Медиация – ҳам вақтни, ҳам нақдни тежайди

0
42

Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатлар ривожланиб борар экан, улар ўртасида турли низолар вужудга келиши турган гап. Амалиёт ҳам оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқаётган низоли ҳолатлар кам эмаслигини кўрсатмоқда.

Бу каби низолашаётган тарафлар масаланинг ечимини топиш мақсадида судга мурожаат қилишларига тўғри келади.

Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация-яраштирув процедураси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда ҳам “Медиация тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши жамият ҳаётининг яна бир соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган бўлди. Воситачилик маъносини англатувчи медиация келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида, ҳолис бўлган шахс, яъни медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.

Бугунги кунда юртимизда медиацияга ўхшаш яраштирув процедуралари турли низоларни ҳал этишда қўлланилиб келинади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан низолашаётган тарафларни, хусусан, қўшнилар ўртасидаги оилавий низоларда яраштириш фаолиятини ҳам медиация намоёни сифатида кўриш мумкин. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, якка меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатларда келиб чиқадиган низоларда медиацияни қўллаш белгиланди. Шу билан бирга, медиация жараёнида тарафларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Медиация тартиб-таомилларини амалга оширишда медиаторнинг холислиги таъминланиши ҳам низони ҳал қилиш жараёнига ўз таъсирини ўтказади.

Шу маънода медиация вақт, маблағни тежаб, ортиқча оворагарчиликнинг олдини олади.

Ш. ТОШМАТОВ
Термиз ҳарбий прокурори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг