясининг ҳақиқий тарғиботчиси, бу соҳада ёшлар мураббийсидир. Тарғибот ва ташвиқот ишларида фалсафа фанининг жозибали таъсир кучи бор. Тарғиботчи олим бундан унумли фойдаланишга, яъни тарғиботда руҳий жўшқинлик билан воизлик маҳоратини қўшиб боришга интилади ва бу соҳада кўпларга ўрнак бўлмоқда.

Файласуфнинг нотиқлик маҳоратини алоҳида таъкидлаш керак. Агар эътибор берилса, олимнинг фақат олий таълим билан боғлиқ фаолиятининг ўзи 50 йилга яқинлашибди. Шундан 5 йили кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультети деканлигига тўғри келади. Тингловчилар ва талабалар унинг маърузаларини мароқ билан тинглайдилар. Чунки Эр­кин Бобомуродов нотиқлик санъатини мукаммал эгаллаган.

 Домланинг педагог олимлар тайёрлаш борасидаги хизматлари таҳсинга сазовор. Таъбир жоиз бўлса, Эркин Бобомуродов тимсолида адолатпарвар, ҳақиқатгўй, қалби пок олимни кўрамиз. У таълим тизимидаги ислоҳий ўзгаришлар ҳақида тўхталар экан, эндиликда тарбиячи-мураббий ва тарбияланувчи-шогирд ўртасида бўладиган ўзаро муносабат инсонпарварлик асосида қурилиши лозим, дейди. Одамлардаги самимийликни қадрлайди.

Эркин Бобомуродовнинг 6 нафар фарзанди ўқитувчилик касбини танлаган, 1 нафари ота изидан бориб, фан номзоди бўлди, 2 нафари илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаяпти. Кенжа фар­занди эса Тошкент техника университети аспирантурасини тамомлаган. Ҳозирги кунда молия вазирлигида илмий-тадқиқот ишини ниҳоясига етказиш арафасида. Домланинг оилапарварлиги, камтарин фазилатлари маънавий қиёфасини кўрсатиб туради. Талабаларнинг устозга ҳавас билан қарашлари ҳам аслида унинг инсоний хислатларга бойлигидандир.

Домланинг 4 та монографияси, 3 та рисоласи, 220 дан ортиқ ил­мий мақоласи маънавиятимиз ривожига хизмат қилмоқда. Унинг илм-фан ва таълим-тарбия соҳасидаги хизматлари фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Энг яхшиси шогирдларнинг “Муҳтарам устоз”, дея ҳурмат бажо келтириши ва эл-юрт эҳтиромидир. Файласуф олимнинг Ватанимиз ва миллатимиз равнақи йўлидаги хайрли ишларига омад тилаб, қутлуғ 75 ёшингиз муборак бўлсин, сизни ҳеч қачон оилавий бахт, илҳом, ижод ва соғлик тарк этмасин деймиз, илмий-педагогик фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.

БОЛТА ЁРИЕВ,

Низомий номидаги ТДПУ Термиз филиали

кафедра мудири, филология фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE