Бош саҳифа / Жамият / Меҳрнинг ранги

Меҳрнинг ранги

МЕҲРИБОНЛИК УЙИНИНГ 90 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

Бориб кўрганлар билади — “Меҳрибонлик уйи”да ҳаёт бошқача. Ота-онасидан айрилган ёки улардан олисда яшаётган болалардан тузилган катта “оила”да бизга бегона қонуният ҳукм суради. Мурғаклигиданоқ ҳаётнинг бешафқат зарбасига дуч келган, шу боисданми, улкан ҳақиқатларни эрта илғаган болаларнинг кўзига тик қарай олиш учун ҳам кишига қанчалик сабот керак…

Термиз шаҳридаги 12-сонли “Меҳрибонлик уйи” ташкил топганига тўқсон йил тўлди. Салкам бир аср. Бу давр мобайнида у қанчалаб ҳимояга муҳтож болаларни ўз бағрига олди, уларни улғайтириб, мустақил ҳаёт сари йўллади.

Ҳозирда мазкур “Меҳрибонлик уйи”да 74 нафар бола тарбияланмоқда. Уларнинг моддий таъминот жиҳатидан кам-кўсти йўқ. Ҳатто муассаса ходимлари кўпгина ота-оналардан ҳам яхшироқ меҳр кўрсатишади. Лекин болалар меҳрнинг “ранги”ни билади, шунинг учун ҳам кўнгли бошқа “ранг”даги меҳрни истайди. Улар учун ота-она дийдори, биргаликдаги ҳаёт орзу ва армондир… Келинг, яхшиси бу масканга бўлган сафар тафсилотлари, болажонлар билан дилдан қилинган суҳбатлар таассуротлари ҳақида ўртоқлашсам.

“Меҳрибонлик уйи” директори Дилбар Сувонова менга ҳамроҳлик қилади, йўл-йўлакай қилинган ишлар, муҳим янгиликлар ҳақида ҳам маълумотлар беради.

— Бу йил жуда қувончли келди. Яқин йиллар ичида шу ерда тарбияланиб, мустақил ҳаётга қадам қўйган 46 нафар яшашга жойи бўлмаган йигит-қизлар вилоят ҳокимлиги томонидан уй-жой билан таъминланди. Шу пайтгача бизда ҳам, бошқа вилоятларда ҳам бундай ҳолат кузатилмаганди. Энди улар шу уйларда токи ўзларига берилган ерда уй-жой қилиб олгунга қадар яшашади.

— Уй қуриш улар учун осон бўлмаса керак?

— Албатта, уй қуриш осон эмас. Лекин улар иш билан таъминланди. Қолаверса, болалар вояга етганда уларга ҳаётини йўлга қўйиб олиш, тадбиркорлик ё шунга ўхшаш ишларни бошлаб олиш учун давлатимиз томонидан энг кам иш ҳақининг 105 баробари миқдорида маблағ ажратилади. Бу — уларга уй-жой қуриш имконияти ҳам яратилган, дегани.

— Ҳомийлар ҳам кўмак бериб туришадими?

— Саховатли одамларнинг борига шукр! Кунда-кунора катта кичик совға билан йўқлаб келадиганлар бор. Бу йил ҳам суннат тўйлари, никоҳ тўйларини ўтказдик. Айниқса, шу яхши кунларда ҳомийлар катта ёрдам кўрсатишди.

Дилбар опа тўйларда олинган суратларни кўрсатаркан, бир суратга эътиборимни қаратди. Келин-куёв иккиси ҳам “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган экан. Коллежда ўқиб юрганда бир-бирига кўнгил қўйишган. Шу йили ўз хоҳишлари билан тақдир йўлларини боғлашибди. Опа уларнинг бахтидан севиниб сўзида давом этади:

— Бобурбек жуда ақлли, меҳнаткаш йигит. Ҳозир Термиз шаҳар ободонлаштириш бошқармасида ишлаяпти. Нилуфар эса ҳаёли, садоқатли ҳақиқий ўзбек қизи. У шаҳардаги 23-мактабгача таълим муассасасида тарбиячи ёрдамчиси бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Мени бир нарса қувонтиради. Иккаласи ҳам бир хил шароитда вояга етди. Бир-бирини жуда яхши тушунади, бир-бирига суянч, елкадош бўла олади. Турмушнинг тотув бўлишида бунинг аҳамияти катта.

Болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун фанларни чуқур ўзлаштиришларидан ташқари, ҳунар ўрганишларига ҳам жиддий эътибор қаратилар экан. Жумладан, пазандачилик, кулолчилик, тикувчилик, сартарошлик каби тўгараклар фаолияти даврийлик асосида йўлга қўйилган. Тўгарак аъзолари ясаган буюмлар, тикилган ишлардан эса яхшигина кўргазма ҳам ташкил қилинган. Уларни томоша қиларкансиз, болалар қалби, тасаввур дунёси ва албатта, иқтидор қирраларини илғаб олиш қийин эмас.

Билим олишга иштиёқманд болаларга тарбиячилар кечки пайтда ҳам сабоқ беришар экан. Тарбиячи Дилноза Сатторова бир хонада атрофига қизларни жам қилиб биология фанидан машғулот ўтаётган бўлса, тарбиячи Шерзод Суюнов эса бир неча болага математикани ўргатиш билан банд. Айланиб юриб кичик ёшдаги болалар жамланган гуруҳга ўтдик. Уларнинг “онажон” дея Дилбар опага талпинишганини кўриб, мутаассир бўлдим. У киши болаларнинг ҳар бирини бағрига босиб, айни пайтдаги аҳволи, кайфияти билан қизиқди. Мен ҳам болалар билан танишиб олдим.

Давра қуриб турган болалардан энг ёши каттаси Ҳожиакбар экан. 4-синфда ўқиркан. Муҳаммад Юсуфнинг 50 дан ортиқ шеърларини ёд айтиб, шоирнинг умр йўлдоши Назира ас-Саломни ҳам қойил қилган, олқишини олган экан. Ундан нега айнан Муҳаммад Юсуф шеърларини яхши кўриши ҳақида сўрадим. У эса:

— Ватан ҳақидаги шеърлари жуда ёқади, — деди.

— Ватан нима ўзи?

— Шу… атрофимиздаги ҳамма нарса Ватан.

— Тўғри айтасиз, — дедим, — ҳамма нарса — Ватан. Ватан эса ҳамма нарсамиз. Усиз ҳеч нарсасиз бўлиб қоламиз!

Бир бурчакда қорачадан келган, жуссаси ҳам жуда кичик бола қўлида титилиб кетган китобни ушлаб, ийманибгина жим турарди. Исми Диёрбек экан. Бу йил мактабга чиқибди. Мактабга чиқмасдан аввал лотин ва крилл алифбосида ўқиш-ёзишни ўрганиб олган экан. Диёрбекнинг қўлидаги китобни олиб кўрдим. “Уйғур халқ эртаклари” экан.

— Кутубхонада янги китоб лар кўп-ку! Нега буни ўқияпсиз?

— Буни мени кўргани келганда онам олиб келган…

Кўнглим бузилди. Сездирмасликка уриниб, савол беришда давом этдим:

— Қайси эртак ёқди сизга?

— “Нодон вазир”.

— Нимаси ёқди?

— Подшоҳ унга ишонади. У эса подшоҳни алдайди. Қийналиб, саройга арз қилиб келган одамларни подшоҳнинг олдига киритмайди. Ўзи тахтни эгалламоқчи бўлиб, подшоҳни ўлдиришга ҳаракат қилади…

Бу ердаги болалар юқорида айтганимиздек, ҳақиқатнинг кўзига жуда эрта тик қараганиданми, кичик файласуфларга айланиб қолишган. Баъзи кимсалар узоқ умр кечирса ҳам ҳақиқат кўзига тик қараш насиб қилмай ўтади бу дунёдан.

Дилбар опа болаларнинг ёнига келгунимизга қадар шундай сўзларни айтган эди: “Бу ерда ишлаш менга ёқади. Биринчидан, таълимнинг “жинни”симан. Иккинчидан, бу болалар билан оила бағридаги болаларнинг фарқи бор. Буларнинг ҳар бири бир асар. Ўтган йили меҳрибон онажонимдан айрилиб қолдим. Ҳеч чидолмайман денг. Шунда ҳовуримни босиш учун онаси вафот этган болалар билан гаплашдим. Болаларга бош бўладиган ақлли, фаросатли Шуҳратдан сўрадим:

— Шуҳратжон, онанг йўқлигига қандай чидайсан-а?

У юзимга қарамай, кулимсирабгина жавоб қилди:

— Э, онажон, жуда ношукур экансиз. Қирқ саккиз йил онангизнинг бағрида бўлдингиз: қучоқладингиз, ҳидладингиз, олдиларида ётдингиз, ёнида юрдингиз. Мен она кимлигини билмайман. Фақат сизларнинг сиймонгизда она қандай бўлишини тасаввур қиламан. Ношукур бўлманг, онажон. Қолаверса, эрта сиз ҳам ўласиз, мен ҳам ўламан. Бу табиат қонуни. Реал қараш керак бунга.

Шундан сўнг, ўзимга ўзим айтдим: “Э, Дилбар, шунча синовлардан ўтган бўлсанг ҳам ҳаётни билмас экансан”.

Кейин биз Шуҳрат билан ҳам танишдик. Хонасига кирганимизда у Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моддаларини ёдлаб ўтирарди. Сўрасам, келажакда ҳуқуқшунос бўлмоқчилигини айтди. Шуҳрат фанларни яхши ўзлаштиришидан ташқари, спортнинг каратэ тури билан шуғулланиб, кўпгина мусобақаларда ғалабага эришган экан. 2017 йилда эса Ўзбекистон чемпиони бўлибди.

Болалар хонасидан узоқлашарканмиз, ортимиздан бир бола югуриб чиқди ва остонада тўхтаб, опани чақирди:

— Дилбар она!.. Яна қачон гаплаштирасиз?!

Директор қайсидир кунни айтди. Биз йўлда давом этдик. Бола ортимиздан термулиб қолди. Шунда опа бу мавҳум сўзлашув боисини тушунтирди. Боланинг онаси қамоқда экан. Бир кун олдин онаси билан телефонда гаплаштирган экан. Ҳозир эса бола сезганингиздек яна гаплаштиришини ўртаниб сўрарди. Воҳ!.. Воҳ-эй!!!

Йўлак бўйлаб кетарканмиз, машҳур рассом Рўзи Чориев бурчагига дуч келдик. Рассом ҳам айни шу “Меҳрибонлик уйи”да тарбия топгани учун эҳтиром ва фахр рамзи сифатида бурчак ташкил қилинган экан.

“Меҳрибонлик уйи”дан қайтарканман, ҳар бир боланинг нигоҳини эслаб қолдим. Улар аллақандай маъюс, ўйчан, лекин жуда ёруғ! Тақдир бу болаларга йўқотишлари ўрнини боса оладиган туҳфаларни атаб қўйганмикан?..

Сирожиддин ИБРОҲИМ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Разрабатывается новый Трудовой кодекс

Разрабатываемый Трудовой кодекс в новой редакции станет гибким и ориентированным на интересы бизнеса, сообщил в …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan