Бош саҳифа / Жамият / Меҳнатдан бахт топган шифокор

Меҳнатдан бахт топган шифокор

Ҳар қайси инсон эл орасида меҳнати билан, одамларга қилган яхшилигию эзгу ишлари билан танилади. Саид Тўрабоевни Қизириқ, Бандихон ва Қумқўрғонда кўпчилик яхши танийди ва қўли енгил шифокор сифатида ҳурмат қилади.

Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультетида академиклар Ў.Орипов, А. Зуфаров, профессор А. Раҳимжоновлардан сабоқ олиб, камолга етган Саид Тўрабоев 1972 йил олийгоҳни битиргач, 1-вилоят шифохонасида интернатурани ўтади. Ёш шифокор вилоят миқёсидаги касалхонада узоқ йиллар ишлаб, тажриба орттирмоқчи эди. Аммо уни 1973 йили Ленин йўли (ҳозирги Қизириқ) туманидаги марказий шифохонага ишга юборишди. Чунки чўл ҳудудида янги очилган шифохонада врачлар етишмас, аҳоли сони эса кўпайиб бораётганди.

Саид Тўрабоев ва у билан бирга ишлаган врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари ўша пайтда кенг тарқалган юқумли касалликларни камайтириш учун бор билим ва маҳоратларини ишга солишди. Ўша кезлар шифохоналарда ҳозиргидек бир марта ишлатиладиган шприцлар, УЗИ, эндоскопия, эхография, доплер, МРТ каби аппаратлар йўқ, оддий қон таҳлилини ўтказиш учун ҳам марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлинарди. Шунга қарамай, шифокорлар одамлар соғлигини тиклаш учун виждонан ишлашарди. Марказий шифохона юқумли касалликлар бўлимида олти йил раҳбар бўлган Саид Тўрабоев ўзининг билимдонлиги, ширинсўзлиги, касбига садоқати туфайли эл орасида катта обрў қозонди, етук шифокор сифатида танилди.

Билимдон мутахассис бурчини виждонан адо этишга ҳаракат қилди. Тажрибали врачни излаб борувчилар кўп бўлди.Қўли енгил врач сифатида танилган Саид Тўрабоевни Бандихондаги қишлоқ врачлик амбулаториясига бош шифокорлик вазифасига тавсия қилишганда, ўксинмади, “шунга лойиқ кўрган бўлсаларинг, боравераман” деб, ўрганган жамоаси билан хайрлашди-да, қишлоқ врачлик амбулаториясига ўтди. Бу жойда ҳам 2 йил ҳалол ишлади, кўп беморларнинг дардини аритди, одамларнинг меҳрига сазовор бўлди. Сўнгра “Янгиобод” қишлоқ врачлик амбулаториясида бош шифокор бўлиб, етти йил ишлади.

Одамлардан шикоят тушган эмас, аммо вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг буйруғи билан уни Қумқўрғон туманидаги “Пахтакор” совхози марказидаги қишлоқ участка шифохонасига бош врачликка тайинлашди. 1992 йил Бандихон тумани ташкил этилгач, туман марказий шифохонаси тасарруфидаги поликлиникага мудир бўлди.

Янги туманда соғлиқни сақлаш соҳасида кўп муаммоларни ҳал этиш керак эди.Тиббиёт тизимини бошқа туманлар даражасига кўтариш учун туб бурилишларни амалга ошириш талаб этиларди. Аҳоли хонадонларида бўлиб, касалликларни аниқлаш, беморларни изчил даволаш анча изга тушди. Аммо туман марказий шифохонасига бош врач бўлиб келганлар икки-уч ой ишлагач, ҳар хил сабабларга кўра алмашарди. Раҳбарлар сабр-бардошли, тажрибали Саид Тўрабоевни туман тиббиёт бирлашмаси бош врачлигига муносиб кўришди. Туман аҳолисини соғломлаштириш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар ўлими ҳамда юқумли касалликларни камайтириш, қишлоқларда янги тиббиёт масканлари очиш ва уларни мутахассис кадрлар билан таъминлаш борасида Саид Тўрабоев тиниб-тинчимади. Бир сўз билан айтганда, Бандихон туманининг тиббиёт соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилиш, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш учун елиб-югуриш охир-оқибат ишчан шифокорни ҳам чарчатди, соғлиғи ёмонлашди. Шунинг учун ўз хоҳиши билан ариза ёзди.

Етук шифокор, тажрибали терапевтни вилоят тиббиёт меҳнат экспертиза комиссиясига (ТМЭК) ишга таклиф этишди. Бу жойда уч йил ишлади. Сўнгра ўз вазифасини виждонан адо этган Саид Тўрабоевга ишонч билдиришиб, 2002 йил 9Қумқўрғон туманлараро ТМЭКга раҳбарликка тайинлашди. Бу вазифада у 10 йилдан кўпроқ фаолият кўрсатди.

Вақтни оқар дарёга менгзашади. Гўёки кечагина институтни битирган навқирон йигит бугун 70 ёшни қаршиламоқда. Кексалик гаштини сураётган Саид Тўрабоев умрининг асосий қисмини халқ соғлиги йўлига бағишлаганидан, эл обрўсини қозонганидан фахр билан яшамоқда. Кекса шифокор бугун тиббиёт соҳасида қилинаётган улкан ўзгаришлардан қувончда. Одобли, ўқимишли, турли вазифаларда ишлаётган 7 нафар фарзанди эса ота-онаси атрофида парвона.

Самижон ЖИЯНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan