Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Меҳнатдан келгани – туйгулик

Меҳнатдан келгани – туйгулик

Бугун қизириқликлар ҳам томорқалардан унумли фойдаланиш ишига ўзгача ташаббус билан ёндашмоқдалар. Қандай дейсизми? Улар ўрмон хўжалигига қарашли қаровсиз ерларни мўл ҳосил берадиган экин майдонларига айлантиришмоқда.

Хусусан, “Тинчлик” маҳалласида мавжуд ўрмон хўжалигига қарашли 2 гектар ер майдони қарийб 30 йилдан буён қаровсиз эди. Янтоқзор, қамишзорга айланган қўриқ ер туман ҳокимининг қарори билан деҳқон хўжалигига айлантирилди.

— Мазкур 2 га ер майдонини шу ерлик аҳолига 6-7 сотихдан кадастр ҳужжатлари билан бирга бўлиб бердик, — дейди Қизириқ туман ҳокими ўринбосари Абдуҳамид Кенжаев. — Улар бу ерларни обод қилишиб, ишлов беришди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиб, даромад олишмоқда. Ҳатто, уларга “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури асосида имтиёзли фоизларда кредит олишларига ҳам кўмаклашдик.

“Тинчлик” маҳалласида бугун 462 та хонадон истиқомат қилади. Уларнинг 30 тасига паррандачилик, қорамол ва иссиқхоналар учун кредитлар ажратилган. Мисол учун, шу маҳаллада яшовчи Фарҳод Тўраев ҳам 50 миллион сўм миқдорида кредит олиб, туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 6 сотих ер-майдонига иссиқхона қурди.

— Иссиқхонани қуриб битказишда таъминотчи корхоналар ёрдам беришди, дейди турмуш ўртоғи Тўхтахон Тўраева. — Иссиқхонага бодринг экиб, шу кунгача 50 миллиондан кўп даромад олдик. Маҳсулотларни ички бозорга чиқариш учун “Дамас” русумли автомашина ҳам сотиб олдик. Ҳали ҳосил мўл. Уларни ҳам ички бозорда харидорларига топширишда давом этаяпмиз. Томорқамизда етиштирган ҳосилимизни йилдан йилга ошириб боришни мақсад қилганмиз.

Шу хонадонга қўшни Абдулла Марқаевга ҳам ўзининг 15 сотих томорқасига қўшимча равишда яна 6 сотих жой берилган. Бу йил улар, дастлаб, кашнич, шивит, кўк пиёз экишиб, 13,5 миллион сўм даромад кўришди. Кўкатларни ўриб олгач, рўзғор учун қовун, булғор қалампири, ловия, ошқовоқ каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғларини ерга қадашди. Томорқа четларига эса узум кўчатлари ҳам ўтқазилган.

— Албатта, ердан ҳосил олишнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор, — дейди шу маҳалла фуқароси Аваз Абдуллаев. – Биргина иссиқхонада экин экиб, яхши ҳосил олиш учун тинимсиз меҳнат, кўчатларга алоҳида меҳр ва эътибор қаратиш лозим. Сал эътибордан қолдими, уларга зарар етиши ҳеч гап эмас. Зараркунандаларга қарши препаратларни, озиқ моддаларни эса вақтида бериш лозим. Бу йил мен ҳам иссиқхона қуриб, булғор қалампири етиштирдим. Ҳосил яхши. Айтишларича, мен эккан булғор қалампирининг навидан икки йилгача ҳосил олиш мумкин экан. Ҳар ҳолда, меҳнат қилсак, унинг самарасини ҳам албатта, кўришимиз мумкинлигига яна бир бор амин бўлдик.

Яна бир хайрли ташаббус. Қизириқда 16 минг гектар ер майдонига ғалла экилган. Айни пайтда ғалладан бўшаган ерлар шудгор қилиниб, фермер хўжаликлари томонидан кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларга фойдаланиш учун берилмоқда.

— 53 гектар ерим бор, — дейди “Олимжон Абулқосимович” фермер хўжалиги раиси Олим Менглиев. – Туман ҳокимлиги ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 16 та кам таъминланган оила ҳамда 6 нафар ишсиз ёш бириктирилди. Уларга эҳтиёжига қараб, ер ажратиб, шудгор қилиб берамиз. У ерда ўзлари хоҳлаган экинни экиб, ўзлари ва оиласи учун қўшимча даромад топишлари мумкин.

Бундай хайрли ташаббус эҳтиёжманд оилалар учун ҳам айни муддао бўлди. Энди уларга меҳнат қилиб, қўшимча даромад топишларига имкон яратилди. Тўғрида, бировнинг қўлига қараб, “Берсанг, ейман, урсанг, ўламан” деб ётгандан кўра, ғайрат қилган ютади. Ахир, меҳнадан келган тўйгулик-да!

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Икки туман ғаллакорлари зафари

Вилоятимиз бепоён ғаллазорларида ўрим-йиғим тобора авж олмоқда. “Ғалла штаби”га ҳар куни давлат шартнома режасини бажарган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan